“FASHION DAY” – ЗАМОНАВИЙ МОДАЛАР НАМОЙИШИ

Шаҳримиздаги “Ёдгорлик” мажмуаси ҳар кунгидан гавжум. Чор атрофи турли хил товланувчи камалакмонанд атласу адраслар билан безатилган, ипак , шойи каби миллий матоларимиздан турли хил услуб ва ўлчамларда моҳир чеварларимиз томонидан хушбичим ва кўркам қилиб тикилган навқирон йигитлару лобар қизларнинг мафтункор либослари кўргазмалари модалар байрамининг, яъни “FASHION DAY” – ёшлар модалар шоу фестивалининг нечоғли шукуҳли ўтаётганидан дарак беради.

Шўх мусиқа садолари остида меҳмонларни қарши олаётган “Ёдгорлик”нинг ҳовли саҳни бир зумда чет эллик сайёҳлару, маҳаллий меҳмонларимиз билан тўлди. Анжуманни “Ёдгорлик” МЧЖнинг раҳбари Аъзамхон Абдуллаев кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни шодиёна билан қутлади.

— Марғилон асл ҳунармандлар шаҳри. Аждодларимиздан мерос тўқимачилик услублари худди шу заминда асл ҳолича сақланиб қолган. Ёш ижодкор модельерлар томонидан тайёрланган модалар намойишида ҳам миллий матоларга замонавий тус берилган. Миллийлик ва замонавийликнинг ўзаро мутаносиб уйғунлиги асосида ажабтовур гўзаллик яратилган, — деди мамнуният билан Республика ипак саноати уюшмаси раиси ўринбосари Олимжон Жумаев.

— Мен ўз либосларимни яратишда ўзбекона миллий матоларимиздан кенг фойдаландим. Қизлар ва кичкинтой болакайларнинг кўйлакларига нафақат тўй-ҳашамларда балки, кундалик оддий кунлар, бундан ташқари, иш вақтларида кийиши учун ҳам қулайлик ва бежирим кўриниш бердим, — деди ҳаяжон ила ёш дизайнер Мадина Юрсиналиева. — Томошабинлар мен яратган либосларни жуда илиқлик ва қизиқиш билан қарши олдилар. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Келгусида бундан-да чиройли ва сифатли либослар яратаман. Мақсадим менинг либосларим нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам аёллар томонидан севиб кийилишини ҳохлайман.

— Мен бугунги ёшлар модалар шоу фестивалига Америка Қўшма Штатларидан ташриф буюрдим. Тўғрисини айтсам, бугун жуда бахтиёрман. Айниқса, миллий матоларингизнинг экологик мусаффолиги менга жуда ёқди, — деди Myrna Elliott. У инсон саломатлиги учун жуда фойдали экан. Дугонам Adrienne Halpert ҳам шу фикрда. Биз бу миллий либосларингизни ўз юртимизга олиб бориб, ёшларимизга тарғиб этмоқчимиз. Бир сўз билан айтганда, мамлакатингиз ҳам, унинг ширинсухан одамлари ҳам, айниқса иқтидорли ёшлари бизда катта таассурот қолдирди. Биз яна юртингизга келиш ниятдамиз.

Тантана давомида Шаҳноза Мусахонова, Дилрабо Қобулова, Ирода Ҳасанова ҳамда Муштарий Мавлонова каби йигирмадан зиёд ёш дизайнерлар тиккан либослар намойиш этилиб, томашабинлар уларни қарсаклар билан қарши олдилар. Тадбирда фаол иштирок этган дизайнерлар “Ёдгорлик” МЧЖ ҳамда ЎзЛиДеП шаҳар кенгашининг сертификати билан тақдирландилар.

Шу куни ЎзЛиДеП шаҳар кенгашининг ташаббуси билан “Ёдгорлик” МЧЖда “Ёш дизайнерлар” тўгараги ўз фаолиятини бошлади. Келгусида бу тўгаракда юзлаб ёш истеъдодли дизайнерлар камол топиб, миллий матоларимиз шуҳратини оламга ёйишига шак-шубҳа йўқ.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube