БИЗ – ЭРТАНИНГ ЭГАЛАРИМИЗ

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида “Биз бундан буён ҳам инглиз тили ва бошқа хорижий тилларни чуқур ўқитиш масаласига устувор аҳамият қаратамиз. Шу билан бирга биз учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича таълим олиш ва кадрлар малакасини ошириш ишларини кенг кўламда йўлга қўямиз” деган сўзларидан чексиз қувондим. Чунки ўзим инглиз тили фани ўқитувчисиман. Фарзанд-
ларимизни хорижлик тенгдошлари билан бу тилда бемалол тўлиқ мулоқот қила олишлари, айниқса республика ҳамда халқаро миқёсдаги турли кўрик-танлов ва фан олимпиадаларида юқори ўринларни қўлга киритишлари, инглиз тилини пухта ўқиб-ўрганишлари учун ўзимнинг бор билим ва салоҳиятимни аямайман.

Бугунги кунда мактаб ўқувчиларининг 1-синфдан бошлаб чет тилида оғзаки тарзда мулоқотга киришишлари учун барча мактабларда инглиз тили хоналари мавжуд. Мазкур ўқув хоналари проектор, монитор, компьютер, видео ва аудио каби  техника воситалари ва электрон доска ҳамда дарсликлар билан тўлиқ жиҳозланган. Бу эса соҳада чет тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган чора-тадбирлар намунали амалга ошаётганлигидан далолат беради.

Ўзим ҳам сабоқларим жараёнида замонавий дарс усулларидан кенг фойдаланаман. Чунки, бугунги болалар кечагисидан тубдан фарқ қилади. Уларга янгича услуб, янгича фикр, янгича қараш билан ёндашолсакгина, ўз она-Ватанининг гуллаб яшнашига муносиб ҳисса қўша оладиган, юрт байроғини юксакларга кўтарувчи етук билим-салоҳиятга эга баркамол авлодларни камол топтиришга муваффақ бўламиз.

Юртбошимиз ҳам ўз нутқларида мазкур долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Мурожаатномада билдирилган фикрлар барчамизни бирдек руҳлантириш баробарида, янада масъулиятли бўлишга, ўз устимизда кўпроқ ишлашга, энг асосийси, эртанги кунимиз эгаларини чинакам келажак бунёдкорлари сифатида муносиб тарбиялай олиш, Ватанимиз ривожи учун бор куч ва имкониятимизни сафарбар этишга ундади.

Дилфузахон АБДУЛЛАЕВА,

1-ДИУМ инглиз тили фани ўқитувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube