САХОВАТ САОДАТИ

Бир қалби ўксикнинг дилин шод айламоқ, Каъбани етти бор тавоф айламоқдин ҳам зиёдроқдир, дейди машойихлар. Бугун эса шаҳримиздаги 10-Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган хайрия тадбирида 30 нафар оила ва унинг катта-кичик аъзоларининг қалби Юртбошимиз ва саховатпешалар мурувватидан шодликка тўлди.

Тақдирнинг тақозоси билан қўли калта, кам таъминланган, камхарж, ногиронлиги бор оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида ташкил этилган бу тадбир чинакамига саховат байрамига айланиб кетди.

Севинч, шодлик, меҳр –оқибат ва боқий қадриятлар айёми янги кун — Наврўзи олам арафасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда шаҳар ҳокимлигининг “Инсонга наф келтириш олий бахт” шиори остидаги инсонпарварлик ва эзгуликка йўғрилган
навбатдаги хайрия байрам тадбири эҳтиёжмандларга бир олам қувонч бахш этди.

Моддий таъминоти бироз кўнгилдагидек эмас, оғирроқ аҳволда яшаётган фуқароларга рўзғор учун энг зарур маиший техника воситаси – тўрт комфорали газ плитаси ва унинг баллонини топширар эканмиз, шаҳримизда истиқомат қилаётган хар бир инсон, ҳар бир оила эътибору эъзозимизда, биз ҳамиша уларга кўмак қўлини чўзишга шаймиз эканлигимизни билдирдик.

— Мен чин дилдан муҳтарам Президентимизга, вилоят ва шаҳар ҳокимларига миннатдорчилик билдираман. Оила аъзоларимиз учун қўшалоқ байрам бўлди. Бир неча йилдан буён табиий газимиз йўқлигидан азият чекар эдик. Рўзғордан орттириб газ ва унинг баллонини ололмаётгандик. Яратган эгамга шукур, мана энди нафақат замонавий ва мустаҳкам газ плитасига, балки унинг баллонига ҳам эга бўлдик. Илоё саховатпеша, ҳожатманд одамларнинг сафи кўпаяверсин…дейди “Роҳат”МФЙ Ал-Фарғоний кўчасида истиқомат қилувчи Турсуной Сиддиқова. Тақдир экан, ўтган йили ўғлим оғир касаллик билан вафот этиб, набираларим боқувчисиз қолган эди. Яхшиларнинг кўмагидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Ўзаро бир-бирини суяш, саховатпешалик халқимизга хос фазилатдир.

Аҳолининг кам таъминланган ва ногиронлиги бор қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада барқарорлаштириш мақсадида ўтказилаётган хайрия тадбирларини йил давомида изчил давом эттирмоқдамиз.. Аввало, шаҳримиз аҳолиси ичидан чинакам ёрдамга муҳтожларини ажратиб олиш учун МФЙ фаоллари билан уйма-уй юрдик. Эҳтиёжмандларнинг яшаш шароитини атрофлича ўргандик. Рўзғор учун зарур бўлган газ плитаси ва унинг баллонини улашар эканмиз, энг аввало ҳудудга табиий газнинг етиб бориши қийин кечаётган оилаларни танлашга ҳаракат қилдик.

Самимий табриклар ва ҳадялардан кўнгли осмон қадар кўтарилган йиғилиш иштирокчилари ўз миннатдорчиликларини биз билан баҳам кўрдилар.

— Бугун мен учун қўшалоқ байрам, -дейди «Ўрда таги» МФЙ “Мисгарлик” кўчасида яшовчи фуқаро Жасур Ўроқбоев. Рўзғоримдан орттириб газ плитасини сотиб ололмаётгандим. Мана муҳтарам Президентимиз ғамхўрлиги туфайли оиламиз замонавий газ плиталари ва газ баллонларига эга бўлди. Шундай инсонпарвар, халқидан ўз мурувватини аямайдиган мамлакатда яшаётганимдан беҳад фахрландим. Айниқса, болаларимнинг қувончини айтмайсизми! Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, мамлакатимиз обод бўлаверсин.

Эндиликда кам таъминланган оилаларнинг турар жойларини тўлиқ таъмирдан чиқариш ҳамда замонавий арзон уй-жойлар билан таъминлашни режалаштиряпмиз.

Саховат инсоний фазилатлар ичида энг улуғи ва мўътабаридир. Тилагимиз элимиз орасида саховатли давлатманд одамлар кўпаяверсин. Ҳар бир соф ниятли кишининг қалбига эса савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак, деган эзгу ният жо бўлаверсин.

 Орзигул ҚОЗИХОНОВА,

вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими бошлиғи.

Зулфизар ЮСУПОВА,

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси шаҳар Кенгаши раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube