ЮКСАК ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК НАМУНАСИ

Куни кеча Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳалар қатори миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш, хусусан ўзбек адабиётининг бугунги тараққиётида 80 йилдан зиёд тарихга эга бўлган, мамлакатимиздаги нуфузли ижодий ташкилотлардан бири ҳисобланадиган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган қарор она Ватанимизда юрт нафаси, истиқлол шукронаси ила ижод қилиб келаётган қаламкашлар қалбини яна бир карра тўлқинлантириб юборди.

Мазкур қарор юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Исмоил Маҳмуд Марғилонийнинг фикр ва мулоҳазалари, дил сўзлари билан ўртоқлашдик.

Ўзбек миллий адабиётида қарийб 50 йилдан зиёд вақт оралиғида қалам тебратиб келаётган устоз ижодкор сифатида Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарор хусусида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

— Дарҳақиқат, юксак эътибор ва эътирофнинг ёрқин намунаси бўлган мазкур қарор барча ижод аҳли қатори менга ҳам беҳад кўтаринки кайфият улашди. Шу билан бир қаторда бундай чексиз ғамхўрлик ва рағбатга муносиб бўлиш, “одобиёт” деб аталмиш нурли ва заҳматли майдонга эндигина қадам қўяётган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, уларни буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялаш йўлида янада чуқур изланиш, меҳнат қилишга ундади.

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг бугунги ва эртанги кунда амалга ошириши лозим бўлган асосий фаолият йўналиш- лари кўрсатиб ўтилган ушбу қарор ўз аҳамияти ва салмоғи жиҳатидан тарихий аҳамиятга эгадир. Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва бозор иқтисодиёти жараёнлари кечаётган бир пайтда ҳаёт эҳтиёжлари ва талабларидан келиб чиқиб ижодкорларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор таҳсинга лойиқ.

Ушбу қарорда таъкид- ланганидек, ижодкорнинг юксак гражданлик позицияси ҳар доимгидан ҳам муҳимдир. Катта истеъдодлар ва тажрибали кекса авлод вакилларининг тажрибасидан ёшларни баҳраманд этиш, ёш талантларни рўёбга чиқариш, уларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион усулларни эгаллаш, дунё адабиётини билиш, ўзбек тилидаги интернет адабиётини ўрганиш каби қарорда таъкидланган муҳим топшириқлар эса биз ижодкорларнинг чин ижодий вазифамиздир.

Қарорда назарда тутилган қайси жиҳатлар Сизни тўлқинлантириб юборди ва бу ғамхўрликлар ижодкорларга қай даражада қулай шарт-шароитлар яратиб бера олади?

Ушбу қарорда китоб савдоси тизимини такомиллаштириш, ижодкорларни уй-жойлар билан таъминлаш, уюшма аъзоларини, жумладан вилоятларда ишлаётган ижодкорларга сифатли ва имтиёзли тиббий хизмат кўрсатиш, уюшмага қарашли ижод уйлари ва ошхоналарни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, “Дўрмон” ижод уйи ҳамда янги бунёд этилаётган “Паркент” ва “Зомин” ижод уйларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фондининг Қорақалпоғистон Респуб- ликаси ва вилоятларда ҳудудий бўлимларини тузиш, ўз ҳудудида яшаётган уюшма аъзолари ҳамда истеъдодли ва истиқболли ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси нашри бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи”, “Звезда востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Амударё” журналлари таҳририятларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш каби қатор ҳаётий муҳим бўлган тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш кўзда тутилганки, улар чиндан ҳам ижодий ютуқларимизга асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорда ижодкорлар фаолиятини рағбатлантириш борасида  белгилаб берилган аниқ мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтсангиз?

Қарорда яна бир муҳим жиҳат борки, у истеъдодли ёшлар ижодини юксалтиришга жуда катта рағбат бўлади. Яъни мамлакатимизда фаолият юритаётган Исоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсуфов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган ижод мактабларининг ўқув-дастурларини такомиллаштириш илмий ва ижодий жиҳатдан шакиллантириш, мазкур мактабларга иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш, кўзга кўринган ёзувчи ва шоирлар томонидан мунтазам ижодий семинарлар олиб бориш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фолиятини кучайтириш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий йўналишдаги билим юртлари, хусусан “Темурбеклар” мактабларида тизимли равишда маънавий маърифий ишларни ташкил этиш, Зулфияхоним қизлар клубларини ташкил этиш, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курсини ташкил этиш каби оламшумул аҳамиятга эга бўлган кўрсатмалар насиб бўлса юртимиздан келажакда жаҳонда танилган адиб ва шоирлар етишиб чиқишига мустаҳкам замин яратади.

Шунингдек Қарорда белгиланган яна бир муҳим йўналиш «Адиблар хиёбони»да мунтазам равишда маънавият дарслари, китоб мутолааси соатлари, ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиш, атоқли ижодкорларга бағишланган экспедициялар уюштириш, исеъдодли ижодкорларга “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш, миллий адабиётимизнинг энг яхши намуналарини аниқлаш, уларни хорижий тилларга таржима этиш, нашр эттириш, ёш таржимонларни тайёрлаш, республика бўйича “Китоб акцияси” тадбирларини мунтазам йўлга қўйиш, «Меҳрибонлик уй»ларига китобларни бепул етказиб бериш, интернет тармоғи орқали миллий адабиётимизни кенг тарғиб этиш каби кенг миқёсдаги ижодий йўналишларни ўзида акс эттирган бу тарихий қарор миллий адабиётимизнинг ривожланишига, маънавий билимларимизни янада юксалишига муносиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Самимий ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube