ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда хотин-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда.

Республикамизнинг барқарор тараққиётида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, имкониятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашишга қаратилган “ЎзХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танлови ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири сифатида тобора оммалашиб бормоқда.

Мамлакатимиз Асосий қонуни қабул қилинганлигининг 25 йиллик айёми арафасида ана шу оммавий кўрик-танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Партия ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни самарали адо этишда аёллар фаоллигини ошириш, мавқеини мустаҳкамлаш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни партия тизимига жалб қилиш, кадрлар захираси таркибига киритишга қаратилган танловнинг шаҳар босқичида ижтимоий ҳаётда фаол, атрофдагиларга ҳар томонлама ибрат бўла оладиган маслакдош хотин-қизлар иштирок этдилар. Улар кўрик-танлов шартида белгиланган хотин-қизлар учун барқарор иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, “Аёллар сиёсий фаоллиги – фуқаролик жамиятининг муҳим шарти”, “Ижтимоий ёрдамга муҳтожликдан – фаровон турмуш сари” лойиҳалари бўйича ўз ғоя ва фикрлари, режаларини синовдан ўтказишди.

Қизиқарли, дадил ва инновацион лойиҳалар, ғоялар баҳсига айланиб кетган танловда шаҳар умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия муассасалари, касб-ҳунар коллежларининг фаол, ҳаракатчан партия аъзолари ўз йўналишлари бўйича қатнашишди. Якунда 10-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Х.Ғофурова, 18-мактабгача тарбия муассасаси тарбиячиси З.Абдулаҳатова, Маиший хизмат кўрсатиш ва сервис коллежи ўқитувчиси Д.Мўсиновалар ажойиб лойиҳалари ҳамда ғоялари билан ҳайъат аъзоларининг юқори баҳоси ва томошабинлар олқишига сазовор бўлишди. 1-ДИУМ ўқитувчиси Б.Охунбобоева “Партиянинг энг зукко фаол аёли” номинацияси совриндори бўлди. Кўрик-танлов шаҳар босқичининг ғолибларига, шунингдек барча йўналишлар бўйича фаол иштирокчиларга шаҳар ҳокимлиги, ЎзХДП шаҳар Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Муҳаммаджон МИРЗАЕВ,

ЎзХДП шаҳар Кенгаши раиси.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube