ГАЗ ЎҒРИЛАРИ

Жиноятга жазо муқаррар

Табиий ва суюлтирилган газ баллонлари аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, уларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида давлат томонидан етказиб бериладиган қимматбаҳо неъматдир. Уни беҳуда исроф этиш ёки ноқонуний фойдаланиш қонунларга зид ҳисобланади.

Судланувчилар Х.Кенжаев «Водийгазтаъминот» унитар корхонаси Ёзёвон туман филиали бош-лиғи, М.Нишонов эса филиалнинг мижозлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Улар мансабдор шахс бўлса-да, ўз лавозимларини суистеъмол қилиб, халқ ва давлат ишончини оқламасдан, мансаб йўриқномаси бўйича аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжларини қондириш, ундан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олиш чораларини кўриши лозим бўлсада, ўз хизмат вазифаларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлиб, касбий бурчларини бажармасдан “Водийгазтаъминот” унитар корхонасидан сотиб олинган табиий газни ўз вақтида ва тегишли миқдорларда мижозларга етказиб берилишида қонунбузарликка йўл қўйишган.

Шунингдек, Х.Кенжаевнинг қўл остидаги ходимлар устидан назоратни ҳам сусайтириб юборганлиги оқибатида филиал суюлтирилган газ таъминотчиси А.Набиев “Водийгазтаъминот” УК туман филиали балансидаги 196 дона, қиймати 39 млн 278 минг 400 сўмлик маиший суюлтирилган газ баллонларини ҳамда ушбу баллонлар сотувидан келиб тушган 7 млн. 397,2 минг сўм пул маблағларини, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилган.

Айбдор Х.Кенжаев ўзининг жиноий хатти- ҳаракатларини давом эттириб, М.Нишонов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, филиалнинг автоматлаштирилган тизим бошқаруви етакчи муҳандиси Ғ.Мўминжонов иштирокида мансаб сохтакорлигига йўл қўйган. Хусусан, улар 205,6 м3 миқдоридаги, қиймати 50 млн 614 минг 200 сўмлик номаълум усуллар билан сарфланган табиий газ истеъмолини яшириш мақсадида, туман табиий газ истеъмолчиларининг ҳисоб-китоб варақаларига сохта ёзувлар киритиб, туманнинг, Баҳор маҳалласида яшовчи 60 нафар аҳолига 20 млн 212,4 минг сўмлик, Иттифоқ маҳалласида яшовчи 11 нафар табиий газ истемъолчиларига 14,1 минг м3 ҳажмдаги газ миқдори учун 3 млн. 478,6 минг сўмлик, Нав-рўз маҳалласида яшовчи 12 нафар табиий газ истеъмолчиларига ҳам 3 млн. 562.2 минг сўмлик, Сойбўйи-2 маҳалласида яшовчи 19 нафар табиий газ истеъмолчиларига 5 млн. 609.6 минг сўмлик, Тошҳовуз маҳалласида яшовчи 3 нафар табиий газ истемъолчиларига эса 1 млн. 208.3 минг сўмлик, Юқори Сойбўйи маҳалласида яшовчи 38 нафар табиий газ истеъмолчиларига 16 млн. 542.8 минг сўмлик, жами 205.6 минг м3 миқдордаги, қиймати 50 млн. 614.2 минг сўмлик , аслида истеъмол қилинмаган табиий газни ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзиб, орттириб ҳисоблаб, истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол этганлар. Ачинарлиси, сохта газ истеъмоли учун аҳолидан 23 млн. 095.6 минг сўм маблағ ноҳақ ундириб олинган.

Ж.Усмонов 2017 йилнинг март ойи бошларида туманнинг, Тошҳовуз маҳалласи ҳудудида жойлашган оҳак цехини ижара тўлови асосида фуқаролар Х.Зулунов ва О.Эрматовларга фойдаланиш учун беради. Бироқ, Ж.Усмонов ўзганинг мол-мулкини алдаш йўли билан қўлга киритиш мақсадида ижарачиларга оҳак цехини тўла қувват билан ишлатиш учун газдан фойдаланиш зарурлигини, ўз акаси К.Усмонов муқаддам “Водийгазтаъминот” УКнинг туман филиалида бошлиқ вазифасида ишлаганлигини, шунинг учун танишлари кўплигини, агарда 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришса, уларга газдан фойдаланиш учун рухсат олиб беришини маълум қилади. Ўз навбатида О.Эрматов ва Х.Зулунов ҳам оҳак цехини ишлатиш учун газдан фойдаланиш масаласини қонуний ҳал этиш ўрнига эгри йўлни танлашган. Улар Ж.Усмоновга мазкур оҳак цехи ёнида 1000 АҚШ доллари миқдорида, орадан етти кун ўтиб ҳудди шу жойда яна 3 млн. 730 минг сўм, орадан бир ҳафта ўтгач эса шаҳарчанинг, Мустақиллик ва Андижон кўчалари кесишган чорраҳаларда учрашиб, 3 млн 730 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берганлар. Ж.Усмонов эса ушбу пулларни ўйламасдан ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Ўзларича газчиларнинг оғзини мойлаган Х.Зулунов ва О.Эрматовлар фойдаланишида бўлган оҳак цехини газ тармоғига ноқонуний йўл билан улаб, бемалол фойдалаверадилар. Туманда аҳолининг газ босими пасайиб , шикоятлар кўпайиб кетгач, цех тармоқдан узиб қўйилади. Икки “тадбиркорлар” оҳак цехини газ тармоғига қайта улаш мақсадида 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида раҳбар чўнтагига солиб қўйишади. Давлат мулкини ўзлаштириб чўнтаги қаппаётган раҳбарнинг “илтифоти” туфайли сохта тадбиркорлар 43 кун давомида табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб, 22 млн 614.8 сўмлик, яъни 91 минг 893 м3 табиий газни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб юборган.

«Водийгазтаъминоти” УК Ёзёвон туман филиали ишчи-ходимларига умумий раҳбарлик қилиш, фонд бўйича ажратилган табиий газни тўғри сарфланишини назорат қилиш, суюлтирилган газни шартнома ва туман ҳокимининг жадвали асосида аҳолига ўз вақтида етказиб берилишини назорат қилиш, газ тармоқларига ноқонуний уланиб олган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш каби мансаб масъулиятини унутиб, қонунбузарликка йўл қўйган Х. Кенжаев жиноий жавобгарликка тортилди.

Арзимаган пора эвазига давлат мулки ҳисобланмиш табиий газни хотамтойлик билан оҳак цехи ижарчиларига инъом этган Ҳ. Кенжаев 2 (икки) йил 6 (олти) ой давлат корхоналарида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, туннинг кечки соатларида яшаш жойидан чиқмаслик шарти билан 4 (тўрт) йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, давлат ва халқ манфаатига моддий путур етказган бошқа судланувчилар ҳам ўз қилмишларига яраша жазоландилар.

Зеро, давлат мулкига кўз олайтирган нафс бандалари суднинг қора курсисида ўтириб, ўз қилмишларидан уялдилар, унга хиёнат қилиш кечирилмас хато эканлигинии англаб етдилар.

Мастурахон ОБИДЖОН қизи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube