ЭЪЗОЗ, ЭҲТИРОМ ВА ЭЪТИРОФ

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши” қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимизда 9 — май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунинг-
дек Иккинчи жаҳон урушида халок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга хисса қўшаётган фахрийларни эъзоз-
лаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчиларини ва ногиронларини 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида бир-йўла пул билан моддий рағбатлантириш кўзда тутилган эди.

Шунингдек, Фармонда давлат идоралари, ҳокимликлар томонидан пул мукофотларини топшириш маросимлари тантанали ва байрамона вазиятда ўтказилиши алоҳида таъкидланган.

Шаҳримизда хозирги кунда истиқомат қилаётган тўққиз нафар Иккин жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари, ҳокимлик, давлат муассасалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, вакиллари, коллеж ва мактаб ўқувчилари иштирокида, санъаткорлар куй-қўшиқлари остида катта тантана, шукуҳли байрам руҳи остида топширилди.

Шаҳримизнинг, Навоий маҳалла фуқаролар йиғини «Нафосат» кўчасида истиқомат қилувчи 97 ёшли уруш қатнашчиси Жамол ота Жалилов хонадонига вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев ташриф буюрди ва Президентимизнинг Фармонида кўзда тутилган беш миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғани тантанали равишда топширди.

Вилоят раҳбари отахонга уруш жангоҳларида босқинчиларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини кўрсатганлиги, олис юртларда ҳам халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номуси, тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилиб курашганликлари учун миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида отахон қўлини дуога очиб, кўрсатилаётган иззат-икром, эъзоз ва эҳтиром, катта эътибор учун биринчи навбатда Юртбошимизга, ҳукуматимизга, вилоят ва шаҳар ҳокимликларига катта миннатдорчилик изҳор қилди.

Шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев эса «Бахрин» маҳалла фуқаролар йиғини «Мустақиллик» кўчасида умргузаронлик қилаётган Дадабой ота Аҳмадалиев хонадонида бўлиб, Президентимиз томонидан тақдим этилган пул мукофотини топширди.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги энг даҳшатли ва қирғинбарот урушда мислсиз жасорат кўрсатган «Галатой» маҳаллалик 101 ёшни қарши олган Зокир ота Ғофуров, Имом Бухорий маҳалласида яшовчи Абдуҳамид Солиев, «Милтиқсоз» маҳаллалик Мухтор ота Ўринбоев, Навоий маҳалласидан Кенжабой Аҳмедов, Надирмат МФЙдан Акрам ота Ҳакимов, Йўрмадўзлик Абдусамад ота Ғуломов ҳамда Ленинград қамали иштирокчиси Нина Иванова хонадонларида ҳокимлик, идора ва ташкилотлар вакиллари бўлиб, пул мукофотлари ва совғаларини топширдилар.

 Ўз мухбиримиз.

А.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube