АВФ – АДОЛАТНИНГ ОЛИЙ  МЕЗОНИ

Ҳаётда билибми, билмайми бирор хатога йўл қўйган,
янглишган инсонни кечириб, тўғри йўлга солиш азалдан халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик фазилатларидан ҳисобланади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида”ги Фармони халқимизга хос ана шу олий қадриятларнинг юксак намунаси бўлди. Зеро, мазкур фармон билан Республикамиз бўйича жазони ижро этиш муассасаларидан 2700 нафар маҳкум авф этилиб, ўз оиласи бағрига қайтди.

Бу инсонпарварлик акти мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида илк бор қўлланилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Тўғри аввал ҳам амнистия тўғрисида ҳар йили ҳужжатлар қабул қилинган. Бироқ, авф этиш тўғрисидаги мазкур ҳужжат аҳамияти озодликка чиқариладиган шахсларнинг аниқ гуруҳини белгиламайди. Унда фақат жиноят турлари белгиланиб, озодликка чиқариладиган шахслар амнистия акти ижроси жараёнида аниқланади.

Амнистия актидан фарқли равишда авф этиш масаласини ҳал этишдан олдин ҳар бир маҳкумнинг шахси, содир этган қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражаси, оқибати, етказилган зарарнинг қопланганлиги, шунингдек, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабати ҳар томонлама ўрганиб чиқилади.

Хусусан, Президентимизнинг юқоридаги фармони қабул қилинишидан олдин, яъни 2017 йил 29 сентябрда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ўтаётган маҳкумларни авф этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди. Мазкур фармойиш асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Бу ишчи гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги авф этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди. Бунда маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг барча енгиллаштирувчи ҳолатлари, унинг ёши, соғлиги, оилавий ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан маҳкум яшаган маҳалла аҳлининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди. Фақат шундан сўнггина, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2700 нафар, шу жумладан жазони ижро этиш калонияларидан 956 нафар турли шароит ва сабаблар оқибатида жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида ижобий тавсифланган шахсларни авф этиш тўғрисида фармон қабул қилинди.

Бугун ушбу фармон билан авф этилганлар яна оиласи бағрида. Бундай бахтга мушарраф бўлганлар орасида ўнлаб ҳамшаҳарларимиз ҳам бор. Шаҳримизда мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш юзасидан ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси, ижтимоий кўникма, аҳолининг бандликка кўмаклашиш марказлари, Ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” жамоат фонди, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлинмаларининг амалга оширадиган тадбирлар дастури қабул қилиниб, изчил ижро этиляпти. Мазкур дастур асосида ҳозирга қадар меҳнат жамоалари, МФЙларида юқоридаги фармоннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти кенг тарғиб қилинмоқда. Фармонга асосан оиласи бағрига қайтган фуқароларнинг оилавий шароити ўрганилиб, уларни ижтимоий фаол ҳаётга кўниктириш чоралари кўрилмоқда. Озод қилинган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тарбиявий таъсир чоралар узлуксизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳар бирига тарбиячи-мураббийлар бириктирилиб, уларнинг оилаларига ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

Жумладан ижтимоий кўникма маркази маълумотларига кўра барча озод этилган фуқароларни ишга жойлаштириш, меҳнат дафтарчаси, паспорт, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларини янгилашда амалий ёрдам берилмоқда. Марказга мурожаат қилган “Тут таги”, “Маориф”, “Сармазор”, “Дўстлик”, “Бахрин” ва “Галатой” МФЙларидаги 6 нафар озод қилинган фуқароларнинг ҳар бирига 688.9-775 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Энг муҳими озод этилган ҳамшаҳарларимиз, уларнинг оила аъзолари кўрсатилаётган ғамхўрликлардан чексиз миннатдор.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244-моддаси 1-қисми билан судланиб, жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган авф этиш тўғрисидаги фармон асосида озод этилиб, оиласи бағрига қайтган “Ариқ бўйи” МФЙда истиқомат қилаётган Давронбек Абдусаматов шундай дейди:

— Президентимизнинг авф этиш тўғрисидаги фармони адолатнинг юксак мезони бўлди. Зеро, кечиримли бўлиш ҳамманинг қўлидан келиши мумкин. Аммо жазо бериш имкониятига эга бўлиб туриб, кечириш – яъни авф этиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шу боис янги йил арафасида авф туфайли оиласига қайтган минглаб ҳамюртларим қатори бизга кўрсатилган ғамхўрлик, билдирилган ишонч учун аввало давлатимиз раҳбарига, барча юртдошларимга чексиз миннатдорчилик билдираман. Бундан буён яқинларим, маҳалладошларим ишончини оқлаш учун бор имкониятларимни сафарбар этаман.

— Менинг, оила аъзоларимнинг қувончлари чексиз, ҳиссиётларимиз қалбимиздан тошиб чиқмоқда, — дейди, авф этилиб фаол ҳаётга қайтган “Дўстлик” МФЙ фуқароси Музаффар Муҳаммаджонов. – Зеро, мен нафақат жазодан озод этилиб оилам бағрига қайтдим. Балки, менга ижтимоий ҳаётга кўникишимда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик ташкилотлари ҳар томонлама ёрдам беришмоқда. Бунинг учун Президентимизга чин дилдан ташаккур изҳор қиламан. Шундай озод, обод, инсонпарвар юртда яшаётганлигим учун беҳад шукр қиламан. Энди, бу эзгу яхшиликларга муносиб яхшилик кўрсатишга астойдил ҳаракат қиламан.

Ҳа авф туфайли оиласи бағрига қайтган барча ҳамшаҳарларимиз уларни ижтимоий ҳаётга кўниктириш мақсадида шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда эзгуликка жавобан эзгулик билан жавоб қайтариш мақсадида ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга қатъий бел боғлаганликларини изҳор қилишди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қабул қилинган авф этиш тўғрисидаги бу тарихий ҳужжат юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлиги, шахс олий даражада қадрланишининг ёрқин далилидир.

М.МИРЗАЖОНОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube