Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи шаҳар Кенгашининг ёшлар ва ота-оналарга МУРОЖААТИ

Муҳтарам ота-оналар, қадрли ёшлар!

Бугун дунёда содир этилаётган турли хил террористик ҳаракатлардан хабарингиз бор. Афсуски, унинг иширокчилари ичида ёшларнинг ҳам борлиги жуда аянчли ва ачинарлидир.

Ўзбекистонда ёшлар учун барча шароитлар яратилган, имконият эшиклари очиқ. Бу қулайликлардан унумли фойдаланган ёшлар спорт, фан, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритмоқдалар.

Бироқ, орамизда  бу имконият ва шароитлардан фойдаланмай, адашиб юрган, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этаётган ёшларимиз ҳам учрамоқда. Бу биз учун жуда катта иснод, халқимиз ва давлатимизга том маънодаги хоинлик, хиёнатдир.

Мактабга, коллежга дарсга бормай, ота-она назоратисиз интернет клубларда, тунги ресторанларда саёқ юрган баъзи ёшлар бугун ўз келажагига болта уряпти. Билиб-билмай, гумроҳларча ўғирлик, товламачилик, босқинчилик ва бошқа турдаги оғир жиноятларга қўл уриб, гулдек умрини хазон қилмоқда.

Азиз тенгдошлар!

Биз аввало, ўз тақдиримизга, қолаверса, тенгдошларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик. Бизнинг нурафшон келажагимиз ҳали олдинда.

Таҳлиллар натижасига кўра, аксарият жиноятлар бекорчилик сабаб содир этилмоқда. Бўш вақтимизни билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва фойдали меҳнатга сарфлайлик. Биз ёшлардан вояга етказган ота-онамизнинг, нон-туз бериб улғайтираётган Ватанимизнинг умиди катта.

Биз, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи тенгдошларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни иш билан таъминлаш учун масъулмиз. Бу борада ёшлар учун барча имкониятларни яратиб беришга шаймиз. Мухтарам Юртбошимизнинг “Мард ўғлонлар” давлат мукофотини таъсис этиши   мамлакатимизда буюк аждодларимизга муносиб бўлган, мард ва жасур, қатъиятли  ва ҳалол, ватанпарвар ва эътиқодига содиқ ёшлар камол топаётганидан далолат беради.

Азиз ёшлар!  Шаҳримиз ёшлари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик содир этилишининг олдини олайлик. Бир эзгу мақсад йўлида бирлашайлик. Ўз салоҳиятимизни, куч-қудратимизни Ватанимиз ривожи ва равнақи йўлида сафарбар этайлик. Тенгқурларимиз келажагига бефарқ бўлмайлик. Ота-онамиз ва Ватанимиз ишончини оқлайлик, уларга таянч ва суянч бўлайлик!

Ҳурматли ота-оналар!

Ҳар биримиз фарзандимизнинг тарбияси учун масъул эканлигимизни унутмайлик. Зеро, фарзанд ота-онанинг юзи, унинг ор-номусидир. Фарзандларингизнинг ким бўлиши, аввало, сизларга боғлиқ. Президентимиз айтганларидек, ўз болангизни, ўзингиз асранг!

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube