ОШУФТА  ҚАЛБ

Инсон ҳаётида ўтган кунлар қалбини чўғдек куйдирса, баъзи кунлар изтиробидан кўнглини туман қоплайди. Муҳтарам Президентимиз Ислом ота билан қилган суҳбатларим умрим хотирасининг энг мунаввар, энг бахтли, энг жўшқин лаҳзалари эди.

Йиллар ўтса-да у кунлар хотирамда худди ёрқин юлдуз ёғдусидек нур таратиб тураверади. Не бахтки, мен шундай буюк зот билан ҳамсуҳбат бўлишга муяссар бўлган, уларнинг назарига тушган оддий ҳунарманд эдим. Худди кечагидек эсимда 2007 йилнинг 7 сентябри. Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилей тантаналари нишонланаётган шукуҳли кунлар. У киши нуфузли меҳмонлар қуршовида Саид Аҳмад хўжа эшон мадрасасида жойлашган ҳунармандчилик марказимизга ташриф буюрдилар. Ҳамиша фидойилик, улуғворлик, донишмандлик барқ уриб турган чеҳраларига боқдиму бир зум ҳаяжонга тушдим. Худди яқин танишлардек қўлларимдан тутиб, миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантириш ҳақида куйиниб гапирдилар. Учрашувдан сўнг бир ойгача самоларни парвоз қилаётган қушдек учиб юрганман, назаримда оёқларим ерга текмаётгандек эди.

Муҳтарам Президент билан учрашувим мени шу қадар руҳлантириб юборган эдики, ўзбек миллий ҳунармандчилигини нафақат она шаҳрим Марғилонда балки, бутун Республикамиз бўйлаб қулоч отишига ўзимни масъулдай ҳис этардим. Мен кўҳна Хива ва Бухоро шаҳарларида ҳам тўқимачилик мактабларини ташкил этдим ва гиламдўзлик, атлас ва адрас тўқишнинг нозик сирларини у ернинг ёшларига бажонидил ўргатдим. Ҳатто Кореянинг Че Жун оролида ҳам ўзбек миллий матоларининг шуҳратини ёйиб, Юнесконинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритишга эришдим.

Баъзан ўз-ўзимдан юрагимда ғурур пайдо бўлади, мен муҳтарам Президентимиз билан учрашганман, деб қўяман ифтихорла фарзандларимга.

Уйимнинг тўрида у киши билан тушган суратим осиғлик туради. Ҳар нафас у кишининг расмларига боқиб, туганмас куч-ғайрат оламан. Ислом ота, сиз мен каби қалби қалбингизга ошуфта кишилару, сизни беҳад севгувчи кўп миллатли Ўзбекистон халқи қалбида мангу яшайверасиз. Сиз абадий барҳаётсиз!

Расулжон МИРЗААҲМЕДОВ,

Фарғона вилояти “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube