Суд залидан: қилмиш-қидирмиш

СУВНИКИ СУВГА…

ёки ёйилмалик самогончиларга панд берган қаллоблик

Ақлли, мулоҳазали инсонлар ҳалол ишлаб ризқ топишни, эл корига яраб, дуоларга мушарраф бўлишни ният қилиб яшайдилар. Зеро, улар ҳар бир ишнинг жавоби борлигини дилдан ҳис қиладилар. Аммо, баъзилар борки, фақат ўз ҳамёнларини ўйлашади, бу йўлда қонунларни бузишдан, қилмишлари бошқаларга зиён етказишидан ҳам тоймайдилар. Фақат ўзини биладиган, юрагидаги бор ниятларини нуқул ўзига қаратадиган бундай кимсаларни худбинлар дейишади. Худбинлик эса ҳамиша нафратлидир, уни бартараф этмай фақат ниқобланганлар доимо нафратга лойиқ, жазога маҳкумдирлар. Мисол учун ўзини “тадбиркор” билиб, ножўя қалтис ишларга қўл урган кимсаларнинг қилмишида бундай худбинликка гувоҳ бўламиз.

Ўзини уддабурон, ишбилармон ҳисобловчи шаҳримизнинг “Ёйилма” МФЙда истиқомат қилиб келган Муроджон Жалолов ва Акбаржон Сатбалдиевлар ҳам худбинлик сабаб шундай қинғир ишларга қўл уришгани фош этилди. Улар истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлигини хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган алкоголь (спиртли) маҳсулотларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ жиноятга фақат худбинлик туфайли қўл уришди.

Худбинликдек бедаво хасталикка йўлиққан ҳар икки қахрамонимиз ўз уйида гигиена талабларига жавоб бермайдиган шароитда турли русумдаги пиво маҳсулотларини тайёрлаб, уларга сув қўшиб, елим идишларга қадоқлаб, сотиш билан шуғулланиб келишни ишбилармонлик соҳасига айлантириб олишган эди. Ошиқлари ҳамиша олчи, бозорлари чаққон эди. Шу боис, бошга дўппини қўндириб, фаолиятни дўндириб юрган бу шоввозлар ўз уддабуронликларига шу қадар махлиё бўлиб кетдиларки, ҳеч ким, ҳеч нима билан ҳисоблашмай қўйдилар. Ҳар қандай қаллоблик, ғирромликни умри қисқа эканлигини унутишди.

Оқибатда 2017 йил 27 сентябрь куни шаҳар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлари томонидан яширин цехларни аниқлаш ва улар фаолиятига барҳам бериш мақсадида ўтказилган тадбир жараёнида М.Жалолов ҳамда А.Сатбалдиевларнинг қинғир ишлари фош бўлди. Сохта, ўқлама пивофурушларнинг ўзларига нисбатан эса жиноий иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун судга ҳавола этилди.

Суд жараёнида М.Жалолов хонадонидан далил тариқасида олинган 192 дона 2,5 литр ҳажмдаги “Юнусобод”, 20 дона “Барлос”, 28 дона “Нокдаун” пиво маҳсулотлари, 13 турдаги ёрдамчи маҳсулотлар жаъми 10 миллион 734,4 минг сўмлик моддий бойликларни, А.Сатбалдиев хонадонидан олинган. 401 дона 1,5-2,5 литр ҳажмдаги идишларга қадоқланган 5 та номдаги тайёр пиво маҳсулотлари, 11 турдаги асбоб ускуна ва бутловчи материаллар жаъми 10 миллион 329,1 минг сўмлик моддий бойликларни йўқ қилиш ҳақида ҳукм чиқарилди. Чунки, шаҳар Давлат Санитария эпидемиология назорат маркази хулосасига кўра бу пиво маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди, деб топилди.

Шунингдек, суд ҳукмига кўра ҳар икки ҳолатда ҳам судланувчилар М.Жалолов ва Сатибалдиевларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 186- моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаган ҳолда уларга тегишли муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ҳа, қинғир ишнинг қийиғи чиқмай қолмади. Яна бир сохтакорлик фош этилиб, жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Бошқача айтганда, доно халқимиз таъкидлаганидек, “сувники сувга оқиб кетди”. Бироқ, ёнга қолган “қатиқ пули” Муроджон Жалолов, Акбаржон Сатибалдиевларнинг маҳалла-кўй, яқинлари олдидаги юзи шувутликларига арзийдими? Бу ёғи энди уларнинг виждонига, суд жараёнидаги тавба-тазаррулари самимийлигига боғлиқ. Ҳар ҳолда улар ножўя ишлари оқибатидан тўғри, оқилона хулоса чиқариб олишларига ишонгимиз келди….

Ўрни келганда бу қилмиш, унинг оқибатлари биринчи навбатда “Ёйилма” МФЙ фаоллари, қўни-қўшни, таниш билишлар ва ҳаммамизга ҳам зарур сабоқ бўлиши лозим.

Зеро, жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар қандай жиноят миллий ўзликка, анъана ва қадриятларга давлат ва жамият келажагига таҳдид туғдиради. Қолаверса, биз бугун маҳаллаларимизни жиноятдан, қонун бузиш ҳолатларидан холи ҳудудларга айлантиришга бел боғлаб турибмиз. Бу ҳақда куни кеча вилоятимиздаги давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат бирлашмалари, ҳурматли юртдошларимиз, жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари эълон қилинди. Шундай экан, бу хайрли мурожаатга лаббай деб жавоб бериш, маҳаллаларимизда жиноятчиликни олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик учун барчамиз янада огоҳ бўлишимиз, ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро, энди юқоридаги сингари ҳолатларга нисбатан бефарқликка, эътиборсизликка тоқат қилиб бўлмайди. Буни олийжаноб мақсадларимиз, шиддаткор давримизнинг ўзи тақозо этмоқда.

О.ИСМОИЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг судьяси,

М.ҲАБИБ,

ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube