Болаларга беринг, дунёни!

1 июнь — «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан шаҳримиздаги сўлим ва кўркам  «Ёшлар хиёбони» кўзларида қувонч порлаган, юзларида табассум кулган болажонлар билан янада файзли ва тароватли бўлди.

Қўлларига шар, гулдасталар ушлаб олган болажонлар дам концерт тамоша қилишса, дам аттракцион ўйинлари томон чопишар, дам эса музқаймоқ ялаб шодон-шодон қийқиришар, бахтиёрликлари оламга сиғмас эди.

“Ҳар бир болага меҳр ва эътибор” шиори остида ўғил –қизларнинг кайфиятини шод  айлаётган концерт дастурининг жўшқин наволари қалбларга хушнудлик бахш этар, рақс тушиб қўшиқ куйлаётган болажонларнинг орзулари осмон қадар юксак эди.

-Болаларнинг шод-хуррамлигини кўриб, биз катталар ҳам хурсанд бўлиб кетяпмиз. Улар ўз байрамларини зўр шодиёна билан нишонламоқдалар. — Бугун барча яхши нарсалар болалар учун, -дей-
ди Марказий маданият уйи бадиий раҳбари Р.Умаров. — Хиёбонда ташкил этилган турфа гуллар, ноёб қушлар байрами ҳам болажонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар бугун жуда-жуда бахтиёр!

— Байрамга чиройли қафасда олиб келинган митти яшил тўти менга жуда ёқди. Ҳатто уни қўлимга  олиб кўрдим. Келгусида мен ҳам тўти парвариш-
лайман. Ахир ўзингнинг тўтичанг бўлгани қандай яхши, – дейди ҳайратини яширолмай 11-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Жавоҳир Раззоқов.

Кўм-кўк арчалар салқинида сочлари майда-майда ўрилган, атлас кўйлакчалари ўзларига бирам ярашган қизалоқларнинг ироқи дўппиларни кийиб кўраётганликларини кўриб ўша томон юрдим.

-Дўппи сизларга жуда ярашди , дедим жилмайиб.

-Раҳмат, дейишди қизлар бараварига.

-Бу дўппиларни коллежимизнинг 3 босқич ўқувчи қизлари Шаҳнозахон Мусахонова, Оминахон Мўминова ҳамда  Хадичахон Усмонова каби чевар қизларимиз ўз қўллари билан тиккан. Бундан ташқари, сопол лаганларга натюрморт кўринишида  бадиий безак берилиб, рангтасвирлар ҳам чизилган. Кўргазмага қўйилган зардўзлик ва каштачилик буюмлари ҳам моҳир ўқувчиларимизнинг яратаётган ишларидан намуналардир, -дейди шаҳримиздаги Миллий ҳунармандчилик  касб-ҳунар коллежи касбий таълим бўйича директор ўринбосари Сожидахон Жўраева.

Манзарали гуллар ифори сочилган йўлакда эса эртак қаҳрамонлари қиёфасига кириб олган болажонлар жажжи кичкинтойлар билан суратга тушаётир.

Ана  шўх мусиқа садолари самони тутиб, “Ойдин” бадиий ҳавас-
корлик дастасининг “Болалигим” рақси бошланди. Олти нафар бўйи басти бир хил, ҳудди раққосалардек кийиниб олган қизалоқлар даврани тўлдириб хиром айладилар. Бир зумда саҳна  ўғил-қизлар билан тўлиб, эндигина йўлига юриб атак-чечак қадам ташлаётган болакай ҳам қўлчаларини ёйиб, рақс тушмоққа ошиқди…Кичкинтойлар рақсини кузатиш қандай завқли. Бахтиёр лаҳзалар сурури узоқ вақт ўчмайди болалар ёдидан. Тадбир давомида  ташкилотчилар томонидан 11 та лойиҳа доирасида спорт, маданий ва маърифий тадбирлар ташкилланиб, ғолиблар шаҳар ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирландилар.

Болалар байрами тантаналари шаҳримиздаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида, 22-сонли болалар махсус мактабида ҳам  кенг нишонланди.   Байрам шодиёналарида шаҳар хокими М. Убайдуллаев, шаҳар прокурори А.Мавлонов, шаҳар ИИБ бошлиғи Б.Абдуллаев ҳамда шарқий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмлар вакиллари    иштирок этиб, болажонларга совғалар улашдилар.

Боланинг табассуми куёшнинг заррин ёғдусидан ҳам ёқимлироқ ва  тотлироқдир. Зотан, дунёни унинг эгалари бўлмиш болаларга берайлик! Тилагимиз, уларнинг бахтиёр кулгуси олам осмони узра мангу жаранг сочаверсин. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз болажонлар!

 Мастурахон САИДМУРОДОВА

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube