ФАОЛ  ТАДБИРКОР- ДАВЛАТ  ТАЯНЧИ

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаати мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўзгаришлар ва янгиланишлар сари ташланган шахдам қадамдир, десак асло муболаға бўлмайди. Қалқиб турган муаммоларни юзага чиқариш, уларни бартараф этиш, айниқса мамлакат иқтисодиётига таянч бўлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мурожаатнинг асосини ташкил этади. Президент мурожаатида кўтарилган муаммоларнинг ечимини топиш халқ фаровон ҳаётини яратишнинг ишончли механизмидир…

Зеро, тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз тараққиётининг гарови ҳисобланади. Президентимиз ўз мурожаатида тадбиркорликни ривож-
лантириш борасида бир қатор муҳим йўналишларни қайд этиб, унинг йўлидаги ғов ва тўсиқларни бутунлай йўқ қилиш, барча тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш, инвестицияларга кенг йўл очиш борасида ҳам қатор амалий таклифларни билдириб ўтдилар. Солиқ ва божхона қонунчилигини мустаҳкамлаш, давлат божларини енгиллаштириш, ҳар қандай текширувларни икки йилга тўхтатиш, тадбиркорларга нисбатан жиноят иши очилса, албатта Президент назоратига олиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мен ҳам тадбиркорман. Халқимиз дастурхонига сифатли ва мазали нон ва қандолат маҳсулотлари етказиб берамиз. Тўғриси, Президентимиз мурожаатларини эшитиб, фаолиятимни тубдан ўзгартириб, илғор инновацион ғоялар билан қуролланиб, янада фаолроқ ва янада ишчанроқ бўлишим шарт экан, деган хулосага келдим. Янги 2018 йилда корхонамизга Германияда ишлаб чиқарилган “Вахтер” русумли замонавий ишлаб чиқариш дастгоҳи сотиб олмоқчимиз. Шунингдек, қўшни мамлакатлар ва Хитой давлатига чиқарилиши режалаштирилаётган экспорт маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириб, келажакда янги 10 ишчи ўрни яратишни ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз.

Мухтасар айтганда, ҳозир тадбиркор учун барча эшиклар очиқ. Том маънода уларнинг давлат ва халқ таянчига айланадиган фурсат етиб келди.Фақат ўз
фаолиятимизда фаоллик ва ташаббускорликни уйғунлаштириб, яна ҳам шиддат билан ҳаракат қилмоғимиз лозим. Давлат ва эл бизга ишонар экан, биз тадбиркорлар бу ишончни албатта оқлаймиз.

 Осимхон АХМАТШАЕВ,

«Марғилоннон» МЧЖ директори, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube