ҲУНАРМАНДЛАР МАВЗЕСИ

Бунёдкорлик

ҲУНАРМАНДЛАР МАВЗЕСИ

шаҳримизнинг энг диққатга молик гўшаларидан бири, сайёҳлик ва дам олиш масканига айланади

СЎЗ ВА ИШ БИРЛИГИ

Бугун юртимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Барча ҳудудлардаги беқиёс кўламдаги иқтисодий, ижтимоий қурилиш объектлари, ободонлаштириш ишлари бунинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, қадимий ва навқирон шаҳримизда ҳам бунёдкорлик борасида улкан режалар амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳар Маданият ва истирохат боғидаги бунёдкорлик ишлари якунланиш арафасида турибди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг ўтган йили шаҳримизга ташрифи чоғида Марғилонда миллий ҳунармандчилик ва туризмни ривожлантириш мақсадида ҳунармандлар мавзесини барпо этиш борасидаги топшириқларини ҳам ижро этишга киришилди.

Энг аввало бу топшириқларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш учун шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида темир йўл кўпригидан темир йўл вокзалигача бўлган “Хиёбон” кўчасида 17 гектар ер майдони ҳунармандлар мавзе (шаҳарча)си қурилиши учун ажратилди. Бу ерда мавжуд эски бинолар бузилиб, қурилиш объектлари учун ер майдонларини тайёрлаш, коммуникация ишларини бажариш борасида астойдил ҳаракат бошланди. Бир сўз билан айтганда шаҳримизда замонавий ва миллий анъаналар услубида муҳташам ҳунармандлар мавзеси барпо этиш бошлаб юборилди.

Таъкидлаш жоизки, янги, муҳташам шаҳарчани барпо этишдаги сўз ва иш бирлигини таъминлашда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш доирасидаги чора-тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли адо этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳим омил бўлмоқда.

ИНСОН МАНФААТЛАРИ – АСОСИЙ МЕЗОН

Шаҳримизнинг жанубий дарвозаси бўлган темир йўл вокзалига ҳамоҳанг барпо этиладиган Ҳунармандлар мавзеси энг аввало аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришни назарда тутади. Зеро, бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, дам олиш ва спорт мажмуалари қад ростлайди.

Жумладан, 6340 квадрат метр майдонда сайёҳлар учун меҳмонхона барпо этилади. “Карвон” буюк ипак йўли композицияси шаҳарча кўркига кўрк қўшади. Ҳунармандлар, мажмуада ишлаётганлар учун дам олиш, маданий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. Масалан, ҳунармандлар мавзесида ҳар бири 1400 квадрат метрли тўртта миллий таомлар шаҳобчалари, 125 квадрат метр ҳажмдаги тўртта мусиқали фаввора қад ростлайди.

Режалаштирилган объектлар орасида Муз саройи комплекси, “Гимнастика” соғломлаштириш спорт мажмуаси алоҳида аҳамиятга эга. Зеро бу комплекслардаан бири – Муз саройи шаҳримиздагина эмас, вилоятимизда ҳам илк қишки спорт мажмуаси бўлади. Бу ерда фигурали учиш, конькида учиш, хоккей каби қишки оммавий спорт турлари билан шуғулланиш имконияти туғилади. Демак, барпо этилажак спорт мажмуалари болалар билан бир қаторда барчага  ҳам чексиз қувонч бағишлаши шубҳасиз.

ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Маълумки, юртимиз беқиёс маданий мерос объектлари, осори-атиқалари билан дунёга машҳур. Шу боис кейинги йилларда диёримизда туризм соҳасига жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда зиёрат, этнографик, гастрономик туризм тармоқларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда шаҳримизда барпо этиладиган ҳунармандлар мавзеси янада жозибали аҳамият касб этади.

Чунки, бу ерда нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларни ҳам қизиқтирадиган ажойиб объектлар барпо этилади. Улардан энг муҳими қадимий ҳунармандлик устахоналари барпо этиш билан боғлиқ. Шаҳримизда эса асрлар давомида ота-боболари касбини эъзозлаб, давом эттириб келаётган машҳур ҳунармандлар сулолалари кўп. Янги мавзе уларга ва барча жисмоний ҳамда юридик шахсларга миллий, анъанавий усулларда устахоналар очиш, янги ҳунармандлик цехлари барпо этиш имкониятини беради. Бундан ташқари мажмуада ҳунармандлар учун муҳташам маҳсулотлар Кўргазмалар саройи ҳам қурилади. Шаҳримизга ташриф буюрадиган сайёҳларни қабул қилиш, саёҳатларини кўнгилли ўтказишига эса юқорида таъкидланганидек замонавий меҳмонхона, овқатланиш шаҳобчалари, истироҳат ва спорт мажмуалари муносиб хизмат кўрсатади. Уларга, айниқса хорижий сайёҳларга шаҳримизнинг тарихий меъморий обидалари, осори атиқалари билан бирга аждодларимизнинг қадимий ҳунарлари, маҳсулотлари ва ошпазлик маҳоратларини намойиш қилсак, туристлар оқими тобора кўпайиб бораверади.

Бу эса маҳаллий тадбиркорларимиз, уста ҳунармандларимиз фаолиятини янада кенгайтиради. Сайёҳлик ривожланган жойда эса маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, шубҳасиз барпо этилажак ҳунармандлар мавзеси шаҳримизнинг энг диққатга сазовор кўркам, обод гўшаларидан бирига, жозибали сайёҳлик ва дам олиш масканига айланади. Кўзланган режа ва мақсадларни рўёбга чиқишига эса шаҳримиздаги ҳунармандлар сулолалари, тадбиркорларнинг қизиқиши, бу ерда ўз устахона ва цехларини, хизмат кўрсатиш ва маданий-маиший объектларини очиш учун амалий саъй-ҳаракатлари, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари томонидан яратилаётган қулай, имтиёзли шарт-шароит ва имкониятлар ишончли кафолатдир.

М.МИРЗАЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube