“Марғилон қадим санъат дарвозаси” китоби нашр этилди

Эртага, яъни 11 июль куни Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Нуфузли фестиваль учун махсус чоп этилган ушбу фото-альбом тарзидаги китоб “Фарғона” нашриёти томонидан 500 нусхада чоп этилди.

— Ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилинган ушбу китоб ёрдамида нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳлар ҳам қадим ва навқирон Марғилон ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши мумкин, — дейди “Фарғона” нашриёти директори Назиржон Ҳошимов. — Китоб ўзбек, рус, инглиз тилларида тайёрлангани боис жуда оммабоп бўлиши кутилмоқда. Китобда 50 дан ортиқ олимлар, санъатшунослар, тарихчилар, археологларнинг 300 га яқин рисолалари ва ишончли манбаларидан фойдаланилган. Маълумотлар тарихий архив фотосуратлар билан бойитилган. Чунончи, 19 аср охирларидаги Марғилон шаҳри ва унинг атрофларини акс эттирувчи тарихий ҳужжат — топографик харита нусхаси шаҳар ҳақидаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, Марғилондан етишиб чиққан санъат ва давлат арбоблари, ҳунармандлар, яшаш шароитлари, шаҳарликларнинг асосий машғулотлари ва турмуш тарзи ҳақидаги маълумотлар ҳар бир инсонда ёрқин таассурот уйғотади.

Айтиш керакки, Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестивалда 30 та хорижий давлатдан санъат усталари ва 80 та мамлакатдан сайёҳлар ташриф буюриши кутилмоқда. “Марғилон қадим санъат дарвозаси” китоби фестивалнинг нуфузли меҳмонлари, экспертлар ва номинация ғолибларига эсдалик совға сифатида тақдим этилиши режалаштирилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube