“Ҳисобчимиз нимагадир ойлик маошимдан ушлаб қолибди”, деган эътирозларга ўрин қолмайди

Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи-педагоглардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг аксарияти бухгалтерия соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар билан боғлиқ. Хусусан, ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ҳисоблашда, директор жамғармасидан устама ҳақ тайинлашда йўл қўйилаётган қонун бузилишлар педагогларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Бу таълим муассасаларининг бухгалтерия тизимида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар борлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-сон 3231-сон қарори бу каби муаммоларга барҳам бериш, ҳисоб-китоб хизматини такомиллаштириш сингари мақсадларга қаратилган.

Мазкур қарорга биноан умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади. Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилиши, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, товар, иш ва хизматларнинг харид қилиниши, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)дан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш каби вазифаларни бажаради.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида шу йил 31 октябрида Халқ таълими вазирининг Молия вазири билан келишилган “Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 346-сон буйруғи қабул қилинди. Низомда марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматининг вазифа ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Тошкент вилоятининг Бўка, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманлари ҳамда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида мазкур хизмат фаолияти синов тариқасида ташкил этилди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилиб, зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Ҳозир синов жараёни давом этмоқда.

Педагог-ходимларга ойлик маоши ва турли устамалар берилишида шаффофликни таъминлашга эришилади. Ҳар бир ўқитувчининг неча соат дарс ўтиши, унга тўланаётган иш ҳақи миқдори, директор фондидан тайинланаётган устамалар кимларга берилаётгани, умуман, бюджетдан ажратилаётган маблағнинг нимага сарфланаётгани ҳақидаги маълумотлар мактабдаги “Эълонлар тахтаси”га жойлаштирилиб, жамоага очиқ-ойдин кўрсатиб борилади.

Яна бир жиҳати, маошнинг педагог-ходимларга етказилишидаги янгиликдир. Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, “ЎзАСБО” электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади. Марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчилари қабул қилиб олган хужжатларни ҳисоб-китобини қилиб белгиланган муддатларда тумандаги барча ўқитувчининг банк пластик карточкасига ўз вақтида ўтказиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида  ёзилишича, натижада, ўқитувчилар ўртасида “Ойлик маошимни ҳалигача ололмадим, кечикаяпти” ёки “Ҳисобчимиз нимагадир ойлик маошимдан ушлаб қолибди”, деган эътирозлар келиб чиқмайди.

Манба: www.xs.uz

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube