БИЗНИ АФВ ЭТИНГ, ҲАЗРАТ НАВОИЙ!

Журналист Алишер Назарнинг ЎзА сайтида эълон қилинган «Тилимиз давлат ҳимоясига муҳтож…ми?» мақоласини ўқиб

Hello, Mister…

Йўғ-э, минг бор узр, Ҳазрат! Ҳа, ҳа, Сиз Ҳазратсиз. Айниқса, биз учун, миллатимиз учун Ҳазратсиз! Мен густоҳлик қилдим. Мендай чаласавод ворисингизни афв этинг, Навоий бобо!

Аслида ассалому алайкум, Ҳазрат Навоий, демоқчи эдим. Бироқ, ҳар сафар сизнинг муборак номингизга қўйилган кўчадан ўтар эканман, пештоқлардаги битиклар қаердалигимни ҳам хотиримдан фаромуш қилади. Бу гал ҳам ўзимни аллақайси ажнабий юртда юргандек ҳис қилдим шекилли, шууримдан шошилинч юборилган фармойишга кўра бесуяк тилимдан беихтиёр инглизча сўзлар чиқиб кетди. Бу айбимни ёшликка йўйиб (ёшлигимиз-ку қолмади, лекин сизнинг қарийб 600 ёшингизга қиёсан шундай деяпман-да), мени яна бир бор маъзур тутинг.

Ассалому алайкум, Ҳазрат Алишер Навоий!

Кўчаларимиз ажнабий тилдаги ёзувлар билан бежаб ташланганига қарамай, ҳали она тилимизни унутиб юборганимизча йўқ. Буюк истиқлолимиз аввалида, қарийб 30 йил муқаддам Биринчи Президентимиз жасорати билан Сизу бизнинг тилимизга Давлат тили мақоми берилди. Ҳозирча наинки тилимизни, балки сизнинг “Муножот”, “Қаро кўзум” (яхшиям қўшиқ бўлган экан-а!) каби ғазалларингизни, сиз битган “Хамса”нинг беш достони номини ҳам яхши биламиз. Яна, баъзи тўртликларингиз, масалан, «Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш», деб бошланувчи рубоийингизни боғча боласидан тортиб, адабиёт муаллимигача ҳамма ёд билади (бошқа касб эгалари мактабда ёд олган бўлса-да, кейинчалик ҳеч бир истиҳоласиз унутиб юборади).

Энди асл муддао, яъни кўчалармиздаги ёзувлару номларнинг ажнабийлашиб кетаётганига келсак, бизни ҳам тўғри тушунинг бобо, ҳар қалай бу сиз яшаган давр эмас-да! Мустақил Ўзбекистонимиз дунёга чиқаяпти, дунё Ўзбекистонга кириб келаяпти. Ҳойнаҳой, Сиз билмассиз, бунинг отини ГЛОБАЛЛАШУВ дейишади. Сиз, Ҳазрат туркий тил, форсий забон ва арабий лисон билимдони, бугунги тушунча билан айтадиган бўлсак, академиги эдингиз. Ҳатто қуш тилини ҳам яхши билганингиздан “Лисон ут-тайр” орқали хабардормиз.

Бобожон, шунча тилни билган сиздай аллома ҳам кўчаларимизни «безаб» турган бу ёзувларни кўриб, диққатингиз ошиб кетадими, деган ҳадигим бор. Бунинг боиси куни кеча сизнинг номингиз берилган кўчанинг тенг ярмини (тахминан бир чақирим чиқар-ов) яёв айланиб, шундай хулосага келдим (агар охиригача борганимда, билмадим, қандай хулоса бўлар эди?). Кўчанинг икки юзи бўйлаб бир-бирига туташиб кетган дўконлар, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари пештоқидаги номлар, ёзувларнинг қарийб ҳаммаси инглиз, француз ёки бошқа шунга ўхшаш бирор ажнабий тилда. Санаб чиқдим: роппа-роса қирқта экан. Келинг, қоғоз тўлса тўлар (ҳарна қалам ҳақи тузукроқ бўлади), ишқибозчиликка бир санаб берсам, нима дейсиз? Унда эшитинг: “BonitoTO”, “Saboss”, “iMac notebooks”, “EKF”, “TAC”, “movi”, “Europa”, “AVVA”, “CHIGO”, “ARHIMAX”, “Pazza”, “Asus”, “Milano”, “Fiancce”, “Aser”, “Sanan”, “FTS”, “Armani”, “Imir”, “Etor”, “Cesar s”, “Best”, “Climber”, “Topmen boutigie”, “WOMANS”, “OXXO”, “Levi S”, “Lardini”, “Vika”, “Combo”, “Game club”, “Kalde”, “Hayat”, “Bayaro”, “Maraton”, “Play Station”, “Play hоusе”, “Welcome”, “Sweet hоusе”.

Жаранглашини қаранг, жаранглашини! Бордию бутун шаҳарни айланиб чиқсам бундай жарангдор номлар рўйхати сизнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарингиздан ҳам каттароқ китоб бўлса не ажаб?! Сизнинг номингиз билан юритиладиган кўча ва Нодирабегим кўчаси туташган жойда Бобораҳим Машраб ҳазратлари «лолу ҳайрон» боқиб турибдилар, “Megаpolis” деганлари нима экан, деб. Ахир, у киши Намангандан кетар чоғларида ҳам бу ерлар Сардоба аталмиш эди-да. Бир вақтлар бу жойлар сар (бош) — об (сув) сўзлари бирикмасидан Сардоба – Сувбоши дейилган бўлса бордир. Ўшанда сувбоши бўлса, ҳозир САВДО-СОТИҚниниг боши-да. Кўрдингизми, барибир бош! Қолаверса, бу ердаги машинаю одамлар тирбандлигини кўриб, мажмуа соҳиблари бежиз мегаполис – катта шаҳар, деб номлашмаган экан, деган хулосага келишингиз тайин.

Газетчиликда яхшими-ёмонми, бирор бир воқеликка муносабат билдирилса, одатда унинг ташаббускоридан, сабабчисидан, ижодкоридан, хуллас, унга тегишли бўлган масъулдан изоҳ талаб қилинади. Биз бундай қилмадик, Ҳазрат. Юқоридаги дўконлар эгаларидан “Нега шундай номлагансиз? Бу ном нимани англатишини биласизми?” қабилидаги сўроқ-саволлар билан уларни безовта ва ўзимизни нодон қилгимиз келмади. Чунки, улар шу номни танлашибдими, демак, бир балони биладилар. Бироқ, юқоридаги саволларни бермаганимиз сабаби бу эмас, бобо. Зеро, бу ўринда ҳеч қандай баҳона-сабаб, важ-карсон ва ё изоҳ ўзини оқламайди.

Коинот шайдоси бўлган тадбиркор ўз дўконини “Сириус”, “Квазар”, “Андромеда”, табиат ва география шайдоси “Элбрус”, “Океан”, “Тян-Шань”, “Экватор”, “Меридиан”, “Горизонт”, фан-техника ишқибози “Альфа”, “Спектр”, “Вектор” сингари юлдузлар, тоғлар номи ё географик ва бошқа илмий терминлар билан атаса, тушунса бўлар, чидаш мумкин. Соф миллий атамалар бўлмаса-да, бундай номлар ҳар ҳолда, кўпчиликка тушунарли ва дўкондорнинг дунёқараши, қизиқишидан нишона бериб туради. Лекин, шунчаки жарангдорлиги, дунёнинг қаеридадир машҳурлигига қизиқиб ном қўйиш қандай бўларкин?

“Хуш келибсиз!” ёки “Марҳамат қилинг” деган соф ўзбекона лутф ўрнида “Welcome”, “Ореn”каби лавҳаларни кўриб ажабланасиз-да, тўғрими? Балки, бу билан биз ўта замонавийлашиб бораётганимизни кўз-кўз қилмоқчидирмиз? Юртимизга келаётган хорижий меҳмонлар ҳурматини жойига қўймоқчидирмиз, эҳтимол? Аммо, аввало, ўзимизни ҳурмат қилишимиз лозим эмасмикан? Ўзини ҳурмат қилмаганни биров ҳам ҳурмат қилмайди, деган ҳикмат бежиз айтилмагандир! Иннанкейин, чет элликларни уларнинг ўзидан қолган, ўзининг юртида меъдасига тегиб кетган нарсалар билан қойил қолдириш мумкинми? Нью-Йоркда ҳар қадамда пешонасини “Mаkdonalds” зувига уриб юрган Майкл Наманганда ҳам шу лавҳани кўрса, қувонч ва ҳайратдан ёрилиб кетади, деб ўйлаш ғирт нодонлик. Аксинча, хорижий сайёҳлар ўзга юртга унинг табиати, тарихи, осори-атиқалари, маданияти, халқ урф-одатларига қизиққани учун боради, сафари чоғида асосан шуларга эътибор қаратиб, шулардан таассурот олади. Қолаверса, Наманганга бир йилда қанча ажнабий меҳмон келди-ю, уларнинг қанчаси инглиз тилида ёзилмагани учун дўкон қолиб ошхонага кириб кетди экан, билмадик.

Албатта, ўз дўконига қандай ном қўйишдан қатъи назар, ўша тадбиркорлар ҳам эл-юрт хизматига камарбаста экани кўнгилга таскин беради. Сизнинг даврингизда қандай бўлган билмадигу, шўролар замонида хусусий мулк, тадбиркорлик тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Мана энди истиқлол шарофати билан тадбиркорликка кенг йўл очилган, мамлакат қонунларига риоя қилган ҳолда, эмин-эркин фаолият юритсанг, қандингни ур! Аммо, айни дамда ҳар бир халқнинг ўзлиги, миллий ғурури, миллий шаъни дейилмиш ўзига хос қадриятлари ҳам бўладики, уни поймол қилмоқликнинг, мақсад нечоғли эзгу бўлмасин, оқибати хайрли эмас. Негаки, бугун “оммавий маданият” деган кўзга кўринмас бир бало ўзлигимизни мевага тушган қуртдек ичидан кемира бошлади. Биноларимиз пештоқида кўзни қамаштираётган хорижий тилдаги лавҳалар ҳам ана шу офат тажовузининг “беозоргина” кўринишларидан бири, холос. Бундай ғайримиллий, ҳатто инсонийликка ёт ғоялар бугун ҳар хил жозибали кўринишда, турли воситалар паноҳида шундай орамизда юрибди.

Вилоят жамоатчилиги иштирокидаги бир тадбир зиёфатида ошхона ходимаси (официант) кийиб олган футболка (узр Ҳазрат, бизда ҳалиям айрим нарсаларнинг соф ўзбекча номи йўқ) кўкрагидаги ёзувни кўриб ёқамни ушлаб қолдим… Ёшгина қиз либосидаги ёзув, маъносини билмадим, лекин шаклан ўзбекчасига ўқисангиз ҳам, русча ёки инглизча ўқисангиз ҳам бир гўр — жуда уятли сўз эди. Уни Сизга айтолмайман. Уяламан.

Ҳазрат, Сиз ҳаммаси шундай давом этаверармикан, деган хаёлга асло борманг. Балки, сизнинг даврингизда косиб, бўзчи, кулол, баққол, тужжор ва ҳоказоларни рўйхатдан ўтказиш инспекцияси деган ташкилотлар бўлмагандир. Аммо бугун бизда бунақанги масъул идоралар кўп: статистика, солиқ, ҳокимлик, бундан ташқари, тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича тегишли уюшма ва бошқалар. Шуларнинг ҳаммасининг темир дафтарига тиркалмай туриб, иш бошлай олмайсиз. Масалан, шаҳар ҳокимлигида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси бор. Шу идора ҳали вақти келиб номларнинг ҳаммасини шундай жой-жойига қуйиб қўядики, барча туманлар ҳокимликлари ҳузурида бундай инспекция бекорга ташкил этилмаганига ишонч ҳосил қиласиз. Ҳозирча, кунига ўнлаб субъектлар ташкил топаётган жадал жараёнда уларнинг йўлига ғов бўлгандай бўлмайлик, деган андишада номларига эътироз билдирмай турибдилар-да. Ҳали шундай кунлар келадики, рўйхатга олиш идоралари ўз соҳасининг билимдони бўлган тилшунослар, тарихчию маънавиятчиларни эксперт сифатида ишга жалб этиб, фирма ёки дўконга танланган номни шундай тафаккур чиғириғидан ўтказишади, маънавий ислоҳотларда сўз билан амалий иш бирлигини исботлаб қўйишади, албатта.

Унгача бизни афв этиб турасиз, деган илинждамиз.

Акрамжон Сатторов,

ЎзА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube