ТОМЧИ  СУВДА ҲАЁТ  ЖИЛВАСИ

Табиатда сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлар олами ҳамиша бир-бирига боғлиқ. Улар табиий мувозанатни белгилаб турувчи асосий омиллардандир. Бу бепоён оламнинг учдан икки қисми сувдан иборат бўлса ҳам, деярли барча қитъаларда чучук сув камчилиги сезилиб туради. Шўр ва ифлосланган сувдан нафақат инсоният, балки дарахт ва экинларга ҳам фойдаланиб бўлмайди.

Одам ва ўсимлик оламининг табиий ҳолда ўсиб ривожланишида сув катта рол ўйнаши барчага бирдек аён. Кўм-кўк яшиллик ва қовжираган сариқлик ўртасидаги масофа атиги бир қадам. Яшиллик ер юзидаги боқий ҳаётни таъмин этса, қовжироқлик ҳаёт ришталарини чирт-чирт узади.

Табиат бизнинг узоқ умр кўришимиз учун жуда кўп нозу-неъматлар ато этган. Шулар орасида энг қадрли неъмат бу — сув. Балиқнинг тириклиги сув билан. Бу мақол одамга ҳам тўла тааллуқлидир. Одамзот пайдо бўлгандан бери табиат уни бир неча бор сувсизлик синовидан ўтказган. Бора-бора қурғоқчилик қимматчиликка айланиб кетган. Нажот йўлини тополмаган халқ авлоддан-авлодга сувни эҳтиёт қилиш сабоғини ёдгор қилиб қолдирган. Сувни асраб-авайлаш ҳақида ажойиб халқ ҳикматлари ҳам бор. «Сув берганга савоб», «Сувга тупурма-гуноҳга ботасан», «Сув ичаётганга илон ҳам индамайди», «Сув келтирган элда азиз». Буларнинг барчаси сувга бўлган беқиёс ҳурмат туфайлидир. Лекин ҳозирги кунга келиб бундай сабоқлардан йироқлашиб одамлар томонидан сувга ахлат ағдариш, ҳайвонлар ўлигини ташлаш, завод чиқиндиларини оқизиш каби ҳолатлар одатий ҳолга айланиб қолмоқда.

Сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш айни шу куннинг талабидир. Лекин бу талабни ҳамма ҳам бирдек бажараётгани йўқ. Айрим кишилар назарида сув гўё битмас-туганмас хазина. Аҳолига етказилаётган водопровод ичимлик сувини тежаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Жўм-
ракларини истаганча очиб қўйиш, ундан бутун бош-ли томорқани суғоришда фойдаланиш каби ноўрин ҳолларга чек қўйиш зарур. Ҳамма нарса тўкин замонда уйимизда сув бўлмаса қандай нохуш ҳолат юз беришини ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Ахир ҳамма нарсанинг поёни, ўлчов ва чегараси – меъёр ва мезони бор. Оддий, беқадр аммо ҳамма нарсадан зарур оби-ҳаётга беҳурмат муносабатда бўлмайлик. Чунки сувга ҳурмат — инсонга ҳурматдан бошқа нарса эмас. Зеро, унинг ҳар томчиси тиллога тенглашаётган вақтда ҳаёт манбаини келажак учун ҳам асраб қолмоқ масъулиятли вазифадир.

Иқболой УМРЗАҚОВА,

8-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube