Давра суҳбати: Аёл — матонат, меҳр-шафқат ва гўзаллик тимсоли

АЁЛ ОИЛА ҚУЁШИ

Тунда осмонни ой мунаввар айлайди, кундузлари эса қуёш чароғон этади. Хонадонларимиз кўшки эса аёл – она меҳридан нурга тўлади. Ой ва қуёшсиз олам нурафшон бўлмаганидек, аёл муҳаббатисиз кичик салтанат — оилаларимиз ҳам зимистонга айланади. Зулматда эса бахт бўлмайди, фақат кулфат ва қайғу бўлади. Болалар кулишни унутадилар. Кичкинтойлар шукуҳсиз ва маҳзун кунларни санаб ўтказадилар. Мурғак қалбларида мудом бир истак билан яшайверади. “Онажоним ёнимда бўлсайди”.

Хонадон гули Она -аёлнинг остона ҳатлаб бирровга кўчага чиқиб қайтиб келгунларича ҳам болалар безовталанади, дарҳол бир-бирларини сўроққа тутадилар:

— Онам қани, онам…

Энди тирикчиликни рўкач қилиб йиллаб узоқ юртларда юрган аёлларга нима дейсиз? Ахир уларнинг болалари соғинмайдими? Улар ҳам онажонисининг бағрида эркаланиб, қайноқ тафтидан бахраманд бўлишни истамайдими? Оилада онанинг ўз боласини пешвоз чиқиб кутиб олиши энг катта бахт, энг буюк туйғу. Ҳеч кузатганмисиз, мактаб ёки боғчадан келган болакай онасининг чеҳрасига бир боқади.-ю, бироз эркаланиб хотиржам ўз юмушига киришади…

ЖАМИЯТ КЎРКИ, ФАРЗАНДЛАР ИҚБОЛИ

Мамлакатимизда аёлга эътибор кучли. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир аёл шаъни ва қадр-қиммати давлат муҳофазасида. Аёлларга яратилаётган шарт-шароитларга дунё аҳли ҳавас қилса арзигуликдир. Жамиятимизда оилаларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Оила тинч-тотувлиги, мустаҳкамлиги ҳамда унинг бағрида фарзандларнинг бахтиёр улғайишлари давлат сиёсати даражасидаги долзарб масалага айланган.

Президентимизнинг фармонлари асосида, аёллар бандлигини таъминлаш, кам таъминланган камхарж оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш устувор вазифа сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Минг шукур юртимизда боласини боқолмаётган, ёинки унга едириш учун нон излаб юрган аёллар йўқ . Бироқ, энг ачинарлиси бойлик, ёки ўзинг бемаъни ҳою ҳаваслари учун оиласи бағрини тарк этиб, фарзандлари кўзини ёшлатиб четга чиқиб кетган ношукур аёлларимиз ҳам йўқ эмас орамизда. Диёнатли одамнинг қалбини бир савол қийнайверади. Ахир нима етишмаяпти уларга. Дўппи, чорси тикиб сотса ҳам тирикчилиги ўтади-ку , ёки гап фақат қимматбаҳо пўрим либосларда-ми? Оналаримиз кимхоб киймаса ҳам бўз кийганлару аммо, оила бағрини тарк этишни ҳатто хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Фарзандлари дийдори-ю камолини ҳар нарсадан устун қўйганлар. Ахир кўзимизга бир дам кўринмай қолса, кўнглимизда хавотир ўрмалайдиган болаларимизни қандай қилиб йиллаб ташлаб кетишимиз мумкин? Мен бундай ҳолатларни мутлақо ёқламайман, аёлнинг оиласидан узоқларда юриши бизнинг миллий менталитетимизга мутлақо тўғри келмайди.

Биз оилапарвар Шарқ аёлларимиз. Атрофни кузатсангиз ҳатто қуш ҳам палопонини то учирма бўлмагунча асло тарк этмайди. Ҳамиша нишини урмоққа тайёр чаён ҳам боласини то у мустақил ҳаёт кечира олгунча елкасида ортмоқлаб юради. Қандай бағритош аёл ўз боласини ўзгаларга баъзан энага ёллаб, баъзан эса узоқроқ қариндошларига ташлаб кетади. Аёл хонадон чироғи.Чироқсиз уй эса зулматдир. Мен ҳар қандай вазиятда ҳам аёлнинг бегона юртларда юришларини кескин қоралайман.

Хизмат вазифамдан келиб чиқиб ҳар куни ўнлаб аёлларнинг дардини тинглайман. Биринчи навбатда у она дейман ва имконият даражасида ёрдам беришга ошиқаман. Чорасиз муаммонинг ўзи йўқ, ҳар бир масалага ечим топса бўлади.

Дилнозахон ЭРГАШЕВА,

шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини

бажарувчи.

 

МУҚАДДАС ҚЎРҒОН ПОСБОНИ

Шарқда оила муқаддас ҳисобланади. Жамулжам оила аъзолари бир-бирлари билан меҳру-муҳаббат, вафо ва садоқат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик, мурувват ва ўзаро ёрдам, ишонч ва қондошлик ришталари билан мустаҳкам боғлангандир.

Шарқ оилалари ўзининг бетимсол садоқати, аждодлар анъана ва урф-одатларига содиқлиги, оила шаъни ва ор-номусини ҳар нарсадан устун билиши, авлодлар тарбиясига юксак масъулият билан қараши билан ажралиб туради. Шу боис ҳам оилалар юрт таянчи, унинг ишончли келажагини ярата оладиган юксак маънавиятли болалар камол топадиган муқаддас қўрғон, зиё-маърифат ўчоғи ҳисобланади. Аёл эса оиланинг юраги, хонадон чироғи, дея эъзозланади. Унинг жондан азиз жигарбандларини ташлаб, чет давлатларга чиқиб кетиши эса, оила муҳитининг бузилишига олиб келади.

Бизнинг “Оила”марказимизга айрим ҳолатларда аёллар, баъзан эса эркаклар мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи хорижга ишлагани кетганлигини айтиб нолишади. Эркакни-ку тушуниш мумкин. Хўп, у пул топиб рўзғор тебратиш илинжида чиқиб кетгандир, лекин аёл-чи? Бегона юртларда, нотаниш одамлар орасида уларга нима бор?

Яқинда бир эркак хомуш ҳолатда идорамизга кириб келди. Айтишича, хотини савдо-сотиқ билан шуғулланиб, анчагина қарздор бўлиб қолган. У эса хотинининг қарзларини тўлаш учун автомашинасини сотишга мажбур бўлган. Аёли қарзлардан қутулган, лекин шунга қарамай турмуш ўртоғи ва 3 нафар фарзандини ташлаб, чет элга ишлаш учун кетиб қолган.. Эр аёлини йўлдан қайтаришга уринган, бироқ уринишлари бесамар кетган.

Фарзанд боқиш ва уни тарбиялаш энг аввало аёл зиммасига катта масъулият юклайди. Оналик улуғ мақом! Боллар саломатлиги, унинг руҳий олами,, таълим-тарбия олиши даставвал онани қизиқтирмаса, бошқа кимни қизиқтиради? Агар аёл дилбандларига алла айтмаса, эртаклар сўйлаб бермаса ул кимса дунёдаги энг мўътабар зот -оналик шарафига муяссар бўла оладими?

Шаҳримиз аёллари қадимдан ўзининг шарқона иффат-назокати, латофату лутфи ила дунёга донг таратган. Буюк ёзувчи А.Қодирий ҳам бежизга “Кумуш” тимсолини марғилонлик аёллар сиймосида кўрмаган. Пул топиш, оила боқиш баҳонасидан четга чиқиб кетиш бизнинг ўзбек аёлларига тўғри келмайди. Ахир ўз она шаҳримизда ҳам миллий ҳунармандчилик билан астойдил шуғулланиб пул ҳам, обрў-эътибор ҳам топаётган аёллар кўп-ку!

Қадрли аёллар, азиз опа-сингиллар, оилаларимиз мустаҳкамлиги, фарзандлар камоли бизнинг қўлимизда. Беъмани орзу-ҳавасларни деб, оилаларимизни парчалаб, кичкинтойлар қалбига озор етказмайлик! Унутманг, меҳр кўздадир.

Дилоромхон МУҲАМЕДОВА.

шаҳар “Оила” маркази раҳбари.

 

ҲАЁТ ГУЛТОЖИ, САОДАТ СОҲИБАСИ

Аёл миллат давомчиси, ҳаётимизни, хонадонимизни, эзгулик, меҳр-муҳаббат, иффату нафосат нури билан мунаввар айлайдиган муқаддас зотдир.

Мустақиллик аёлларнинг орзу-армонларини рўёбга чиқарди. Улардаги матонату-шижоат, ғайрату салоҳият омилларини ижобат қилиб ўзидаги бор иқтидору, ақл-салоҳиятини намоён этиши учун имконият яратиб берди.

Мамлакатимизда аёл сиймосида меҳрибон уй бекаси, мўътабар она тимсоли билан бир қаторда ўз салоҳиятини тўла намоён эта оладиган фаол, ишбилармон, тадбиркор, ҳаёт деб аталмиш ижтимоий ҳаракатнинг энг олдинги сафларида ишонч билан дадил одимлаётган хотин-қизларни кўриш оддий ҳолга айланган. Бугун аёл меҳнатисиз бирор бир соҳани тасаввур этиб бўлмайди.

Бироқ, аёллар эъзозланаётган, унинг қадри кундан-кунга юксалиб бораётган дориломон кунларда баъзи хотин-қизларимизнинг хорижий мамлакатларга мўмай даромад топиш, енгил-елпи турмуш кечириш илинжида, эртасини ўйламай қилаётган кўр-кўрона ҳатти-ҳаракатлари оқибатида, онасиз қолган фарзандлар азият чекаётганликлари айни ҳақиқат. Энг ёмони уларнинг қуллик асорати остида, одам савдоси корчалонлари чангалига тушиб қолаётганликлари ҳам сир эмас. Ўз онаси бўлмаса ҳеч ким, ҳеч қачон фарзандга онаси берадиган бетимсол меҳрни бера олмайди. Меҳр кўрмай камолга етаётган фарзандларда эса вафодорлик, ғамхўрлик, ор-номус, меҳр-шафқат каби одамийлик хислатлари мукаммал бўлмайди. Даставвал, яратганнинг буюк неъмати бўлган фарзандни она Ватанга, насл-насаби-ю миллатига муносиб қилиб тарбиялаш ҳар бир ота- онанинг муқаддас бурчи эмасми?

Ҳар бир аёл – “она” деб аталмиш шарафли номини оқлаш учун ақл ва тафаккурни уйғунлаштирган ҳолда аҳлоқий фазилатлар дурдонасига риоя этиши, лоқайдлик, бепарволикдан йироқ бўлиши, ҳамиша фаросату-идрок, илму-билим билан иш юритмоғи лозимдир. Аёл ҳою-ҳавасларга, мўмай пул топишга эмас, оилада турмуш ўртоғи билан якдил яшашга, комил фарзандлар тарбиялашга интилмоғи жоиздир. Оила аъзолари бир-бирларини тушунсалар, албатта бу аҳиллик фарзандлари камолида ўз ифодасини топади.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев тадбиркорлик ва ҳунармандчилик борасида катта имкониятлар яратиб бердилар. Айниқса, ҳунармандлар шаҳри Марғилонда хотин-қизлар учун меҳнат қилишга ва фаровон ҳаёт кечиришга барча шарт-шароитлар мавжуд.

Аёл ўзининг аёллик-оналик бурчини тўлақонли намоён эта олсагина, у мўътабар аёл шарафига муяссар бўлади. Барчамизга ана шу мўътабарлик насиб этсин. Ҳар бир аёл ўз оиласида мустаҳкам кўшк барпо этсин, ўз бахтига кўмилиб яшасин.

Зубайдахон АҲМЕДОВА,

меҳнат фахрийси, “Эл-юрт хурмати” ордени соҳиби, «Халқ таълими аълочиси» нишондори.

 

БУЮК  ТАРБИЯЧИ

Илмдан йироқлашиш – жаҳолат мамлакат тараққиётига бирламчи ғов бўлса, одамизотнинг иккинчи душмани нафс, фақат бойликка интилиш эса иккинчи тўсиқдир. Шу боис ватан манфаати ва нафс деган тушунчалар бир-бири билан асло келиша олмайди. Нафс ғолиб бўлган жойда хиёнат эшиклари очилади.

Агар инсон ўз Ватанини севмаса, Ватан ичра беватан ҳисобланар экан.

Ватан бағри маънавиятли ва маърифатли инсонлар билан янада гўзалдир. Нафс ғолиб бўлган юракда Ватан туйғуси бўлмайди.

Ватан ҳар бир кишининг ўз қалб сарҳадидан бошланади. Яъни, ҳар бир кишининг юрагида Ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Шундай экан Ватаннинг қадрига етмай уни ташлаб кетиш, Тангри берган неъматларга ношукурлик, беписандлик билан қарамоқ инсонийлик фазилатларига ҳам зиддир. Айниқса, аёлнинг оиласини, болаларини тарк этиб кетиши кечирилмас гуноҳдир. Тоғдек бойлик ҳам қоракўзининг ёлғизликда ўксиб тўккан бир томчи кўз ёшига арзимайди-ку ахир.

“Йилларнинг йиғини умр саналмас, Ватанга наф теккан кунинг умрдир” деган ҳикматда бир олам маъно бор. Аёлнинг вазифаси фарзандларини комил инсон этиб тарбиялаш, уларга меҳр бериш ва оила аталмиш салтанатни қишнинг қирови-ю ёзнинг жазирамасидан омон сақлашдир. Айтиш- ларича, уч фарзандни баркамол этиб тарбиялаб, жамиятга нафи тегадиган инсонлар этиб улғайтирган киши бир улкан шаҳарни бунёд этганчалик катта савобга эга бўларкан. Ёинки уч қизни вояга етказиб турмушга узатган онанинг оёқлари пойида жаннат ястаниб ётаркан.

Мен ҳам онаман. Минг шукур фарзандларим ва набираларим бор. Уларни бир кун кўрмасам соғинаман. Ҳар қанча бойликни фарзандларимнинг бир сониялик шодликларига алмашмайман. Пул бойликни топса бўлар. Лекин йўқотилган меҳрни қаердан топамиз?..

Оиласини турли рўкач ва баҳоналар билан тарк этган аёллар қилмишини асло ёқламайман. Менимча бу нафақат ўта бағритошлик, балки ўз фарзандлари тақдирига ўта бефарқликдир.

Муаззамой МАҲМУДОВА,

“Шуҳрат ” медали соҳибаси.

 

ОНАСИЗ  УЙ-ЭГАСИЗ  БОҒ

Онасиз уй-қаровсиз боққа ўхшайди. Агар ниҳолларни болаларга қиёсласак, ниҳолга қуёш нури ва сув зарур бўлганидек, болаларнинг тўлақонли улғайишлари учун ҳам она меҳри ниҳоятда зарурдир. Бола подишоҳ. У баъзан онасига эркаланади, баъзан эса бетоб бўлиб қолиши мумкин-ку!. Ҳудди шу лаҳзаларда ёнида онаси бўлмаса, бола кимга талпинади? Болага мол-дунё керак эмас, аммо унинг мурғак юракчаси ҳамиша она меҳрига ташна бўлади.

Бежиз халқимиз “Она билан бола-гул билан лола” деб матал тўқиган эмас. Зотан, бу ҳикматнинг замирида улкан маъно мужассам. Гул ва лола ҳамиша ёндошдек, она билан болани ҳам ажратиб, бир-бирларидан айро тасаввур этиб бўлмайди.

Мен бир оилани биламан, она яъни хонадон бекаси бир неча йиллардан буён чет элда юради. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деганларидек, шу болаларга кўзим тушса юрагим ачишиб кетади. Ҳудди оналаридан ажралиб қолган етим болалардек мунғайиб юришади. Наҳотки аёл ўткинчи, ҳеч кимга вафо қилмайдиган молу дунё деб, фарзандларини ташлаб, узоқ юртларда юраверса! Мен ундай аёлларни асло она деёлмайман.

Оналик аёлнинг садоқати, матонати ва энг муҳими қуёшдан-да кучли ҳарорати, муҳаббати туфайли буюк, шунинг учун ул зотга эҳтиром, иззат-икром кўрсатилади. Бир парча эт ўз-ўзидан катта бўлиб қолмайди. Уни ҳатто шаббодадан ҳам паналаб вояга етказилади.

Баъзан ҳаётда тирноққа зор оилаларни кўрамиз. Улар бир фарзанд учун ҳатто жонларини ҳам беришга тайёр. Болалар наслимиз давомчиси, миллатимиз эртаси, уларнинг бахтли болалик гаштини суришлари учун нафақат меҳримизни, балки жонимизни ҳам аямайлик. Зотан, онанинг буюклиги ҳам шунда.

Каримахон РЎЗИБОЕВА,

2-ДИУМ директори, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

 

АЁЛ БАХТИ — ЎЗ  ОИЛАСИДА

Она шундай улуғ зотки унинг олдида катта-ю кичик бош эгади. Онанинг буюклиги, яратувчанлиги, жонкуярлиги, фарзандларининг бир парча этлигидан тортиб то унинг навқирон бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топгунларига қадар, борингки, умрининг сўнгги дамларигача улар учун парвоналигидадир. Шунинг учун бўлса керак ўзбек оиласида аёлнинг ўрни беҳад қадрли.

Президентимиз халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанадаги нутқларида мамлакатимиз аёллари фаолиятига юқори баҳо бердилар, уларни кўкларга кўтариб мақтадилар. Ишончим комил-ки, самимий олқиш ва тилаклардан барча хотин-қизларимизнинг ҳаётга бўлган муҳаббатлари янада ошди, меҳрга тўла лиммо-лим кўнгиллари кўтарилди. Юртбошимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила
институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам давлатимизнинг муҳтарама аёлларга кўрсатаётган ғамхўрликларининг ёрқин ифодасидир. Президентинг, халқинг сени қўллаб –қувватлаб турса, бошинг кўкка етар экан. Бу рағбатлар эътибор, ҳаммаси аёл учун, унинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши учун имкониятдир, албатта.

Юртимизда меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Шундай аёлларимиз борки, улар оддийгина, камтарона меҳнатлари билан нафақат ўз оиласига,балки, жамиятга ҳам арзирли наф келтириб, фарзанд- ларини баркамол этиб тарбияламоқдалар.

Лекин, минг афсуски, аёлларимиз орасида кўпроқ пул топиш, бойлик илинжида чет давлатларга чиқиб кетганлар ҳам йўқ эмас. Майли, улар чет элга чиқиб, мўмай пул топаётгандир, лекин улар бой берган фарзандлар меҳри ва оила қувончи-чи? Уларни қайта топа олармиканлар?

Четга чиққан аёлларнинг миллатимизга хос шарқона турмуш тарзи, оила анъаналари ёхуд шарму ҳаёни унутмаганликларига ким кафолат бера олади. Зотан аёл мевали дарахт, истайдими, йўқми унга тош отаверадилар.

Айниқса, хонадонида қизлар камол топаётган оилада онанинг йўқлиги бениҳоя ачинарли. Мен педагог сифатида кўп кузатганман. Баъзи онаси четга чиқиб кетган ўқувчиларимизнинг кўзларида адоқсиз мунг кўраман.

Донишманд халқимизнинг “Узоқни буғдойидан, яқиннинг сомони яхши” деган гапи бор. Шу ерда ҳам ҳалол меҳнати билан бахт топган, оиласи фаровонлигини мустаҳкамлаб, фарзандларини эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаётган аёллар жуда кўп.

Назирахон РАСУЛОВА,

Имконияти чекланган болалар учун ихтисос- лаштирилган 22-мактаб интернати ўқитувчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube