НАФС БАНДАЛАРИ

НАФС БАНДАЛАРИ

ёки Ободонлаштириш бошқармасидаги найранглар

Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Зотан, у қайси кўринишда бўлмасин барибир давлат қонунларини менсимаслик ва унинг бузилишидан келиб чиқади. Ҳаётда айрим инсонлар ўзлигидан кечиб, нафснинг йўлидан юради. Турли ноқонуний йўллар билан бўлса-да ўзининг ғаразли мақсадига эришади…

Шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи М.Мўминов ҳам ўз жамоасида туппа-тузук ишлаб юрган эди. Нафс балоси каби шайтоний васвасага учди-ю…

Судланувчи М.Мўминов лавозимини суистеъмол қилиб, қўл остидаги ходими, бош-
қарманинг йўл устаси Э.Орипов ҳамда “Равон йўл қурилиши” МЧЖ раҳбари Л.Назаров билан олдиндан жиноий тил бириктиради. Улар йиллик манзилли дастур асосида асфальтлаштирилиши кўзда тутилаётган шаҳардаги 18 та кўчаларда таъмирлаш ишларини амалга ошириши лозим эди. Бироқ, уюшган жиноий гуруҳ ўз манфаатларини кўзлаб, аслида бажарилмаган 17.084.300 сўмлик таъмирлаш ишларини далолатномаларга киритиб, давлат бюджетини талон-тарож қилишади. Бундан ташқари, шаҳримиздаги Нилуфар кўчасида ҳам 22.223.900 сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса-да, уни ошириб кўрсатишиб, гўёки 35.090.400 ишлар бажарилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузишади. Жиноятчилар қинғир ишларини давом эттириб, шаҳримиздаги Мустақиллик кўчасига 10.494.200 сўмлик қийматида асфальт ётқизилиши режалаштирилган бўлса-да, улар ўзбошимчалик билан бу асфальтлаштириш ишларини Сўфи Оллоёр кўчасида амалга оширишади ҳамда ўн миллионга яқин давлат маблағини мақсадсиз сарфлашади. Бажарилган ишларнинг кўлами назоратга олинганда эса 5.326.200 сўмлик ишлар сифатсиз амалга оширилганлиги ҳам аниқланади. Энг ачинарлиси айбланувчилар ўзлари ясаган сохта маълумотлар орқали давлат бюджетига яна 12.866.500 сўм миқдорида моддий зарар етказади.

Судда судланувчилар айбига иқрор бўлиб, давлатга етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлигини, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдириб, енгиллик беришларини сўради.

Суд судланувчиларга жазо тайинлаб, уларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167 -моддаси 2-қисми в.г бандлари ҳамда 209 модданинг 1-қисми билан айбдор деб топади.

Минг шукр, давлатимиз инсонпарвар, қонунларимиз адолатли . Ҳар икки айбдор ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғриси”даги қарорига асосан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар мавжудлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖК-нинг 70-моддасига асосан жазодан озод этилди.

Маълумки, Давлат бюджети халқ турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилади. Унинг бир сўмини ҳам беҳуда сарфлашга ёки чўнтагига уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Нажмиддин ПОЛВОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти шаҳар бўлими инспектори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube