ҒОФИЛЛИК  ЖАВОБГАРЛИКДАН СОҚИТ ҚИЛМАЙДИ

Пайшанба – жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни

Бугун ўта шиддаткор, улкан геополитик мақсадлар тўқнашган, глобаллашув жараёни кучайган даврни бошдан кечиряпмиз. Мазкур жараёнда инсон қалби ва онги учун кураш тобора кенг тус олмоқда. Шу ўринда мамлакатлар равнақи, халқлар фаровонлигига жиддий таҳдид солаётган буз- ғунчи мафкуралар, экстремис- тик, қўпорувчилик гуруҳлари, “Оммавий маданият” ниқоби остида ахлоқсизлик, ватансизлик ғояларини кенг тарғиб қилаётган бузғунчи ғоялар тахдиди жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай ёвуз ниятли кучлар юртимиз келажаги – фарзанд-
ларимиз, ёшларимиз онги ва қалбини заҳарлашда ҳар қандай қабих йўлдан тап-тортмаяптилар. Гўзал, таъсирчан воситалар, замонавий ахборот технологиялари, жозибали усуллар, миллий-маданий қадриятлар ниқоби остидаги маънавий сабоқлар уларнинг жирканч мақсадлари йўлидаги кенг оммалашган воситалар бўлиб хизмат қилмоқда.

Зотан, аллақачон бутун жаҳон ўргимчак тўри-интернет уларнинг виртуал қуролига айланиб улгурди. Интернетдаги ижтимоий тармоқларда буз- ғунчи ғояларни тарғиб этувчи, ахлоқсизликка чорловчи, космополитизмни улуғловчи гуруҳ ва сайтлар мавжудлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Мазкур халқаро тармоққа қора қузғун каби ўрнашиб, юртимиз ютуқларини кўра олмаётган ғаламис кучларнинг носоғлом, бўхтон ва ғийбат билан тўлиб тошган маълумотларини айрим ёшларимиз ўқиб, баъзан адашиб ҳамфикр бўлиб қолаётгани эса оғриқли нуқталаримиздир.

Шунинг учун, барча ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари қатори вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ҳам мазкур йўналишда кенг профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳокимлик, жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари, меҳнат жамоалари, ўзини — ўзи бошқариш органлари билан бу борада қатъий ҳамкорлик чоралари кўриляпти.

Бироқ, кўрилаётган барча чораларга қарамай фуқаролар томонидан Ўзбекистон мусулмонлар идораси таъқиқланган диний маърузалар, айниқса турли кўринишдаги ҳаёсизликни, бошқа бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи видеороликларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Масалан, ўтган йилнинг 8 декабрь куни “Марғилон темир йўл шоҳ бекатида ўтказилган профилактик тадбир жараёнида “Москва-Андижон” йўловчи поездида ўз яшаш манзилига қайтган фуқаро Э.Р.нинг уяли алоқа воситасидан 150 дан зиёд порнографик мазмундаги видеофайллар мавжудлиги аниқланди. Ёки ўтган йилнинг ноябрь ойи Фарғона аэропортида транспортда жамоат хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирда Россия Федерациясидан учиб келган қўшни вилоятлардан бирида яшовчи фуқаро З.А.нинг уяли алоқа воситасидан Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган “Ўзбекистон ислом ҳаракати”, “Туркистон ислом ҳаракати” сингари диний экстремистик ташкилотларнинг ватанфуруш намоёндалари Тохир Йўлдошев, Абдували Мирзаев, Рашод Камоловларнинг ақидапарастлик ғоялари билан суғорилган, жиҳод ва шаҳидликка ундовчи маърузалари борлиги аниқланди. Оқибатда ҳар икки ҳолатда ҳам холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, юқоридаги фуқароларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва мазмунан кўриб чиқиш учун судга ҳавола этилди. Суд жараёнида улар айбдор деб топилиб, қонун доирасида жазоландилар. Уларнинг уяли алоқа воситалари эса мусодара қилинди. Минг афсуски Фарғона халқаро аэропорти, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва бошқа темир йўл шоҳбекатларидан бундай ачинарли ҳолатларга яна бир неча мисоллар келтириш мумкин.

Қисқача қилиб айтганда, бу каби ҳолатлар жиноий-ҳуқуқий жиҳатдангина ножўя ҳаракат эмас, аксинча жамиятимиз томонидан гумроҳлик, нонкўрлик, ўтакетган ахлоқсизлик сифатида ҳам кескин қораланади. Шунинг учун фуқароларимизда, айниқса ёшларимизда ҳар бир маълумотни таҳлил эта олиш малакасини ҳосил қилиш, биринчи навбатда интернет тармоғидан фойдаланишда хуш-ёр ва огоҳликка эришишимиз даркор. Зеро, ёшларимизда мустақил фикрни шакллантириш, уларнинг ҳар қандай вазиятда тўғри қарор чиқаришига бутун жамият масъулдир.

Яна бир нарса: таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳуқуқбузар фуқаролар аксарият ҳолатларда бузғунчи видеоматериаллар сақланган уяли телефон ёки компьютер воситасини эндигина олишганини, уларнинг хотирасида қандай файллар борлигини билмасликларини рўкач қиладилар. Бироқ ғофиллик ҳеч қачон жавобгарликдан, ҳеч кимни соқит қилмайди. Шундай экан, буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

Музаффар САЛИМОВ,

вилоят Ички ишлар бошқармаси транспортда жамоат хавфсизлиги бўлими тергов бўлинмаси бошлиғи, милиция майори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube