ЛИБОС ҚАЛБ КЎЗГУСИ

Юртимиз жаннатмонанд. Бир йилда тўрт фасл ўз зийнати, таровати, саховати, фазилатини намоён этади. Халқимиз мана шу жаннатдек юртимиз иқлимига қараб асрлар давомида миллий уст-бошларини шакллантирган. Қўли гул юртдошларимиз атлас кўйлаклари, беқасам, зарбоп чопонлари, оппоқ пахтадан тикилган яктаклари-ю Марғилон, Чуст дўппилари билан дунёга довруғ таратган.

Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисалар миллий қадриятларимизни асраш борасида барчамиз ҳамжиҳат ҳаракат қилишимиз зарурлигини кўрсатяпти. Муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган турли экстремистик ғоялар тарафдорлари ёшлар ва аёлларни ўзларига эргашишлари учун миллий урф-одат ва анъаналаримиздан мосуво қилиш, уларни манқуртларга айлантириш йўлини танлаяптилар. Мисол сифатида айрим аёлларимиз, қизларимизнинг ҳижобга ўралиб юришларини келтириш мумкин.

Бугун «оммавий маданият» касридан бозорларимизга кириб келган ана шу тақлид кийимлар қизларимизни ўзига жалб этиб, одобсизлик, ҳаёсизлик кўчаларига етаклаб қўяётгани ачинарли ҳол бўлмоқда. Бу ўринда ҳижобга киришнинг миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримизга мутлақо зид эканлиги ҳақида фикр юритмоқчимиз.

«Тадбиркор»ларимиз бозорларимизга турли Шарқ давлатларидан келтирилган, кийиниш урфимизга, момоларимиз қадриятларига мутлақо номуносиб бўлган либослар олиб келмоқдалар. Табиийки, уларни харид қилувчилар ҳам топиляпти. Қоп-қора, ерни супуриб юрадиган даражада узун, қаватма-қават, бурканиб юришга мос либослар ўсиб келаётган авлод тарбиясига салбий таъсир этмайди, деб бўлмайди. Истаймизми-истамаймизми, бундай либослар одамларнинг кайфиятига ҳам салбий таъсирини ўтказади. Янада ачинарлиси, юқоридагидек европача ёки арабча, туркча ва ҳоказо либослар ўзимизга хос миллий либосларимиз бардавомлигига путур етказмай қолмайди-ку! Ахир ўзбегимнинг хонатлас, адрасларига замонавийлик бахш этиб, ўзбекона тикилган либосларига, дўппиларига бутун дунёнинг ҳаваси келади.

Либосларнинг тор-кенглигида ҳам ўртачалик меъёрга амал қилиниши мақбул ҳисобланади. Шу ўринда, айрим оналарга икки оғиз аччиқ гапларимизни ҳам айтиб ўтишга тўғри келади: қизингиз ёшлик қилиб шундай либослар олиб беришни сўрар. Сиз-чи нима учун калта, тор-танқис, елкалари очиқ ҳолда ёки рўмолга бурканиб кийиниш миллатимиз қизларига муносиб эмаслигини ўз фарзандингизга уқтира олмайсиз? Ахир бундай ҳолат миллатимиз қадриятига мос эмас-ку!

Азиз тенгдошларим, момоларимиз, бувиларимиздан қолган азалий либосларимиз бугунги кун руҳини ўзида мужассам этган ҳолда эъзозлансин. Миллий либосларимиз ҳам аслида чинакам ватанпарварлик белгисидир. Либосларимиз қалбимиз ойнаси эканлигини асло унутмайлик…

Шахлохон ҲАСАНБОЕВА,

15-мактаб ўқувчиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube