ИНТЕРНЕТ ИСКАНЖАСИДАГИ “САЙР”

2013 йилнинг охирларида ишлаб пул топиш мақсадида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига борган Бегзод Азимов, шахсий телефон аппарати ёрдамида интернет жахон ахборот тармоғидан фойдаланиб, “odnoklаssniki.ru” ижтимоий сайтида “Бегзод Азимов” номли профил очади. Сўнгра ушбу профил орқали “youtube.com” сайтига кириб, ИШИД қўпорувчилик ҳаракати таркибида фаолият олиб бораётган, “Тавхид ва жиход катибаси” диний террористик уюшманинг қилмишлари, “қўмондон” Абу Салоҳнинг “Катта жиҳод ва кичик жиҳод”, “Жиҳод фиқхи” каби диний мазмундаги, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитади. Бундан ташқари у аёл мужоҳидларни саф машқлари ва жиҳодга даъват этгувчи чақириқлари акс этган видеолавхаларни кўриб, уларга ҳайрихоҳлигини билдирувчи белги қўяди. Интернет исканжасида бемаъни сайр қилаётган йигитнинг саргузаштлари шу билан ниҳояланмайди, аксинча ақидапарастларнинг бузғунчи ғояларини тарғиб қилувчи кўрсатувларни танишлари Н.Рустамова ва яна бошқаларга ҳам намойиш қилади…

Суд-адабиётшунослик экспертизасининг хулосасига кўра, Б.Азимовнинг ҳалқаро интернет тармоғидаги “Бегзод Азимов” номли профилидан олинган маълуотлар Ўзбекистон Республикаси худудида тақиқланган диний ғояларни тарғиб қилиши, шунингдек амалдаги давлат тузимини ўзгартиришга хизмат қилиши ҳамда мамлакатимиз жамоат хавфсизлигига тахдид соладиган, диний экстеремизм, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, ИШИД таркибида фаолият олиб бораётган “Тавхид ва жиход катибаси” диний террористик уюшманинг олдига қўйган мақсад ва вазифаларини амалга оширишда жиход усулидан фойдаланиш ҳақидаги манбалар ёритилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Судланувчи судда айбига иқрор бўлиб, ўзи Марғилон шаҳридаги болалар уйида вояга етганини, 2007 йилда Н.Назарова билан танишиб, у билан бирга оила қурганини, фарзандли бўлгач эса ишлаб пул топиш учун Россия Федерациясига борганини,“odnoklаssniki.ru” сайтида интернетдаги “дўстлари” билан мулоқот қилиб туришини, ундаги видеороликлар ва расмларни кузатиб боришини, жангарилар тасвирланган бир нечта суратларни ва видеороликларни кўрганини, лекин уларнинг ҳаракатларига ҳайрихоҳ бўлмаганлигини, видеороликларни ва расмларни бошқа бировларга тарқатиш ёки намойиш қилиш мақсади бўлмаганлигини, ўзи етимликда, болалар уйида катта бўлганини айтиб енгиллик беришларини сўради.

Суд, Б.Азимовнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, ўзининг “odnoklаssniki.ru” сайтидаги профили орқали қирғин солишга, аҳоли орасида ваҳима чиқариш, фуқароларнинг тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган ҳулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қил- мишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланганлигини, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ва рамзий белгиларини намойиш этишда ифодаланган жиноий ҳаракатларини тўғри квалификация қилиб, унга жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини инобатга олиб ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.

Азимов Бегзоджон Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2441-моддаси 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақидан йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Интернетнинг ўргимчак тўри исканжасига тушиб қолиб, унда ўралашиб қолган виртуал олам “қаҳрамон”ини қонун посбонлари тўғри йўлга олиб чиқдилар…

Одилжон ИСМОИЛОВ,

 Жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг судьяси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube