ЭЗГУЛИК — ҲАЁТ ГУЛИ, САХОВАТ-КЎНГИЛ НУРИ

Қалблар тўла ширин орзу –умидлар ила эски 2017 йилни кузатиб, янги 2018 йилни кутиб олдик. Инсоният ҳаётга тамал тошини қўйган ўша дастлабки йиллар ортларда қолиб, учинчи минг йилликнинг иккинчи ўн йиллиги ҳам довонлар ошаётир ва уни кўрмоқ бизларга насиб этди.

Минг шукур, ҳаёт чироғимиз ёниқ. Бежиз умрни оқар дарёга қиёслашмайди. Дарё тиним билмай илгарилаганидек, умр ҳам даставал беғубор гўдаклик, сўнг шўх ўсмирлик, сўнг эса гўзал ёшликнинг олтинга топилмас олтин лаҳзаларини ортда қолдириб, донишманд кексалик сари одимлайверади. Фоний дунёнинг азал ҳақиқати одамизод умрининг поёни унинг эзгуликлар боғини бунёд эта олиши билан характерланади… Ҳар лаҳза одамларга яхшилик соғиниб яшаш, эзгулик улашиш умр мазмуни ва зийнатига айланмоғи шарт. Зеро, эзгулик ҳаёт гули, саховат кўнгиллар нури,зиёсидир!

Севинч, шодлик ва қувончлар айёми янги йил арафасида шаҳримиздаги 10 болалар мусиқа мактабида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федарацияси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда шаҳар ҳокимлигининг “Инсонга наф келтириш олий бахт” шиори остидаги саховат ва эзгуликка йўғрилган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ҳокими М.Убайдуллаев сўзга чиқиб, эҳтиёжмандларга қимматбаҳо маиший техника воситаларини топширар экан, шаҳримизда истиқомат қилаётган хар бир инсон, ҳар бир оила эътибору эъзозимизда, биз ҳамиша уларга кўмак қўлини чўзишга шаймиз-дея таъкидлади ҳамда йиғилганларни Янги йил байрами билан қутлади. Шундан сўнг шаҳар “Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Н.Собиров ҳамда шаҳар “Нуроний” жамғармаси раиси Т.Нишонов ҳам саховатпешалик халқимизга хос фазилат эканлигини таъкидлаб, барчага сиҳат-саломатлик тилади.

— Аҳолининг кам таъминланган ва ногиронлиги бор қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада барқарорлаштириш мақсадида ўтказилаётган хайрия тадбирларида вилоят касаба уюшмалари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда-, дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши юридик бўлими бошлиғи Орзигул Қозихонова. Янги йил арафасида нафақат Марғилонда, балки вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларда ҳам эҳтиёжмандларга манзилли ёрдамлар кўрсатдик.

-Аввало, 225 минг киши истиқомат қилаётган шаҳримиз аҳолиси ичидан чинакам ёрдамга муҳтожларини ажратиб олиш осон кечмади. МФЙ фаоллари билан уйма-уй юрдик. Эҳтиёжмандларнинг яшаш шароитини ўргандик. Рўзғор учун зарур бўлган маиший техника буюмларини улашар эканмиз, айрим аёлларнинг кўзларида севинч ёшларини кўрдим, -дейди шаҳар Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгаши раиси Зулфизар Юсупова.

Самимий табриклар ва ҳадялардан кўнгли тоғдек кўтарилган йиғилиш иштирокчилари ўз миннатдорчиликларини бир-бир изҳор этдилар.

— Бугун мен учун қўшалоқ байрам, -дейди  «Маориф» МФЙ фуқароси Марямхон Мирзараҳимова. Рўзғоримдан орттириб кир машина сотиб ололмаётгандим. Мана давлатимиз, қолаверса муҳтарам Президентимиз ғамхўрлиги туфайли бугун кир ювиш машинасига эга бўлиб турибман. Шундай инсонпарвар мамлакатда яшаётганимдан беҳад фахрландим. Айниқса, болаларимнинг қувончини айтмайсизми! Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, мамлакатимиз обод бўлаверсин.

— Тўрт нафар фарзандим бор. Бугун менга берилган электр печда турмуш ўртоғим болаларимга турли хил мазали пишириқлар пишириб беради. Энди дастурхонимиз янада тўкин бўлади, — дейди чернобилчи Абдусаттор Собиров. Мен шундай меҳр-оқибатли юрт ва одамлар орасида яшаётганимдан фахрланаман.

— Қайнонам Муҳайёхон Позилова 84 ёшдалар. У киши уйдан чиқолмайдилар. Бугун тонгда Президентимизни узоқ дуо қилиб, эҳтиёжмандларга ғамхўрлиги учун миннатдорчиликларини билдириш учун мени юбордилар. Газ плитамиз яроқсизлиги учун кўп қийналар эдик. Энди эса жуда замонавий газ плитасига эга бўлдик. Давлатимизга раҳмат.

Шу куни 111 та оилада қўшалоқ байрам бўлди. Янги йилда янги маиший техника воситаларига эга бўлган юртдошларимизнинг давлатларига давлат, шодликларига шодлик қўшилаверсин. Зотан, дунёда қадри абадул абад тушмайдиган улуғ қадрият ҳам бу саховатпешаликдир.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube