ВАТАН ОСУДА – ОИЛА ТИНЧ

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни

Инсон умри давомида орзу-ўй, ҳавас, изланиш билан ҳамоҳанг қадам ташлайди, доимо олдинга интилади. Ўз мақсади йўлида машаққатли заҳмат чекади. Ўз она-Ватанида яшайдиган фидоий инсонларда олий туйғу борки, бу она-Ватан, эл – юрт ташвиши билан яшашдир.

Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган жойи, юрти, мамлакати, тарихий муайян миллатга тегишли ҳудуд, ҳамда унинг табиати, аҳолиси, ўзига хос урф-одатлари мажмуидир. Ватан – она каби ягона ва муқаддас. Ватан олдидаги бурч туйғуси, масъулияти ҳар бир етук инсонга хос хусусиятдир. Инсон шу азиз маскан бағрида ўсади, улғаяди, Ватанга бўлган меҳр – муҳаббат туйғуси шаклланади. Инсонга ўз туғилиб ўсган Ватанида яшашлик – бу улуғ неъматдир.

Ҳар бир давлат, ҳар бир миллат бугунги ёруғ осуда ҳаёти, ўз халқининг фаровон келажаги учун ёвуз кучлардан ва ёт ғоялардан ўз хавфсизлиги, чегаралари дахлсизлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беради.

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан кейин мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, барча ҳарбий қисм ва бўлинмалар 1992 йил 14 январь куни давлатимиз тасарруфига, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига ўтказилди. Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлигини ҳамда мамлакатда олиб борилаётган бунёдкорона меҳнатларини ҳимоялаш, ёш авлодни ватанпарварлик йўлида тарбиялаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилаётган хизматчи ва аскарларни меҳнатларини қадрлаш мақсадида 1993 йил 23 декабрь куни 14 январь — “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Ҳарбий сафларда хизмат қилиш – ҳар қайси миллат ва халқнинг навқирон ўғлони учун муқаддас саждагоҳ бўлмиш она-Ватанни қадрлаш, унинг эркинлиги ва озодлигини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилиш қадим-қадимдан ор-номус ва мардлик белгиси бўлиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз хизмат вазифалари давомида ўзларининг жисмоний қудратлари ва жанговар тайёргарликларини ривожлантиришлари билан бирга армия мудофаа ҳимоясини ўзига хос бўлган ҳарбий усул ва замонавий фан ютуқларидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий тактикаларни ўрганиб келаётганликлари бизларни қувонтирмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳарбийлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, уларнинг оилаларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар, ҳарбий хизматчиларимизни ўз вазифаларини масъулият билан сидқидилдан бажаришга ундамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчи ва аскарларнинг тафаккурини ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ва сингдиришда, буюк бобокалонларимиз ва аждодларимизнинг бой маданий-тарихий меросларини ўрганишда, ҳарбий анъаналарга содиқлик, она-Ватанга муҳаббат, садоқат руҳини қарор топтиришда, ўз бурчларини сидқидилдан ўташда ҳарбий мусиқа санъатининг ўрни беқиёсдир. Мусиқа тарихий даврларга хос руҳий тароват, ижтимоий фикр ва кечинмаларни умумлашган ҳолда ифодалаб, ҳар бир даврнинг маънавий-ижтимоий талабларига жавоб берган ҳолда инсон ҳаётининг асосий мазмуни бўлиб келган. Ўтмишда барча халқлар мусиқанинг – ижтимоий тафаккур кучидан фойдаланган ҳолда ўз ҳарбий қўшинларининг жанговарлик тайёргарлигини оширишда алоҳида мақсадларда фойдаланган. Мусиқа ритмидаги товушлар оҳанглари ҳарбий хизматчи ва аскарларни жанговарлик қобилиятларини ривожлантиришда улардаги истеъдод, ҳарбий иқтидор ва тафаккурларини ўстиришда катта ёрдам беради. Улар ҳарбий оҳанглардаги мусиқани эшитиб ва ашула айтиб саф тортиб юрганларида улардаги шаҳдамлик ва кўтаринкилик, жанговарлик истеъдодларини ва салоҳиятларини оширишда муҳим воситадир.

Ўрта Осиё халқларида жанговарлик ҳаракатларида қўшинларни бошқаришда карнай, сурнай, довул, ноғора чолғу асбобларидан фойдаланган ҳолларда ғалаба руҳидаги “Сарбозчи”, “Усмония”, “Аскарий” каби куйлар чалинган.

1939 йилда Тошкентда “Туркистон Ҳарбий округи ашула ва рақс ансамбли” ташкил этилиб, 1992 йилда бу ансамбль Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари “Марказий ашула ва рақс ансамбли” номи билан аталиб келинмоқда. Бу ансамбль дастурларидаги А.Назаровнинг “Она юрт”, “Сержант”, К.Рахматовнинг “Ҳар баҳор, ҳар кузда”, “Туркистон фарзандлари”, Р.Абдуллаевнинг “Шодлик”, Д.Қаршиевнинг “Йигитлар”, З.Умарованинг “Шу тинчликни асрамоқ керак”, “Ўзбекистон”, “Ўзбек офицерлари” каби ашула ва марш мусиқа асарларини мамлакатимизда яшаётган барча фуқаролар мароқ билан тинглаб келишмоқда.

Бу мусиқа асарлари нафақат армия сафларида хизмат қилаётган ватандошларимизни жанговарлик қобилиятларини ва тафаккурларини шакллантиришда, балки мамлакатимизда ўсиб келаётган келажагимиз фахри бўлган ёшларимизни она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда, тарихий миллий қадриятларимизни ардоқлаб ўрганишларида ва дилдан ҳис қилишларида асосий тарбия воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилаётган ватандошларимиз ўзларини фаолиятлари давомида юртимизни туну-кун тинчлиги ва эртанги кун фаровонлиги йўлида ўз ҳаётларини бағишлаб қилаётган захматли меҳнатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳар бир оила тинчлигининг гаровидир.

Улуғбек РАҲМОНОВ

Дилоромхон РАҲМОНОВА

Педагогика коллежи ўқитувчилари.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube