МАТЛАБИ БАРҲАЁТЛИК ЭДИ

Инсон дунёга келибдики, ўзидан фақат яхши ном қолдириш учун ҳаракат қилади. Мен оддий, меҳнаткаш оилада таваллуд топдим. Отам ниҳоятда эътиқодли, тақволи инсон бўлганлар. Шу боис кенжа фарзанд бўлсамда, ҳар томонлама мустаҳкам тарбия беришга ҳаракат қилишган. Аммо энди камолимни кўраман деганда уруш асорати сабабли, отам 24 ёшимда бу дунёни тарк этдилар.

Муштипар онаизорим қанотлари остида ишимни, ўқишларимни давом эттирарканман, кўпинча отасизликдан ўксиниб йиғлардим. Фаолиятим оддий ўқитувчиликдан бошланди. Ҳар бир ютуғимда отамнинг насиҳатлари, онамнинг дуолари менга далда бўларди холос.

Республика миқёсида ўтказилган “Йил маслаҳатчиси” кўрик-танловида ғолиб бўлиб қайтгач, 2006 йил Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейи муносабати билан қурила бошлаган мактабга директор этиб тайинландим.

Пойдевор қурилишидан бошлаб туну кун қурувчилар ичида ишлар эканман, мени фақат бир туйғу олға чорларди. Ана шу даврда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Бош вазир лавозимида ишлар эдилар. Ҳар ойда келиб олиб борилаётган ишларни, ҳаттоки, келтирилган мебель жиҳозларини сифатигача назорат қилар эдилар.

2006 йили 2-тиббиёт коллежи очилиши маросимига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов ташриф буюрдилар. Коллеж билан танишиб бўлгач, шаҳар фаоллари билан учрашдилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ана шу учрашувда қалбимга тушган чўғ, меҳр, алангалади. Туну кун янада ғайрат билан ишлай бошладим.

2007 йил, 7 сентябр. Бу куннинг тарихи, ҳақида сўзлаш мен учун ҳам шарафли, ҳам ўта оғир. Ўзбек халқининг мард, қахрамон, халқпарвар саркори И.А.Каримов бизнинг 32-мактабга ҳам ташриф буюриши маълум бўлди. Мени ўша кунги ҳаёжонимни сўз билан ифода қилиб бўлмайди.

Кечки пайт мактаб остонасида кутиб олгач, оталарча меҳр билан бино ичигача ёнма-ён кириб бордик. 10 дақиқалик суҳбат 30 дақиқага чўзилди. Шу вақт оралиғида 19 та савол билан мурожаат этдилар. Иккиланган ҳолатимда ўзлари самимийлик билан гап бошлаб кетардилар. Хуллас меҳнат фаолиятиму, оилавий аҳволимгача қизиқиб сўрадилар.

Олиб бораётган ишларимдан кўнгиллари тўлди шекилли, ҳайрлашиш жараёнида мендан оталарча меҳр билан нима сўрайсиз, деб мурожаат этдилар. Шу онда кўз олдимда Президентим эмас, мен 26 йил аввал йўқотган одам гавдаланди. Кўзимга ёш тўлиб, менга ҳеч нарса керак эмас, отасиз қолган кўнглим бугун тўлди. Менга бошингиз омон, соғ бўлсангиз бўлди. Бутун билим, куч ва салоҳиятимни шу юрт учун бағишлашга тайёрман, дейишим билан бағриларига олиб, “сиздек фидойи, меҳнаткаш аёлларга бош эгиб таъзим қиламан” деб айтдилар.

Мен меҳнатларим зое кетмаганини янада ёрқинроқ ҳис қилдим. Арзимаган камтарона меҳнатим меваси эди бу сўзлар. Доим шу руҳ ичида тиним билмай ишладим. Орадан беш йил ўтиб, юртбошимиз ишончлари билан шаҳар ҳокими ўринбосари этиб тайинландим. Ҳар доим отасига талпинган боладай йиғилиш, қурултойларга талпинаман. Яқиндан гаплашмасамда бир залда ўтириб, суҳбатларидан баҳраманд бўламан. Яна кучга тўлиб, ишлайвераман.

2016 йил мен учун жуда оғир йил бўлди. Шу йили 95 ёшли онаизоримни Аллоҳни қабулига топширдим. Азада ўтирган кунларим, отамнинг ўрнини босган Юртбошимни соғликлари ёмонлашганини эшитдим. Во дариғ, қаранки, онамни меросимларига Ислом отанинг маъракалари уланди. Онамни эҳсонига келган қадрдонларим, Исломжон отам учун алоҳида таъзия билдиришгани эсимдан чиқмайди. Уларга шундай жавоб берардим, сизлар бу инсонни кўрмай, гаплашмай шундай яхши кўряпсизлар, йиғлаяпсизлар! Мен-чи, бутун вужудим билан севган, ардоқлаган, ишонган йўлбошчим, отамдай азиз инсонимни бой бердим. Оллоҳдан фақат битта ўтинчим, уларнинг жойларини жаннат қилсин, охиратлари обод бўлсин.

Ҳа, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич бир оддий аёл, она сифатида менигина эмас, бутун халқимиз онгу-шуурини ўстириш, миллий ифтихору-ғурурини уйғотиш йўлида жонини фидо қилган инсон эди. У кишининг яшаш матлаби донишмандлар таъкидлаганидек, ўлимидан сўнг ҳам барҳаёт бўлиб қолиш эди. Зеро, миллий ғоя билан руҳланган, халқ манфаатига хизмат қилган одам ҳеч қачон ўлмайди. Бунга ўзи ардоқлаган халқ дилида хотираси уйғоқ, сиймоси барҳаёт қилган эзгу ишлари абадий порлаётган Ислом Каримовга элимизнинг чексиз ардоғи, эҳтироми ёрқин далилдир.

Жамилахон АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, шаҳар Мактабгача таълим бўлими мудири.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube