Одамни тушуниш ҳам ҳаёт мезони, олий фазилат! ёки пашшадан фил ясаб, тирноқ остидан кир ахтараётган кимсаларга

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоят ҳокими Ш.Ғаниев шаънига, унинг хис хаяжон устида айтган сўзлари хусусида ҳар хил, таъна, кесатиқ гаплар, фикрлар кўпайиб кетди. Албатта ҳаммамиз ҳам оддий сут эмган бандамиз. Кайфиятимиз турлича, баъзан яхши, баъзан ёмон, баъзан эса ўта эхтиросли хаяжонли бўлиши мумкин. Бундан Шухрат Ғаниев ҳам мустасно эмас. У ҳам Яратганнинг ожиз бандаси эмасми?

Лекин, зимммасидаги жуда катта масъулиятни, мамлакатимиздаги энг йирик вилоятга раҳбарлик қилиш, ўта муҳим ишни бажаришдек шарафли вазифани эътиборга оладиган бўлсак уни ҳам тушуниш керакдек туюлади. Мустақиллик йилларида, яъни 28 йил мобайнида вилоятга 9 та раҳбар ҳокимлик қилди. Шундан 11 йилида — 3 йил вилоят ҳокими 1-ўринбосари, бир йил ҳоким вазифасини бажарувчи, 7 йилдан бери эса ҳокимликни муттасил, дам олишларсиз бажариш ҳар қандай кишидан ҳам ўта масъулиятни, кечани кундуз демай, жонини
жабборга бериб ишлашни талаб қилганини хисобга олсак Шухрат Ғаниевни ҳам маълум маънода тушунса бўлади деб ўйлайман.

Мен ана шу йиллар мобайнида у киши билан деярли қадамба-қадам ишлашимга тўғри келди. Албатта Шухрат Мадаминовичнинг ўта жонсарак, деярли ухламай ишлашини барча билади албатта. Бу эса метин иродалик кишини ҳам толиқтириши, ҳаёт ўзанидан чиқариши мумкин. Боз устига унинг навқирон йигитлик даври Афғон урушида, қонли жанггоҳларда ўтганлигини, аскарлар ўртасида бокс бўйича мамлакат чемпиони бўлганлигини, аянчли автохалокатга учраганлигини эсласак унинг бирданига ёниб кетиши, ўзини тутолмай қолишини манашу воқеаларнинг таъсири эмасмикан деб ўйлаб қоласан.

Шу ўринда унинг қандайдир вазиятда, мухитда айтиб юборган гапларини пуфлаб, шишириб бутун дунёга ёйиш кимга керак бўлиб қолди экан. Ғаниевлар оиласи, насл насаби улуғ пайғамбаримиз “боғчам” деб таърифлаган Марғилондек шаҳри азимнинг энг мўътабар хонадонларидан. Буни хеч ким инкор эта олмайди.

Мен ижодкор сифатида 1980 йилларнинг охирида, ошкоралик хакида гап сўз бўлаётган кезларда оталари машхур жаррох, тархимизнинг билимдони Мадаминжон ака Ғаниевдан урф одатларимиз, анъаналаримиз ҳақида интервью олиш бахтига муяссар бўлганман. Ўшанда у киши ўзбек миллатининг маданияти, урф-одати қадриятларининг шаклланишида етакчи рол ўйнаган марғилонлик ота-боболаримиз, кайвони онахонларимиз, дилбар аёлларимиз ҳақида завқ-шавқ билан сўзлаб берганлар. У киши халқимиз, миллатимиз турмушига, ҳаётига ёт бўлган маросимлар, кийинишлар, ажабтовур либослар, муомалалар қайдан кириб қолаяпти, деб ажабланишган, уларга кўр-кўрона риоя қилиш миллатимизга, ўтмиш аждодларимиз меросига хиёнат деб бахо берган эдилар.

Ана шу суҳбат асносида у киши Марғилон Ипак комбинати шифохонасидаги мўъжазгина кабинети токчасидан хазрат Навоийнинг куллиётини олиб ичидан бир мисрани ўқиб берган эдилар: “Ўзбегим бошида дўппи, эгнида ширдоғи бас” улуғ бобомиз лутф этганлар. Олти юз йил аввал ҳам ўзбек йигитлари бошида дўппи, эгнида ширдоқ – яктак кўйлак, амиркон этик кийиб юрган экан. Нега бу таомил бизнинг давримизга келиб эсдан чиқиб бораяпти, деб куйинишган эди. Шухрат Мадаминович мана шундай оилада ўсиб улғайганлигини хам унутмайлик.

Мен касб тақозоси туфайли у киши билан
кўплаб машваратларда, йиғилишларда, анжуманларда бирга бўлганман. Тўғри хоким хаммани хам бошини бирдай силайвермайди. Катта вилоятнинг бир отаси сифатида қўл остидагиларни тергайди, қаттиқ гапиради, кўпчилик холларда эса уларни нафсониятига тегадиган гапларни айтади, бақиради, ишдан олади. Бунинг учун қанчадан-қанча асаб керак, ўзини қийнаш керак. Кўпчилик шундай йиғи-
лишлардан сўнг ҳоким иш кабинетига кириб юраги ўйнаб, асаби қайнаб ётиб қолган холларини билмайди. Асабни тинчлантирувчи дориларни битта идишга жойлаб, кетма-кет ичганига ҳам гувоҳ бўлганман.

Шундай воқеалардан икки, уч ой ўтиб ўзи тергаган, қаттиқ нафсониятига теккан кишилардан узр сўрашга ҳам иродаси етган, ўзи ишдан бўшатган кишиларни яна чақириб бошқа лавозимларга тавсия қилганлигини кўп бора кузатганман. Хозир вилоятда ана шундай кишилардан ўнлаб, юзлаби яна меҳнат қилмоқда.

Сўнгги йилларда вилоят барча соҳаларда дадил ривожланиб бормоқда. Кетма-кет халқаро анжуманлар, фестиваллар ўтказилмоқда. Бу борада биргина Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бўлиб ўтган Халқаро маданий машваратларни эслатиб ўтишни ўзи кифоя деб ўйлайман. Дунёда қоидаларда битилмаган қизиқ бир аксиома бор экан, ишинг юришиб, омадинг келган сари сенга хасад қилувчилар, пойингни қирқмоқчи бўлганлар, тухмат балосини ёғдирувчилар кўпайиб бораверар экан. Балки биз юқорида тилга олган шахснинг ҳаёти ҳам шунга бир мисол бўлса ажаб эмас!

Набижон СОБИРОВ,

Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube