ҲАЖ САФАРИ –УЛУҒ ЗИЁРАТ

Истиқлол туфайли юртимизда ислом динига эътиқод қилувчилар учун ғоят катта имкониятлар яратилди. Унитилаёзган миллий қадриятларимиз қайта тикланди, минг шукр ўзлигимизга қайтдик. Шаҳар ва қишлоқларимизда диндорларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун янги-янги ва замонавий жоме масжидлари қад кўтарди. Айниқса, мусулмончиликнинг беш арконларидан бири ҳисобланмиш Ҳаж ва Умра зиёратларига борувчилар учун давлатимиз томонидан ғамхўрликлар кўрсатилмоқда.

Ҳаж сафарига борувчи номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, шунингдек, ҳажга борувчиларни саралаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги қарорига асосан Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, халқимизнинг дилидаги орзу-умидлари рўёбга чиқишига имкон яратилди. Ахир эндиликда моддий имконияти етган киши муборак сафарга кетавермайди, аксинча унинг юксак маънавияти, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ҳамда жамият манфаати йўлидаги жонкуярлиги ҳам инобатга олинади.

Аввало Ҳаж сафарига борувчи номзодларни саралаш ишларини ҳаж мавсуми бошланишидан олдинроқ бош-лаш зарур. Мазкур жараёнда сараловни фақатгина Низомда белгиланган талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиш ўта муҳим саналади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Низомда жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда маҳаллалардаги йўлдан адашган кимсаларни соғлом эътиқодга қайтаришда алоҳида намуна кўрсатаётг ан имом-хатибларнинг имтиёзли равишда Ҳаж сафарига боришига тавсия бериш ишларига эътибор кучайтирилади.

Бундан ташқари, Ҳажга борувчи талабгорларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида 7 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ таркибига, шаҳар бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, хотин қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вакиллари киритилди.

Жойларда фуқаролар йиғини раиси томонидан номзодларнинг алоҳида рўйхатлари шакллантирилиб, ишчи гуруҳ аъзолари ҳар ойнинг 5 санасидан кеч бўлмаган муддатларда Ҳаж тадбирига борадиган зиёратчиларни навбатга қўйиш учун суҳбатдан ўтказади ва саралайди.

Ҳаж тадбирига бориш учун навбатга қўйиладиган номзодлар аввало, моддий ва жисмоний жиҳатдан Ҳаж тадбирига қодир, Ҳаж амалларини тўғри ва тўла тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши, инсоний фазилатларга эга бўлиши, худуддаги йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга кўмаклашиши, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган ҳайрия тадбирларида фаол иштирок этиши алоҳида эътиборга олинади.

Саралаш натижаларига кўра Ҳаж тадбирига боришга лойиқ деб топилган номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида эълон қилинади ҳамда 15 кун мобайнида улар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади.

Жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ёки эътирозлар ишчи гуруҳ томонидан 5 кун муддатда кўриб чиқилади ва назоратга олинади.

Бундан ташқари Ҳаж-га бормоқчи бўлган фуқаро аввал ҳам Ҳаж тадбирига бормаган бўлиши, Умра тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро эса сўнгги икки йил мобайнида Умра ёки сўнгги беш йил мобайнида Ҳаж тадбирига бормаган бўлиши лозим.

Албатта, аввало ҳар бир мўмин-мусулмон учун муборак Ҳаж ва Умра сафарларига бормоқ фарздир. Бироқ, зиёратга бораётган ҳар бир муслим ва муслима даставвал муқаддас зиёратнинг бутун улуғворлигини чин кўнглидан ҳис эта олиши ва бу сафарга муносиб бўлмоғи лозим. Шаҳримиздан 90 нафар фуқароларимиз Ҳаж, 140 нафар фуқароларимиз эса Умра зиёратига бориш учун саралаш синовларидан муваффақиятли ўтишди.

Турғунбой ҳожи НИШОНОВ,

“Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раиси.

Убайдулло  ҳожи АБДУЛЛАЕВ,

«Хонақо» масжиди имом-хатиби, шаҳар уламолар кенгаши раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube