ОИЛА ВА ТАДБИРКОРЛИК — ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Қонун кучга кирди

Мамлакатимизда туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жадал олиб борилмоқда. Ҳар куни муайян соҳани такомиллаштириш, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасини янада яхшилашга қаратилган янгиланишлар юз бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ва қарорлари мунтазам эълон қилиняпти. Шубҳасиз, бу қизғин ўзгаришлар жараённи ҳуқуқий асос сифатида қонунларимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Ўтган ҳафтада матбуотда эълон қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифа ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётдаги ислоҳотлар муносабати билан тайёрланган мазкур қонун 38-моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги 27 та қонунига ҳамда 9 та Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритган салмоқли ҳужжатдир. Зеро, мазкур қонуннинг қабул қилиниши халқимизга қатор имкониятлар яратади.

Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талаб-
ларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари, улар ходимларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш бўйича функция, ваколатларини суд органларига босқичма-босқич ўтказишни  назарда тутган янгиликлар киритилди. Бу суд ҳокимиятининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий чораларни қўллашда нохолис ёндашувнинг олдини олади.

Мазкур Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, унда халқимиз учун муқаддас ҳисобланган, давлатимиз томонидан бениҳоя катта эътибор қаратилаётган оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга доир қўшимчалар киритилишидир. Мисол учун Оила кодексига никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш, оилавий низоларни судга қадар тинч йўл билан ҳал этиш орқали оилаларни сақлаб қолинишига эришишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтиришга қаратилган тегишли қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ суд ҳамда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари эр-хотинга ярашиш учун мухлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши кераклиги белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, ушбу қонун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодиёт тармоқлари фаолиятига маъмурий таъсирни қисқартиришга, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ўрнатишга, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг самарадор тизимини яратишга хизмат қилади.

Ғанишер ЗИЁЕВ,

Олий ҳарбий божхона институти 2-босқич тингловчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube