НОРЕАЛ ҚАРЗДОРЛИК БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

Жиноятга жазо муқаррар

Қишнинг қировли кунларида инсонлар жонига малҳам бўлувчи бебаҳо бойлик — табиий газни аҳолига ўз вақтида, сифатли ҳамда аниқ ҳисоб-китоблар асосида етказиб беришга бевосита масъул шахс ҳисобланган айбланувчи Б.Разиков 2016 йилнинг 15 январь кунидан то судлангунга қадар “Водийгазтаъминот” УК Тошлоқ филиали раҳбари лавозимида ишлаб келган. Бироқ у ўзининг кундалик иш фаолиятига масъулиятсизлик билан ёндошиб, мансаб ваколатларини қасддан суистеъмол қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 мартдаги 132-сонли “2002-2004 йиллардаги уй-жой фондини газ ҳисобига олиш приборлари билан жиҳозлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2005 йил 26 мартдаги 132-сонли “Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида”ги Қарорлари талабларини қўпол равишда бузилишига йўл қўйган.

У 2016 йилнинг 15 январь кунидан жорий йилнинг 20 январь кунига қадар “Водийгазтаъминот” УК Тошлоқ филиалининг АСУ бўлими компьютер базасига ноқонуний маълумотлар киритиб, 188578мз яъни 459.664.968 сўмлик табиий газни истеъмолчилар гарданига юклаб уларнинг манфаатларига жиддий зарар етказган.

Суд мажлисида Тошлоқ тумани Заркент, Турват, Терактаги, Қанжирға, Янги йўл МФЙ вакиллари иштирокида ҳудуддаги хонадонлар танлов асосида ўрганилганлиги, аслида уларнинг газ тармоқларидан узилганлиги бироқ “Водийгазтаъминот” УК Тошлоқ туман филиали ходимлари томонидан филиалнинг АСУ бўлими компьютер базасига 199871 м3 яъни қиймати 47.222.314 сўмлик миқдордаги табиий газ аҳолига асоссиз ҳисоб-китоб қилинганлиги маълум бўлди. Шунингдек истеъмолчилар билан “Водийгазтаъминот” УК Тошлоқ туман филиалининг АСУ бўлими компьютер базасидаги рақамлар солиштирилганда 445 та аҳоли хонадонлардаги ГҲУ кўрсаткичлари 3503152 м3 ни, “Водийгазтаъминот” УК Тошлоқ туман филиалининг компьютер базасидаги кўрсаткичлар эса 5179067 м3 миқдорида эканлиги аниқланди. Натижада эса орадаги фарқ 1675915 мз дан иборат бўлиб, қиймати 412442653 сўмни ташкил этмоқда. Айбланувчи Б.Разиков “Водийгазтаъминот” УК Тошлоқ филиали мансабдор шахслари томонидан 1875786 мз 459.664.968 сўмлик табиий газ аҳолига аоссиз ҳисоб-китоб қилинганлиги, ҳозирда ушбу аниқланган нореал қарздорликлар тўлиқ кечилганлигини инобатга олган ҳолда судда енгиллик беришларини сўради.

Бироқ сўнгги пушаймон ўзингга душман… Жиноятга жазо муқаррар. Одил суд ҳукмига кўра айбдор Б.Разиков Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 1 (бир) йил муддатга давлат корхоналари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Абдубанноб МАНСУРОВ.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube