“ЗУЛМАТДА НУР ҚИДИРГАНЛАР”

“ЗУЛМАТДА НУР ҚИДИРГАНЛАР”

ёки ботил ақидаларга эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолганлар қисмати

Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи томонидан Салим қори Қодиров қаламига мансуб “Зулматда нур қидирганлар” китоби нашр этилди. Китоб мўъжазгина, бор йўғи уч минг нусхада нашр этилган. Лекин китобда кўтарилган мавзунинг салмоғи оғир, кўлами кенг.

Китобга сўз боши ёзган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов таъкидлаганидек “залолат ботқоғига ботиб қолган, “Маърифатчилар” каби тоифаларнинг асл башарасини кўрсатиб беришни бугунги кундаги энг биринчи галдаги вазифаларимиздан бири сифатида ушбу рисола юзага келди”.

Дарҳақиқат, ўзларини ислом динидаги янги оқим, қараш деб даъво қилаётган лекин ашаддий диний экстремистик оқим бўлган “Маърифатчилар”нинг ҳақиқий башараси, мақсади, ишончли далиллар билан очиб ташланган. Ҳар бир раддия оятлар, ҳадис-шарифлар, буюк уламоларнинг фикрлари билан мустаҳкамланган.

Шу ўринда “Маърифатчилар” ким деган ўринли савол туғилади. Улар ҳақида рисолада шундай таъриф берилади: Ўзларига “Маърифатчилар” деб ном берган, шариати исломиянинг қонун-қоидаларини ўзларича ўзгартиришга ҳаракат қилиб, ўзбекча матндаги Қуръон таржимаси асосида ибодат қилишни одат қилган оқим тарафдорларидир.

Яширин равишда фаолият кўрсатиб келаётган бу диний экстремистик оқим тарафдорлари Марғилон шаҳрига туташ Тошлоқ, Қўштепа, Қува туманларида ҳам илдиз ёзаётганлиги жиддий ташвиш туғдиради. Муаллиф улар билан бир неча бор рақобат мулоқотида бўлганлиги, раддиялар берганлиги туфайли китобда асосли, далилли хулосалар келтирилган. Чунончи, “Маърифатчилар”нинг ҳадисларни ислом манбаси эканини инкор этиши, имом ва масжидларни фаолияти Қуръонда кўрсатилмаган деб даъво қилишлари, намоз вақти ва тартибига эътибор бермасликлари, шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.)нинг ислом динининг тарқалишидаги ўрни ва аҳамиятини тан олмасликлари, у кишини фақат ваҳий олишдаги “воситачи” деб қарашларига кескин, асосли, ишончли далиллар орқали раддия берилганлиги эътиборга моликдир.

Рисоладаги далиллар ишончли, амалий тажриба ва маҳаллий манбаларга ҳам асосланган. Гап шундаки, Салим қори Қодиров бир неча йиллардан бери Тошлоқ тумани Заркент қишлоғидаги “Абу-Ханифа” масжидига имом-хатиблик қилиб келади. Халқ орасида унинг диний маърузалари ҳам катта эътибор топган. Яъни муаллиф издихомларда, жума намози маърузаларида, “Маърифатчилар” билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларнинг асл башарасини очиб ташлашга ҳам мушарраф бўлган. Бу мулоқотлардаги хулосалар китобдаги тафсилотларни табиий, ҳаётий чиқишини таъминлаган.

Китобга мамлакатимизнинг етакчи исломшунос уламолари тақризлар ёзишган. Хусусан Қуръони каримни илк бор ўзбек тилига ўгирган, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Халқаро ислом фикҳи академияси ва Ислом олами уюшмаси ҳузуридаги Халқаро мусулмон уламолари ҳайъати аъзоси, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари масъул муҳаррирлик қилган.

Энг муҳими ушбу рисола Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги “Барчамизга аёнки, жаҳонда кескин иқтисодий рақобат, ахборот хуружлари, террористик таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида қонли тўқнашув ва низолар давом этмоқда. Минг афсуски, бундай нотинч-кескинлик ўчоқлари камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда.

Ана шундай таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда биз юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шарт. Бу — замон талаби деган сўзларига муносиб жавоб бўлди.

Н.АМИНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube