Ҳам амалий, ҳам назарий ёрдам халқ билан мулоқотларда ўз аксини топмоқда

Шаҳардаги Енгил саноат ва туризм касб-ҳунар коллежида  Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий Кенгаши томонидан 2017 йил – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширилаётган амалий ишлар таҳлилига бағишлаб “Партиянинг сайловолди дастури ижроси: амалий ишлар ва мавжуд муаммолар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари, партиянинг вилоят ва шаҳар Кенгаши, шаҳар ҳокимлиги, касб-ҳунар коллежлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Партиянинг дастурий мақсадларини амалга ошириш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, ёшлар бандлигига эътиборни кучайтириш мақсадида ўтказилган семинар аввалида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада шаҳардаги 48 та корхона ва ташкилотлар 262 та бўш иш ўринлари билан қатнашдилар. Касб-ҳунар коллежи битирувчилари, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар, вақтинча ишсиз аҳоли вакиллари ўз мутахассисликларига мос иш ўринлари билан яқиндан танишиб, иш берувчи ташкилотлар билан шартнома имзолашга муваффақ бўлдилар.

Семинар доирасида ўрта-махсус таълим муассасаларини тамомлаётган ёшларга имтиёзли сертификатларни топшириш маросими ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий Кенгаши бош мутахассиси Дурбек Худойқулов, вилоят Марказий банкининг бўлим бошлиғи Акрам Турсуновлар сўзга чиқиб аҳоли бандлигини таъминлашда партиянинг маҳаллий Кенгашлари ва депутатлик бирлашмаларининг ўрни, битирувчиларга микрокредитлар беришнинг тартиб ва қоидалари хусусида тўхталиб ўтдилар.

Шундан сўнг тижорат банкларига бириктирилган шаҳардаги касб-ҳунар коллежларининг тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган 10 нафардан ортиқ битирувчиларига имтиёзли микрокредит олиш учун сертификатлар тантанали равишда топширилди.

– Ҳадемай мутахассислик дипломини қўлимизга оламиз. Етук кадрлар сафида мен ҳам жамиятимиз тараққиёти йўлидаги фаолиятимни бошлайман, – дейди Енгил саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мадинахон Омонова. – Бунга қўшимча равишда тадбиркорликни йўлга қўймоқчиман. Бугун банк томонидан тақдим этилаётган имтиёзли сармояни паррандачиликни ташкил этишга сарфлайман. Бу ҳам оилавий даромад манбаи, ҳам бандлик омили бўлиб хизмат қилади.

– Аёллар ва келин либосларини яратиш бўйича марказ ташкиллаш ниятим бор, – дейди ана шундай имтиёзли кредитга эга бўлган ёшлардан яна бири, Иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Мавлуда Элмуродова. – Кичик бизнесни ривожлантиришга мамлакатимизда ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Улардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳозирданоқ тикувчиликка қизиққан дугоналаримни ишга жалб этдим. Банк кредити бу йўлда менга катта кўмак беради.

Семинар якунида кўчма “Жамоатчилик қабулхонаси” ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгашга сайланган депутатлар томонидан фуқаролар қабули ўтказилди. Маҳалла фуқаролар йиғинларидан ташриф буюрган юртдош-
ларимиз қабулда ўзларини қийнаётган турли муаммолар, шикоят ва таклифлари билан депутатларга мурожаат этдилар. Ҳар бир мурожаат юзасидан тегиш-
ли тавсиялар берилди, муаммоларнинг аксарияти ўзининг ижобий ечимини топди.

Тадбир иштирокчилари шу куни шаҳар марказида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркор Мафтунахон Ниёзованинг келин либослари сотуви ва гўзаллик салони савдо марказига ташриф буюрдилар. Бу ерда тикувчиликни ўзлаштирган ёшларнинг фаолияти, иш кўлами билан яқиндан танишдилар. Ёш тадбиркорнинг келгусидаги мақсад ва режалари меҳмонлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Мафтуна Ниёзова сингари салоҳиятли тадбиркорлар шаҳардаги “Гўриаввал” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кўплаб топилади. Тадбир меҳмонлари маҳалладаги ана шундай ташаббускор хонадон вакиллари билан ҳам суҳбатда бўлдилар. Жумладан, маҳалланинг Ҳунарманд кўчаси 4-хонадонида ташкил этилган чорвачилик фаолияти барчанинг қизиқишига сабаб бўлди. Оила соҳиби Шукурилло Воҳидов “Агробанк” шаҳар филиалининг 7 миллиондан зиёд имтиёзли кредити эвазига қўйчилик йўналишига асос солди. Айни вақтда хонадонда 18 бош қўй парвариш қилинаётгани ушбу оила аъзоларига боқимандалик кайфияти бегона эканлигидан далолат бераётир.

Шу кўчанинг 7-хонадонида истиқомат қилаётган Ҳамидулло Умарохуновнинг тадбиркор ва ишчанлигини ҳам барчага ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Бу ерда “Водий Ахбу Файз” кичик корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган аёллар ва болалар пойабзаллари харидоргирлиги билан диққатга сазовордир. Меҳмонлар ишчиларнинг меҳнат жараёни, уларга яратиб берилган шароитларни кузатиб, тадбиркорнинг ютуқлари билан қизиқдилар. Ҳозирда меҳнат билан банд аёлларнинг аксарияти касаначилик билан шуғулланмоқда. Қувонарлиси уларнинг кўпчилиги ёшлар. Корхона ишларини юритишда Педагогика коллежи ўқувчиси, шу оила аъзоси Дилафруз Умарохунованинг ҳам ҳиссаси   бор.

Семинарда амалий ишлар ва мавжуд муаммолар ўрганилди, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Аҳоли билан ўзаро мулоқотларда уларнинг орзу ва мақсадлари акс этди.

Мазкур семинар аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширишни ўзида ифода этгани билан ёдда қоларли бўлди.

А.УМАРОВ

 

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube