МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ — КЕЛАЖАК ИСТИҚБОЛИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 декабрь куни мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектр йиғилишини ўтказди. Унда Республикамизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, болалар боғчалари фаолиятини замонавий талаблар даражасида ривожлантиришнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш хусусида тўхталиб ўтди. Мухбиримиз шаҳримизда ушбу тизимда амалга оширилиши белгиланаётган муҳим ишлар ҳақида шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Жамилахон Аҳмедова билан суҳбатлашди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 16 август куни бўлиб ўтган йиғилишда мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, таълимнинг бирламчи бўғини катта ўзгариш ва ислоҳотлар олдида турибди.

-Дарҳақиқат, республикамизда Мактабгача таълим вазирлигининг тузилиши муҳим воқелик бўлди. Мана шу қадамнинг ўзи бизнинг ёш авлод билан боғлиқ орзуларимиз, эзгу мақсадларимизнинг тўла рўёбини англатади. Таассуфки, мамлакатимизда сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари 45 фоиздан зиёдроқ камайган. Болаларнинг мазкур даргоҳларда қамраб олиниши эса атиги 33 фоизни ташкил этмоқда.

Янги тузилган Мактабгача таълим вазирлиги олдига мактабгача таълим муассасаларининг давлат ҳамда нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кучайтириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда “Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Бугунги кунда шаҳримизда мавжуд 29 та давлат мактабгача таълим муассасасига 6751 нафар бола қамраб олинган. Ушбу соҳада ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган 2275 нафар мутахассислар меҳнат қилмоқда. Хусусан, шаҳримиздаги мактабгача таълим муассаларида фаолият кўрсатаётган кадрлар бўйича ҳам таҳлиллар кўриб чиқилмоқда. Юқори малакали педагог кадрлар ҳамда тарбиячиларни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш, соҳада ишлаётган раҳбарларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш орқали соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Ҳозирда шаҳримизда 2 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатади. Хусусий болалар боғчаларидаги алоҳида қулайликлар, намунали жиҳатлар ўзлаштирилиб, ўзаро тажриба алмашилади.

-Эндиликда мактабгача таълим муассасалари фаолиятида яна қандай ўзгариш ва янгиликлар, қўшимча имкониятлар жорий этилиши кутилмоқда?

Болалар боғчаларида ота-оналарнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олиб, 3-4 соатлик кичик гуруҳлар ташкил этилади. Муассасаларда давлат тили билан бир қаторда рус тили ва инлиз тилларини ўргатиш самарадорлиги оширилади. Мактабгача таълим муассасаларига малакали шифокорлар, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, санитария-гигиена воситалари ажратилади. Таълим муассасалари босқичма-босқич замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва зарур техника воситалари билан таъминланади. Шунингдек, ота-оналарнинг муассаса фаолиятидан қай даражада қониқаётгани, уларнинг талаб ва истакларини аниқлашртириш учун яширин тарзда сўровномалар олинади.

Бир сўз билан айтганда, 2021 йилга қадар замонавий янги боғчалар бунёд этиш, мавжудларини капитал таъмирдан чиқариш, тижорат банкларининг кредит маблағларини кенг жалб этган ҳолда давлат ва хусусий шерикчилик асосида янги боғча турларини ташкил этиш, таълим –тарбия, тиббий хизмат, рационал овқатлантириш сифат ва самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда мактабгача таълимга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш вазифалари давлат аҳамиятига молик долзарб масалаларга айлантирилди.

Бугун боғчаларимизда улғаётган болалар келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Жисмоний баркамоллик, ақлий етуклик ҳамда интеллектуал салоҳиятлилик каби умуминсоний фазилатларни уйғунлаштирган ҳолда камол топаётган болалар яқин келажакда ўз билимдонликлари ва жисмоний имкониятлари билан мамлакат иқтисодий тараққиёти ва илмий ресурсларининг янада бойишига хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош ўз мухбиримиз.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube