Хайр, боғча, салом, мактаб!

Юртнинг эзгу муроди бойланган дилбандларимиз болажон халқимиз ва ғамхўр Юртбошимизнинг меҳри ва эътибори оғушида улғайиб, камолга етаётганининг ўзи улкан саодатдир.

Таълимнинг илк босқичлариданоқ она Ватанга муҳаббат, ота-онага эҳтиром руҳида тарбияланаётган, мурғак юрагида китобга ошнолик, спортсеварлик, изланувчанлик фазилатлари шаклланаётган ўғил-қизлар, шубҳасиз, миллатимиз келажагининг яратувчиларидир.

Шаҳримиздаги ХТМФМТТЭБ тасарруфидаги 19-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган кичкинтойлар ҳам болаликнинг бахтли дамларини бахтиёр, ўзгача шукуҳ билан ўтказмоқдалар. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Хайр боғча, салом мактаб” байрам тадбири ҳам болажонларнинг шодлигига ҳамоҳанг тарзда кечди.

Тадбирни муассаса мудираси Мухтарамхон Маткаримова очиб, барча қатнашчиларни бугунги айём билан қутлади. Болажонларимиз учун қад ростлаётган муҳташам ўқув масканлари, яратиб берилган шарт-шароитлар бу борада мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани, энг муҳими навқирон авлод бундай юксак эътибор ва эъзозга муносиб бўлишга интилаётганлигини таъкидлади.

Муассасанинг таълим ва тарбия тизимида эришаётган ютуқларида услубчи М.Тўрабоева, ҳамшира Э.Жамолдинова, дефектолог М.Ёқубова ва тарбиячи устозларнинг муносиб ҳиссалари борлиги аҳамиятлидир. Боғчада рус тили, инглиз тили, жисмоний тарбия, мусиқа тўгараклари мунтазам фаолият олиб бормоқда. Тадбирда болалар рус, инглиз ва она тилимизда шеърлар ижро этишиб, ўз билимдонликларини намойиш қилдилар. Айниқса, М.Мухторов, Р.Муҳаммадиева, И.Халимов, М.Қосимова, Х.Рахматалиев каби иқтидорли болажонларнинг чиқишлари барчани ўзига мафтун айлади. Бунда тарбиячилар Холидахон Содиқова, Наргизахон Аҳмедова, Муаттархон Аҳмедова, Муҳторахон Бадалбоева, Дилноза Турсуноваларнинг меҳнатлари катта албатта.

Завқ билан, бийрон-бийрон айтилган шеър, қўшиқлар ва рақслар, кичкинтойларнинг шодлиги ота-оналарнинг қувончига-қувонч қўшди. Шу он байрамларинг бардавом бўлсин кичкинтойлар, деган ўй кечди юрагимдан.

 Дилрабохон УСМОНОВА

 

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube