НАФС  ИСКАНЖАСИДА

Жиноятга жазо муқаррар

Қўштепалик Хусниддин Абдуллаев томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 189-моддасида назарда тутилган, муқаддам содир этилган жиноят иши Жиноят Кодексининг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилиб, авф этилган бўлса-да, айбдорнинг ўрганган кўнгли ўртанишдан ҳеч қўймади, нафс исканжасида қолган Хусниддиннинг бурнига сира сув кирмади, кирмади…

Маълум бўлишича, судланувчи Х.Абдуллаев “Водийгазтаъминоти” УК Қўштепа тумани филиали раҳбари лавозимида фаолият юритаётган вақтида мансаб ваколатларидан фойдаланиб, 2014 йил давомида 378 та ҳолатда 37.326.00 сўм, 2015 йил давомида 203 та ҳолатда 30.294000 сўм, 2016 йил давомида 308 та ҳолатда 26.761000 сўм, жами 889 та ҳолатда 96.692000 сўм қарздорликни тармоқдан узилган ва табиий газ учун қарздорлиги мавжуд бўлмаган истеъмолчиларнинг “Биллинггаз” дастуридаги шахсий ҳисоб варақаларига киритиб, гўёки, истеъмолчиларнинг табиий газдан бўлган бу “нореал” қарздорликлари давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлишини пеш қилди.

Бундан ташқари, Х.Абдуллаев газ ҳисоблагич ускунасига ташқи томондан шикаст етказилганда, газ ҳисоблагич ускунаси давлат қиёслов кўриги муддати ўтиб носоз ҳолатга келганда, истеъмолчилардаги мавжуд давлат стандарти талабларидан ташқари ностандарт газ анжомлари ўрнатилганлиги, газ ҳисоблагич ускунасини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш ҳолатлари юзасидан тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда жарималар солиниши ёки қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозимлигини билгани ҳолда истеъмолчиларга 281 та ҳолатда далолатномалар тузилмасдан истеъмолчилар ҳамда ўз-ўзини бошқариш органлари вакилларига танишганлиги тўғрисидаги имзолар қўйдирмасдан жами 42150000 сўмлик жарималарни “Биллинггаз” дастурий базасига асоссиз киритиб, истеъмолчилар қарздорлигини сунъий равишда ошишига ва нореал қарздорликлар вужудга келишига имкон яратиб берган.

Шунингдек Х.Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2742-сонли қарори талабларига кўра нореал қарздорликлар истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб варағидан чиқарилиши белгиланганлигини билган ҳолда, 2016 йил давомида нореал қарздорлик сифатида ҳисобхона балансидан чиқарилган 5.811.433.400 сўмлик дебитор қарздорликнинг 89.363.000 сўмлик қисми ҳақиқатда табиий газдан қарздорлиги бўлган ҳамда қарздорликларини мажбурий тартибда ундирилиши юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг тегишли суд буйруқлари чиқарилган 44 нафар истеъмолчиларнинг “Биллинггаз” дастурий базасидаги шахсий ҳисоб варақаларидан асоссиз равишда чиқаришга ҳам йўл қўйган.

Судланувчи Х.Абдуллаев тумандаги истеъмолчиларнинг 2017 йил 1 июль ҳолатига 994.518.000 сўм дебитор қарздорлиги мавжудлигини ҳамда ушбу қарздорликнинг 161.650.000 сўми муддати ўтган дебитор қарздорликни ташкил этишини билиб туриб, ўз хизмат вазифасига ўта лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 12 майдаги “Халқ хўжалигида ўзаро ҳисоб-китобларни ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талабларига риоя қилмасдан тумандаги 232 нафар истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ учун юзага келган жами 161.650.000 сўм муддати ўтган дебитор қарздорликни мажбурий тартибда ундириш чораларини кўрмаганлиги оқибатида давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига олиб келган.

Суд мажлисида судланувчи Х.Абдуллаев ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб иш фаолияти давомида хизмат вазифаларини лозим даражада бажара олмаганлиги сабабли ушбу хато ва камчиликларга йўл қўйганлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳамда ҳозирги кунда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўради.

Бироқ жиноят жазосиз қолмайди. Хусниддин Абдуллаев Ўзбекистон Рес-
публикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 207-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, айбдорга нисбатан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.

Ҳа, “Давлатнинг ҳақини суистеъмол қилиш етимнинг ҳақини ейишдан ҳам оғирроқ гуноҳдир”, деб бежизга айтишмайди. Ҳалоллик, покликка нима етсин…

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube