ИНСОН САЛОМАТЛИГИ — ЖАМИЯТ БОЙЛИГИ

Инсон саломатлиги жамият бойлигидир. Халқи жисмонан бақувват, руҳан соғлом давлат қудратли ва барқарор ривожланиш йўлидан асло оғишмайди. Зеро, ўзгариш ва ислоҳотлар натижаси ҳаётда тез акс этадиган, муҳим соҳалардан бири – бу соғлиқни сақлаш тизимидир. Ҳаёт давом этар экан, тиббий хизматга ҳар куни, ҳар лаҳзада эҳтиёж туғилади. Шифокорга мурожаат этган беморга ўз вақтида сифатли тиббий хизмат кўрсатилса, бемор оёққа туриб, оиласи бағрига қайтса, нур устига аъло нурдир.

Мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар моҳиятида ҳам инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ва беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада юксалтириш масалалари мужассамдир.

Муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномасида мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг тиббий саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини, бироқ, сўнгги вақтларда олиб борилаётган саъй ҳаракатларга қарамасдан, ҳамон жойларда камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлигини таъ-
кидлаб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақида ўз таклифларини билдириб ўтди.

Айни вақтда хусусий тиббиётни жадал ривожлантириш учун хорижий инвесторларни жалб этиш ва чет эллик мутахассисларнинг мамлакатимизда доимий фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ишларни янада кучайтириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш зарурлигини эътироф этиб, бу масалаларни ҳал этиш мақсадида яқин вақт ичида аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона қурилиб, фойдаланишга топширилиши назарда тутилаётганини қайд этди.

Зотан, бугун беморларга, аҳоли мурожаатларига эътибор кучайди, шифокорларнинг касбий масъулиятлари ортди. Улар орасида Гиппократ қасамёдига содиқ, ўз беморларига хушфеъллик ва очиқ чеҳра билан хизмат кўрсатадиган, беморга ўз яқинларига қарагандек меҳр билан боқадиган фидоийлар сафи тобора ортиб бормоқда.

Абдурахмон ЖЎРАЕВ,

шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси терапевт шифокори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube