ЭКОЛОГИК ТОЗА, МАЗАЛИ

Шаҳримиздаги “Алоҳида гўшт маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамиятида ана шундай усулдаги экологик талаблар, санитария қоидаларига қатъий риоя қилиб ишлаш анаънага айланган. Натижада жамиятда ишлаб чиқарилаётган ўндан зиёд ассортиментдаги гўшт маҳсулотлари ўзининг тозалиги, мазаси билан истеъмолчилар эътирофига сазовор бўлмоқда.

Жамиятда тайёрланган қайнатилган ва ярим дудланган колбаса маҳсулотларининг “Алоҳида” савдо маркаси эса ички бозорда ўз ўрни ва мавқеини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Жамият маҳсулотларининг бундай харидоргирлиги ва ижобий эътирофига эришиш эса осон бўлгани йўқ. Бу муваффақият ортида тадбиркорлик субъекти муассисларидан тортиб, ҳар бир ишчи-хизматчининг фидоий, самарали меҳнати ётибди.

Мазкур масъулияти чекланган жамиятга бундан роппа-роса тўққиз йил аввал асос солинган. Дастлаб хориждан, асосан Германиядан 10га яқин техник жиҳоз ва замонавий ишлаб чиқариш ускуналари келтириб ўрнатилган. Ўша пайтда ишлаб чиқаришга жалб қилинган 18 нафар ходимнинг ҳар бири замонавий ускуналарда ишлаш бўйича махсус тайёргарлик босқичидан ўтказилган. Шунингдек жамият ҳудудида қушхона, тиббий ва техник лаборатория, ходимлар учун ювиниш ва кийиниш хоналари, бошқа ёрдамчи бинолар ташкил этилган.

Энг муҳими, тадбиркорлик субъектида илк кунларданоқ санитария қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритишга, гўшт маҳсулотларининг экологик тозалиги ва техник талаб ва меъёрлар талабига тўлиқ жавоб беришига алоҳида эътибор қаратилган. Бу одатга бугун ҳам корхонада қатъий амал қилинмоқда. Зеро, корхона ҳудудига киришингиз билан бу ердаги тозалик, ходимларнинг махсус кийим-
бошлари эътиборингизни тортади. Хуллас, экологик талаб ва меъёрлар, санитария қоидалари асосида унумли, сифатли ишлаш жамоа маҳсулотларига буюртмаларнинг мунтазам ортиб бориши омили бўлмоқда.

Дарҳақиқат, жамият фаолият юрита бошлаган илк йилларда йилига ўртача 450-500 миллион сўмлик гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 3,5 миллиард сўмликдан зиёдни ташкил этди. Жамоа аъзолари жорий йилда 4 миллиард сўмлик маҳсулот реализация қилиш режасини кўзламоқда. Сўзсиз жамиятда ишчи ўринлари ҳам мунтазам ортиб бораяпти. Ҳозир бу ерда 30 нафар ходим меҳнат қилаяпти. Эришилган натижаларда уларнинг ўзига хос ҳиссаси бор. Аммо, улар орасида Абдулло Ғаниев, Акрам Норхўжаев, Нодир Аҳмедов, Ҳамидулло Иргашев, Мунаввар Усмонова каби ишчи-хизматчилар алоҳида ажралиб туради. Улар ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш, унумли ишлаш, буюртмалар қабул қилиш, бозор ва истеъмолчилар талаб- ларини ўрганишда барча ҳамкасбларига намуна бўлишаётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

— Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳар томонлама ривожи учун беқиёс имконият ва имтиёзлар яратилгани ҳеч кимга сир эмас, -дейди жамоа раҳбари Муҳаммаджон Раҳимов. Тадбиркорлик фаолиятига ана шундай юксак эътибор барча ютуқларимиз омили бўлмоқда. Хусусан шу кунларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда озиқ-овқат саноатини замонавий мезонлар асосида ривожлантиришга, соҳага интенсив технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлашга илмий ёндашишга даъват ва амалий ўзгаришлар бизни айниқса қувонтирмоқда. Зеро, даъват ва ўзгаришлардан илҳомланиб биз жорий йил охиригача сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехини ишга туширишни мақсад қилиб олганмиз. Айни пайтда бу борада қизғин амалий ишларни бошлаб юбордик. Мақсадимиз шаҳримиз аҳли дастурхонига сифатли сут маҳсулотлари етказиб бериш. Шунингдек, яқин истиқболда жамиятимиз таркибида яна қўшимча 15-20 та ишчи ўрнини яратишдан иборат.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, “Алоҳида гўшт маҳсулотлари” МЧЖда ҳамиша сўз ва иш бирлигига амал қилиб, бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан унумлироқ ва сифатлироқ ишлаш жамият равнақига, халқимиз дастурхони тўкин-сочинлигига, ходимлар турмуш фаровонлигига хизмат қилмоқда.

М.ҲАБИБ,

ўз мухбиримиз.

Д.РАҲМОНОВ олган суратлар.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube