ЖАДАЛ, УНУМЛИ, СИФАТЛИ

Ислоҳотлар амалда: оилавий тадбиркорлик

ЖАДАЛ, УНУМЛИ, СИФАТЛИ

ишлаш “Мадинабону текс” маҳсулотларига талабнинг ортишига, оилавий корхона юксалиши, ходимлар фаровонлигига хизмат қилмоқда

Шаҳримизнинг ёш саноат ишлаб чиқариш субъектларидан бири “Мадинабону текст” оилавий корхонаси шу кунларда ўзининг тўрт йиллик санасини нишонламоқда. Ушбу оилавий корхона ташкил этилгандан буён жадал, унумли, энг муҳими ҳамиша сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга интилиб келяпти. Корхонада ишлаб чиқаришни модернизациялаш, мавжуд ишлаб чиқариш воситаларини янгилаш, ишлаётганлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга жиддий эътибор туфайли иқтисодий самарадорликнинг юксалишига эришилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари мамлакатимизда кичик бизнез ва хусусий тадбиркорлик кўламини янада кенгайтириш, ялпи ички маҳсулотдаги улар улушини ошириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришни назарда тутади. Бу борадаги изчил ислоҳотлар самараси туфайли мазкур корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб мунтазам ортмоқда. Ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, самарадорлиги ўсиб бормоқда. Бу эса корхона иқтисодий имкониятларининг кенгайишига, ҳодимларнинг меҳнат шароити яхшиланиб, турмуш фаровонлиги ортишига хизмат қилаяпти.

Мазкур оилавий корхонага ҳамшаҳарларимиз Асилбек Комилов ва Хуршид Мирзараҳимовлар асос солишган. Улар Давлат мулк қўмитаси вилоят бошқармаси билан тузилган шартнома асосида “Зарафшон” кўчасидаги мактаб ҳудудида бўш турган бинони ижарага олиб, трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди.

Дастлаб 3 та тикувчи билан фаолият бошлаган тадбиркорлик субъектида бугун 14 та ишчи меҳнат қилмоқда. Ўтган йилларда корхонада янги-янги замонавий тикув дастгоҳлар, қадоқлаш, пардозлаш ускуналарининг жорий этилиши натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини кескин ошириш баробарида унинг турлари ҳам бир мунча кенгайди. Бугун бу ерда экологик тоза, юз фоиз пахта матоларидан майка, ич кийим комлектлари ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотнинг пардозлаш, қадоқлаш жараёнида янгича усуллар, ишлаб чиқариш воситаларини қўллаш эса корхона маҳсулотларининг ички бозорда рақобатбардошлигини ортишига хизмат қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам оилавий корхона тайёр маҳсулотларини қўлга олар экансиз, уни ўта замонавий усулда қадоқлангани, бежирим, чиройли кўриниши ҳайратингизни оширади. Бир сўз билан айтганда ички бозорда “Мадинабону текст” бренди ўзининг муносиб ўрнини топиб улгурди.

Албатта, бу муваффақиятларда Дилноза Мамадалиева, Раҳима Азизова, Зулхумор Тожибоева, Зиёда Сиддиқова сингари ишлаб чиқариш илғорларининг муносиб ҳиссаси бор. Уларнинг ҳар бири смена нормасини мунтазам 10-15 фоиз зиёди билан уддалаш баробарида ҳамкасбларига жадал, унумли, энг муҳими сифатли ишлашда ибрат бўлишмоқда. Айнан ана шундай меҳнат оилавий корхонага ўтган йилда 200 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот реализация қилиш имконини берди. Бу фаолият юритиш бошлангандан буён маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 8 баробар ўсганини англатади. Энг муҳими, ўтган даврда ходимларнинг ўртача иш ҳақи ҳам икки баробар ўсиб, бугун ўртача 600-650 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу эса оилавий корхона иқтисодий имкониятларининг кенгайиши, ишлаётганларнинг турмуш фаровонлигини юксалишига хизмат қилмоқда.

— Юртбошимизнинг кичик бизнез ва тадбиркорлик субъектлари, жумладан оилавий корхоналарнинг ривожига доимий ғамхўрлиги, бу борада яратилган қулай шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар эришаётган ютуқларимизнинг омили бўлмоқда, -дейди корхона асосчиларидан бири Хуршид Мадраҳимов. – Бундай имкониятдан оқилона фойдаланиш учун биз бор куч ва иқтидоримизни сафарбар қилаяпмиз. Мисол учун ўтган 2017 йилда яна бир оилавий корхона – “Қувалити сокс” фаолиятини йўлга қўйдик. Бугун янги корхонамизда 4 та ишчи ўрни бор. Ҳар икки корхонамизда ҳам ишчи ўринларини кўпайтириш, энг муҳими маҳсулотларимизни экспортга – ташқи бозорга чиқариш имкониятимиз ҳам йўқ эмас.

Бироқ бу режаларимизни амалга оширишга айрим муаммолар ҳалақит бермоқда. Чунки, ишлаб чиқариш цехимиз тор. Ходимларимиз зич ҳолда ишлашга мажбур. Очиғини айтганда янги ишлаб чиқариш биноси бизнинг оғриқли нуқтамиз бўлиб турибди. Бунинг учун жой ажратиб бериш ҳақидаги мурожаатларимиз ҳозирча ижобий ҳал этилмаяпти. Агар бу масала ҳал этилса, тезда ташқи бозорга ҳам “Марғилонда тайёрланган” бренди билан чиқиш имкониятимиз ортади. Ўз-ўзидан бу яна 15-20 та ишчи ўрни ташкил этиш истиқболини яратади…

Ҳа, эришилган натижалар билан чекланиш мазкур корхона жамоаси учун мутлақо ёт. Бу ерда ҳамиша жадал, унумли, сифатли ва истиқболга интилиб ишлашга одатланишган. Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, шаҳримизнинг доимо истиқболга интилиб, изланиб ишлаётган тадбиркорлик субъектларидан бири “Мадинабону текст” оилавий корхонаси халқимизнинг халқ истеъмол буюмларига бўлган эҳтиёжини қондириш, турмуш фаровонлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

М.МИРЗАЖОНОВ,

ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube