СУННАТ ТЎЙИ – МИЛЛАТ ТЎЙИ

Чексиз меҳр оқибат, ҳайру саҳоват, муҳтожларга кўмак бериш, йиқилганларни суяш каби чин инсоний туйғулар асл ўзбеклар хос олижаноб фазилатлардандир.

Куни кеча шаҳримиздаги “Марғилон ресторани” тўйхонасида саҳоват тантанаси садолари янгради. Шаҳардаги “Чилонзор” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи 4 нафар кам таъминланган оила фарзандлари Давронбек Сўфиев, Дилшоджон Жамолов, Абдувоҳид Нурматов ҳамда Ҳожиакбар Турсунбоевларнинг қўли ҳалолланди.

Хатна тўйини ташкиллашда шаҳар Давлат солиқ инспекцияси раҳбари Сойибжон Сиддиқов ҳамда бошқа хусусий тадбиркорлар яқиндан кўмак бердилар. Шодиёнага шаҳар “Нуроний” жамғармаси, “ЎзХДП” шаҳар кенгаши раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тантана сабаб- чиларининг яқин қариндошлари ва ёру-биродарлари таклиф этилдилар.

— Жондан азиз фарзандларимизга саҳоват кўрсатиб, хатна тўйларини ўтказиб бераётган ташкилотчиларга минг раҳмат, -дея қувонч билан сўз бошлади тўй бола – Абдувоҳид Нурматовнинг онаси Хилолахон Ҳомидова. Мустақил мамлакатимизда эртанги кун эгаларига бўлган бу каби чексиз эътибор ва ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди. Насиб қилса дилбандларимиз келажакда саҳоватпеша она халқимизга хизмат қиладиган асл ўғлонлар бўлиб етишишади.

Шодиёна якунида тўй болаларга ҳомийлар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Анорхон АБДУВОҲИДОВА,

Чилонзор МФЙ раиси.

Д.РАҲМОНОВ олган сурат.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube