Марғилон шаҳрида бўлиб ўтаётган, бебаҳо меросимизни юксак руҳда тараннум этган “Буюк ипак йўли” халқаро фестивали ўз якуни етди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқди. Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида, шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда эътироф этилганидек, халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришда халқ дасталарининг ўрни ва ҳиссаси катта. Айнан шу каби истеъдодларимизнинг изланиш ва интилишлари туфайли ушбу санъат тури бутун дунёда шуҳрат топиб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Шу маънода, бугун Марғилон шаҳрида ўтказилган халқаро фестиваль халқимизга хос самимий меҳмондўстлик анъаналарини кенг тарғиб этиб, унда иштирок этаётган ҳар бир иштирокчи қалбида бир умр унутилмас таассуротлар қолдираётгани таъкидланди.

Ҳаяжонли дақиқалар. Фестиваль иштирокчиларини тақдирлаш жараёнида ғолиблар номи бирма-бир эътироф этилди.

Рағбат ҳар қайси соҳа вакилининг ривожланишига ва келгуси изланишларига туртки беради. Шуни инобатга олган ҳолда фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилди. 1-ўрин ғолиби 3500 АҚШ доллари, 2-ўрин ғолиблари 2500 АҚШ доллари, 3-ўрин ғолиблари 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.

Халқаро фестиваль ғолиби “Ибарат” мусиқий жамоаси (Қирғизистон) бўлди.

Шунингдек, энг яхши натижа кўрсатган жамоаларга турли номинациялар бўйича пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Улар сафида хориж давлатларидан ташриф буюрган иштирокчиларнинг борлиги диққатга сазовордир.

“Чодиржамол” халқ фольклор-этнографик жамоасига (Ўзбекистон, Фарғона), Пуревху Темуужин (Mўғулистон) ҳамда “CSPCS JAPAN”  (Япония) мусиқий жамоасига 2-ўрин насб этди.

3-ўринга “Инвожо” мусиқий жамоаси (Россия, Удмурдск Республикаси), “YEMURI Dance company” мусиқа ва рақс жамоаси (Корея Республикаси) ва “Yasaman Group Musician” мусиқий жамоаси (Афғонистон) сазовор бўлдилар.

Тақдирлаш маросимидан сўнг гала-концерт намойиш этилди. Унда халқимизнинг севимли санъаткорлари ва фолклор жамоаларининг ўз чиқишлари билан йиғилиганларга хушнудлик улашди.

Шубҳа йўқки, маҳоратли санъаткорлари, беназир санъат шинавандалари билан донг таратган Марғилон бу улкан халқаро анжуманни муносиб кутиб олди. Қадим ва навқирон шаҳар сифатида фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларига ўз меҳмоннавозлик, санъатсеварлик салоҳияти, имкониятларини намоён этди.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ          

Суратлар муаллифи: Муқимжон ҚОДИРОВ

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube