Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст…

Бетакрор, афсонавий, сўлим ва мафтункор истироҳат боғининг олтинсимон пештоқли, маҳобатли, гулдор ва нақшинкор дарвозасидан кириб боришингиз билан қўлидаги китобу қалами ила хаёлот уммонига шўнғиган, сўз бўстони ичра кезиб, шеъриятнинг дурдона сатрларини битаётгандек ўйга чўмган шоир Эркин Воҳидовнинг мангуликка дахлдор ҳайкалига кўзингиз тушади. Қадамларингиз ўз-ўзидан тезлашиб, шеърият даҳоси ҳузурига ошиқасиз, унинг пойида оҳиста таъзимла бош эгасиз. Шоирнинг ошуфта қалби ҳам мафтункор гулбаҳорнинг сеҳрли васфидан шодликка тўлгандек таассурот қолдиради кишида. Жўшқин туйғулар асирига айланасиз.

Беихтиёр ҳассос шоирнинг

Ватандош боғингга бир ниҳол қада,

Бу ниҳол номини яхшилик ата…

Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан дея ном олсин, эй дўст… дея кишиларни эзгуликка, гўзалликка ва яратувчанликка ундагувчи олтин сатрлари тилингизга келади…

Баҳор нафаси уфураётган боғ атрофини қоплаган кўм-кўк, зангор-яшил майсазорлар беҳад тароватли. Шивирлай-шивирлай уйғонаётган оқ қайин, каштан, дуб, лола дарахтлари ҳадемай баҳорий гўзалликка бурканиб, яшил кўйлагини кийиб, алвон, ёқут, пуштиранг ғунчаларини очиб, ажиб ҳайратларга солади борлиқни.

Шавкат Эрбобоев, Улуғбек Тошматов, Қодирали Аҳмаджонов ҳамда Улуғбек Қурбонов каби қўли гулмонанд моҳир қурувчилар чинакам истиқлол бунёдкорларига айланишган.

Боғ гўзаллигига латофат, ҳуснига эса ҳусн қўшиб турган шарсимон шаклдаги музқаймоқ майдончаси, шоир Эркин Воҳидов номидаги муҳташам музей, вилоят ёзувчилар уюшмаси биноси, ёш ижодкорлар мактаби, мусиқий зал, ҳамда ёш ижодкорлар учун 50 ўринли турар жой (ётоқхона), икки минг кишилик амфитеатр, “Нуроний”лар уйи, унинг ёғочли нақшинкор кўринишдаги миллий айвони, боғ маъмурияти бинолари қурилиши ни-
ҳоясига етказилган. Ҳар бир бинонинг ички ва ташқи кўриниши дунёдаги энг кўркам шаҳарлар иншоотларини ҳам ортда қолдирадиган даражада чиройли.

-Янгидан қад ростлаётган кўркам ва хушманзара боғимизнинг жамолига боқиб тўймайсан киши. Ҳақиқатдан ҳам халқнинг бу кўнгилочар масканида улкан яратувчилик ишлари олиб борилди. Мен ҳам Марғилоннинг бир фарзанди сифатида унинг барпо этилишига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман, дейди қурувчи муҳандис Давронжон Умидов. Келгусида бу чаман боғ водийдаги энг гавжум ва севимли масканга айланишига шак-шубҳа йўқ. Ахир у кундан-кунга чирой очиб, сеҳрли, ажиб тароватга тўлиб бормоқда. Ҳали не-не иқтидорли, юраги адабиётга ошно йигит ва қизлар камолга етади бу ерда. Назм наволари тутади унинг мовий самосини.

Тугал чирой очаётган “Наврўзи ажам”га муносиб совға бўлаётган ижодкорлар боғи албатта марғилонликлар ифтихорига айланади.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube