ОГОҲЛИК ВА ТАШАББУСКОРЛИККА ЧОРЛОВ

Юртбошимизнинг мамлакатимиз Парламентига Мурожаатномаси очиқ, ошкора, танқидий-таҳлилий рухи билан бутун халқимиз қалбида ёрқин таассуротлар, жўшқинлик уйғотмоқда. Бу тарихий нутқда билдирилган фикрлардан биз ёшлар ҳам қаттиқ таъсирланиб, бир-биримиз билан ўзаро муносабатларимизни қизғин ўртоқлашяпмиз. Хусусан, мен ва тенгдошларим Мурожаатномада кўтарилган масалалар орасида айниқса, ёшлар мавзусига алоҳида эътибор қаратилгани, навқирон авлоднинг хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, спорт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишига эришиш зарурлиги тўғрисидаги фикрлардан беҳад қувондик.

Жумладан, Президентимизнинг “…биз улуғ боболаримизнинг муносиб давомчилари бўладиган етук инсонларни тарбиялаш масаласига, афсуски, етарлича аҳамият бермадик. Ҳолбуки, интелектуал ва маданий салоҳиятни қандай ноёб бойлик экани, нодир талант эгаларини тарбиялаб камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамият эга эканини унутишга ҳаққимиз йўқ. Ривожланган мамлакатлар бугун юксак тараққиёт даражасига айнан шунинг ҳисобидан етгани – бу ҳам ҳақиқат”, деган таъкидлари барчамизни тўлқинлантириб, бу борада фақат катталаргина эмас, биз ёшлар учун ҳам ташаббускорликка, фаолликка даъват бўлди.

Дарҳақиқат Мурожаатномада исталган соҳа ҳамда йўналишлар бўйича ўртага ташланган масалалар Ватанимиз келажагига даҳлдорлиги билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Зеро, унда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси атрофлича танқидий таҳлил этилди, бугунги глобаллашув, техник тараққиёт даврида ёш авлодни миллий қадриятларимизга содиқ, истиқлол ғояларига муносиб қилиб тар-
биялаш, буюк аждодларимизнинг илмий меросини чуқур ўрганиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Менинг ҳам мақсадларим кўп ва эзгу. Энг аввало ўқишни тамомлаб, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Бунинг учун ҳар биримиз юртимиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнига бефарқ бўлмасдан, президентимиз таъкидлаганидек уйғоқ ва ташаббускорлик билан яшашимиз, чанқоқлик билан илм олишимиз зарур. Зеро, Мурожаатнома биз ёшлар учун энг аввало огоҳлик, ташббускорлик ва фаолликка чорлов бўлди десам янглишмайман.

Фурсатдан фойдаланиб, тенгдошларим, барча юртдошларимизни кириб келган янги йил билан табриклайман. Ўтган 2017 йил мустақил мамлакатимиз ҳаётида улкан аҳамиятга эга тарихий йил бўлди. Тилагим, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йил ҳам жондан азиз Ўзбекистонимиз учун муваффақиятларга бой бўлсин! Халқимиз манфаати йўлидаги ҳар бир эзгу ниятимиз, бошлаган ишимиз рўёбга чиқсин.

Садоқат КАРИМОВА,

ФарДУ табиий фанлар факультети кимё йўналиши 1-босқич талабаси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube