АРХИВ ТАРИХ КЎЗГУСИ

Бугунги кунда архив фаолиятини автоматлаштириш ва архивларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш долзарб масала сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан архив фаолиятини автоматлаштириш оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга яратилаётган қулай имкониятлар ҳамда архивларда ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этишга катта аҳамият берилмоқда.

Архив иши соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш ва бошқаришда 2010 йил 15 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Соҳада яратилган мукаммал қонунчилик тизими архивларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, электрон архив фондларини яратиш ҳамда рақамлаштиришнинг замонавий ускуналари билан жиҳозлашда янги истиқболларни очмоқда.

Архивларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш соҳа мутахассисларининг энг биринчи вазифасидир. Шундан келиб чиқиб, 2008 йилдан бошлаб барча давлат архивларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда асл ҳужжатларнинг умрини узайтириш мақсадида алоҳида қимматли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш ишларига киришилди.

Бугунги кунда ахборот олишга бўлган эҳтиёж тобора ошиб бораяпти. Мазкур жараён архивлар фаолиятини ривожлантиришда янгича ёндашувни талаб этмоқда.
Шу маънода, мавжуд архив муассасаларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланишига катта эътибор қаратиляпти. Бу эса иш самарадорлиги оширибгина қолмай, ҳужжатларни сифатли ва узоқ муддатга сақлаш имкониятини бермоқда. Шунинг билан бирга, аҳолининг архив ҳужжатларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида www.archive.uz сайти мунтазам фаолият юритмоқда. Ушбу сайтда “Хизматлар” ва “Интерактив хизматлар” туркумларида фуқароларга архив муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларга оид кенг кўламли маълумотлар ҳавола қилинган. Шунингдек, веб-сайт модернизация қилиниб, унда аҳоли ва тадбиркорлар учун Агентлик раҳбариятининг виртуал қабулхонаси жорий қилинди. Виртуал қабулхона орқали интернетдан фойдаланувчилар электрон рақамли имзоларсиз бевосита Агентлик раҳбариятига мурожаат этишлари мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Агентлик веб-сайтида ҳужжатларнинг қидирув тизими жорий этилиб, давлат архивларида сақланаётган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг шахсий таркиб ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди. Бу эса ўз навбатида мурожаат этувчиларнинг ортиқча вақт йўқотишлари ва йўл сарф-ҳаражатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, архив соҳасининг барча жабҳаларида ахборот-куммуникация тизимини жорий қилиш натижасида кундан-кунга фуқаролардан келиб тушаётган сўровларнинг сонида ўсиш суръати кузатилмоқда. Ўз навбатида уларнинг мурожаатларига тезкор, қулай ва ўз вақтида жавоб қайтарилиши архив муассасалари билан фуқароларнинг ўртасида ўзаро ва ишчан алоқаларни мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

Фаррух МАДРАҲИМОВ,

шаҳар Давлат архиви бошлиғи.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube