КЎҲНА ШАҲАРНИНГ САНЪАТ КОШОНАСИ

Марғилоннинг марказий гўшаларидан бири саналмиш Бурҳониддин Марғилоний кўчасида байрамона руҳ мужассам. Йўлнинг ўнг томонида қисқа вақт ичида қад ростлаган муҳташам миллий драма театри санъатсевар, санъатга ошуфта марғилонликлар қалбига бир олам қувонч ва чексиз ифтихор туйғуларини ҳадя этди.

Драма театри сахнига қадам қўйишингиз билан ердан оҳиста бош кўтариб қуёшга талпинаётган сафсар, гулнор, оппоқ, сариқ, пушти гуллар кўнглингизга баҳорий гўзаллик тортиқ этади. Карнай-сурнай садолари марғилонликларни бу гўзал кошонага чорлади. Тантанада сўз олган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев марғилонликларни қутлуғ шодиёна, маданият ва санъат байрами билан самимий қутлади. Мамлакатимиз мусиқа санъатининг бешикларидан бири бўлган Марғилон Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Ҳалима Носирова ҳамда Тамарахоним, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов каби ўнлаб санъат дарғаларига санъат йўлини очиб берган. Келажакда мана шу ҳашаматли театр саҳнасида уларнинг муносиб ворислари улғаядилар ва элга маърифат зиёсини улашадилар, — деди ўз сўзида вилоят раҳбари.

Республика Маданият ишлари вазири ўринбосари Камола Оқилова шаҳар аҳлини янги маданият ва санъат кошонаси билан муборакбод этди.

Шифтига само узра сузиб юрган оппоқ булутлару мовий осмон тасвири туширилган, ям-яшил гиламлар тўшалган театр зали илк бор тадбир иштирокчилари-ю томашабинларини бағрига олди. Лоларанг дарпарда очилиб Фарғона мусиқали драма театрининг таниқли актёрлари ижросидаги истеъдодли ёзувчи Муҳаммад Алининг “Ҳусайн Байқаро ва Алишер Навоий” ҳамда рус ёзувчиси Н.В.Гогольнинг “Ревизор” асарларидан парчалар намойиш этилди.

Турли хил либосдаги вилоят қўғирчоқ театри актёрлари ҳам шўх мусиқа садолари остида ўз қўғирчоқларини ўйнатдилар. Олқишу қарсаклар остида саҳнага Ўзбекситон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов чиқиб, саҳна муқаддас. Ундан ажиб сеҳрли ва сирли нур ва зиё таралади. Ана шу нур актёрларнинг маҳорати орқали томоша давомида томашибинлар қалбига инади. Мен ҳали бу ерда халқимизнинг энг севимли санъаткорлари камолга етади ва Марғилон аҳлини ўз санъати билан ҳайратларга солади, деб ишонаман, деди.

Гулдурос олқишлар остида саҳнага чиққан Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ўзининг қўшиқчиликдаги маҳоратини ҳам намойиш этди.

Маданият ишлари вазири ўринбосари Камола Оқилова ҳам театр жамоасига вазирликнинг қимматбаҳо совғасини топширди.

— Теарт-бу ибратхонадир, деди ўз сўзида Камола Оқилова. У жонли томоша, эл маданий дам оладиган маънавият мас- кани. Ишончимиз комилки, у келажакда нафақат Марғилоннинг балки, вилоятнинг энг севимли ва гавжум санъат гўшаларидан бирига айланади. Ҳали бу муқаддас саҳнада энг нодир асарлар намойиш этилиб, томашабинларнинг самимий олқишларига сазовору мушарраф бўладилар.

Шу куни театр саҳнасида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти Фарғона вилояти минтақавий филиали талабаларининг қизиқарли саҳна кўринишлари дилларга хушнудлик улашган бўлса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Ҳайдаров, Қиличбек Тожиев, Отабек Муҳаммадзоҳид ҳамда хонандалар Муҳаррамой Муродова, Шоҳида Зокирова, Фарғона санъат коллежи ҳамда шаҳримиздаги 8-Болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ёшларининг соҳир овозлари жўшқин янгради. Дилбар, шўх хоразмча рақслар эса иштирокчиларни даврага чорлади.

Санъат халқники, у ўтмиш ва замон кишиларининг ҳаёти, турмуш тарзи ва ўй-кечинмаларини саҳнада бадиий образлар орқали акс эттиради. Дунё яралибдики, нур бор жойда соя ҳам мавжуд бўлганидек, эзгулик ва ёвузлик ҳам ҳамиша ёнма-ёндир. Саҳна халқни эзгуликка чорлайдиган, дам хандон отиб кулдирадиган, дам эса кўз ёшларини дув-дув оқизадиган, маънавиятини юксалтирадиган, қалбини поклайдиган табаррук маскандир.

Ҳамшаҳарларимизга онажон Марғилонимизга гўзал кўрк, самовий салобат бериб турган муҳташам Драма театри муборак бўлсин!

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

А.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube