Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат учун тўланадиган пул бадали миқдори ўзгарди

Мамлакатимиз аҳолисига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинадиган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадаллари ҳажмини камайтириш мақсадида Президентимиз 2 февраль куни тегишли Фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур Фармонга асосан, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланди.

Бунгача сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этган.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида туман (шаҳар) чақирув комиссиялари томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар яратиб берилган ушбу имкониятдан кенг фойдаланган ҳолда янгидан белгиланган пул бадали миқдори бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалларини тўлашлари мумкин.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube