БАХТ БАРКАМОЛ ОИЛАДА

БАХТ БАРКАМОЛ ОИЛАДА

ёки яна тўйларимиз ҳақида ўйларимиз

Тўй! Миллатимизнинг асрлардан-асрларга, даврлардан-даврларга ўтиб келаётган азалий қадриятларидан бири. Халқимиз бу сўзни тилга олиши билан қалби ҳаяжондан энтикади. Дарҳол кўз олдида бахтли келин-куёв, опа-сингилдек меҳрибон қуда-андалар гавдаланади. Келинчак ҳам бир олам орзулар билан янги оила остонасига қадам қўяди.

Таассуфлар бўлсинким, орзулар уммонида учиб юрган айрим қайноналар  ҳам тўйдан кейин ўзгариб қолади. Қўшнимизнинг келинига бирам чиройли сават келибди, оҳ ичидаги саруполарини айтмайсизми, дея қўшниникига онаси  томонидан олиб келинган таомлару матоҳларни “берилиб” мақташни бошлайди. Кечагина остона  ҳатлаб, тилло уйга  бахтини излаб келган келинчак хомуш тортиб, онам саватни қайнонамнинг кўнглидагидек қилолмапти-да дейди ва ҳижолат чека бошлайди. Мулзам бўлиб қолган келинчагини кўриб, ҳам қайнона сўзларидан уялиш ўрнига баттар авжига чиқади.

Гоҳида бу бир оддий кичик можаро келгусида навниҳол оиланинг дарз кетишига сабабчи  бўлиши мумкинлигини эса ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Наҳотки,  йиллар давомида бировникидан келадиган таомга кўз тикмаган қайнона, тўйдан сўнг шу келинникидан келадиган бир жом ошу бир  кийимлик матога қараб қолган бўлса. Келин ҳам одам, ахир унинг қадри аллақандай бемаъни  “ҳавас”лар билан ўлчанмаслиги керак-ку!

Ачинарлиси, айрим аёлларимиз анчайин латтапараст бўлиб қолганлар.  Оилада эркакнинг ўрни бор, сўзи кесадиган бўлса, аёлларнинг латта-путта ҳақидаги бўлмағур тортишувлари тугул ҳатто уларнинг овози ҳам чиқмайди. Аёл  ҳали оилага кўникмаган келинчакни камситгани ҳеч бўлмаса ўз эридан чўчийди. Келин ҳам кимнингдир азиз дилбанди. Уни 18-20 ёшга киргизиб, улғайтириб, сеп-сидирғаси билан сизга топширибди-ю ношукурлик қилиб, бўлар-бўлмасга нолийвериш ҳатто мусулмончиликка, ўзбекчиликка ҳам мутлақо тўғри келмайди. Эркакларимиз ҳам бу ҳақида бир мушоҳада қилиб кўришса яхши бўларди.

Тўйни ихчам қилиб ўтказсак, ортиқча дабдаба-ю васвасага берилмасак, ўзимизга кони фойда-ку. Тўйдан кейин дардимни кимга айтай деб бошни чангаллаб ўтирмаймиз. Данғиллатиб тўй бериб, қулоғигача қарзга ботган, оилавий мажоралари асло тўхтамайдиган оилаларни учратяпмиз. Ҳой инсон,  ахир имкониятинг йўқ экан, ихчамроқ тўй қилсанг ҳам бўлар эди-ку, десангиз, фалончи фалондақа тўй қилди, мен ҳам ундан қоламанми, деб қўйишади нодонларча. Бу оғриқли масаланинг тизгинини нуроний отахонларимиз, кайвони онахонларимиз маҳкам ушлашса айни муддао бўларди.

Тўй хурсандчилик, шодиёна. Икки ёшнинг оила аталмиш муқаддас салтанатда ўз муҳаббат қўрғонларини бунёд этадиган куни. Шу муборак, улуғ кун том маънода  келин-куёвни саодат манзиллари сари чорлайдиган барҳаёт ва баркамол умр йўлларига айлансин.  Арзимаган ўткинчи майда-чуйда нарсаларни деб уларнинг бахтли ҳаётларига ғов бўлмайлик. Ахир чинакам бахт баркамол оила пойдеворини барпо этмоқликдир. Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йиғилишида ҳам гап айнан шу ҳақида борди.

 

Турғунбой НИШОНОВ,

шаҳар “Нуроний” жамғармаси раиси, шаҳар Кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube