ҒОЛИБ ЖАМОАЛАР ШАРАФЛАНДИ

Марғилон шаҳри азал-азалдан ўзининг асл уста-ҳунармандлари, олиму-фузалолари, айниқса, соҳирнафас санъаткорлари билан бутун дунёга донғи кетган қадимий юртлардан.

Шаҳримиздаги 8-сонли болалар Мусиқа ва санъат мактабида ҳам устозлар изидан бориб, она юрт шарафи ва мақомини янада юксакларга кўтариб келаётган ана шундай хушовоз ёш хонандалар етишиб чиқаётганлиги кўнгилларни қувонтиради.

Яқинда мусиқа мактаби бўйлаб хушхабар ёйилди. Болалар мусиқа ва
санъат мактаблари ансамблларининг республика кўрик-танловида таълим даргоҳининг Дониёрбек Нурматов бошчилигидаги “Марғилон ниҳоллари” анъанавий хонандалик дастаси мақом туркумидан, “Яли-яли” номли халқ қўшиқларини ижро этиб, фахрли 1-ўринни, Илҳомжон Рахматуллаев раҳбарлигидаги “Навосоз” анъанавий чолғу ансамбли эса “Мирзадавлат”, “Гулбаҳор” ва “Тановор” халқ қўшиқлари ижроси билан танловда 3-ўринни қўлга киритиб қайтишди.

Куни кеча мусиқа мактаби мажлислар залида ғолиб жамоаларни қутлашга бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда сўз олган Республика Маънавият-тарғибот маркази шаҳар бўлинмаси раиси М.Йўлдошева, мусиқа мактаби директори Мурат Мирзаев, директор ўринбосари Раъно Хаджиматовалар танловда юқори ўринларга сазовор бўлган ўқувчиларни эришилган муваффақият билан самимий муборакбод этдилар.

Тадбир якунида ғолиб ансамбллар томонидан ижро этилган дилтортар қўшиқлар жаранги йиғилганларга хушнудлик улашди.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube