ЧЕ – ЖУН ОРОЛИДА АТЛАС ЖИЛОСИ

Хушхабар: Миллий ипак матоларимиз ЮНЕСКОнинг номоддий мероси рўйхатига киритилди

Ўзбек халқи қадимдан миллий анъана ва қадриятларга бой, ҳунармандчилиги кенг тараққий этган, ўзининг бетакрор халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг нодир намуналарини ярата олган ҳамда сержило тўқима матолари –асл ипак атласу адраслари билан дунёга машҳурдир. Халқимиз хунармандлари орасида оддийгина матолардан мукаммал санъат асари ярата оладиган қўли гул, маҳоратли устазодалар шу қадар кўп-ки, улар яратган буюмлар ўзбек ҳунармандчилигини дунёга тараннум этмоқда. Марғилонлик уста ҳунарманд, вилоят “Ҳунармандлар” уюшмаси раҳбари М.Мирзааҳмедов яратган ранго-ранг атлас матолари ҳам дунё аҳлини ҳайратларга солаётгани рост.

Аввалроқ халқ ҳунармандчилигининг чинакам жонкуяри, моҳир тўқувчи ўзи бошчилик қилган Марғилон миллий ҳунармандчилик марказининг ипак матоларни тайёрлаш услублари ва илғор тажрибасини ЮНЕСКОНИНГ жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритиш мақсадида Жанубий Кореянинг Че-Жун оролига жўнаб кетганлиги ҳақида хабар берган эдик. Тоза табиий толалар ва табиий рангларда товланаётган миллий матоларимиз кўргазма ярмаркаси билан халқаро нуфузли анжуманда иштирок этган М.Мирзаҳмедов кўзлаган эзгу ниятига эриша олди. Қувонарлиси, халқимиз севиб ардоқлайдиган, уни суюб киядиган ҳамда турли гўзал номлар билан атайдиган Хонатласу хосиятхон атласларимиз ЮНЕСКОнинг номоддий мерослар рўйхатига киритилди.

Нафақат вилоятимизда балки бутун Республикамизда марказнинг илғор иш тажрибасини оммалаштираётган ҳунарманд йигит Республикамиз Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги”Фармонини ниҳоятда катта қувонч билан кутиб олди. Чунки у уста-шогирд анъаналарини янада кенгайтириб, ҳунарга иштиёқи баланд, мустақил ноёб буюмлар ярата оладиган ёш йигит ва қизларни марказга тўплаб, уларнинг иқтидорларини янада орттириб, Риштон кулолчилиги ва шаҳримиз тўқимачилигини ривожлантириш йўлида ўзининг салмоқли қадамларини ташлаган эди. 1313 нафар заргар, мисгар ёғоч ўймакори, пичоқчи, темирчи каби 34 та йўналиш бўйича уста ҳунармандларни ўз сафида жипслаштирган вилоят ҳунармандлар маркази 2018 йилнинг 2 чорагида яна 600 та янги ишчи ўринлари яратиш мақсадида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқди.

Ўзбек ҳунармандчилигининг нодир намуналарини абадиятга муҳрлаётган, унинг асрлар оша бўйлаши учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган М.Мирзааҳмедовнинг изланиш ва интилишлари асло бесамар кетмас. Унинг ойдин йўли нафақат бугунги, балки келажак ҳунармандларининг йўлини ҳам нурдек ёритиб, аждодлар меросини авлодларга безавол етказишга хизмат қилади.

Мастурахон САИДМУРОДОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube