ТЕКИН ТАОМ ТОМОҚ ТЕШАР

Одамизотнинг  ҳаёт йўллари икки йўлдан иборат. Биринчиси тўғри йўл яъни, халол, ҳаромдан ҳазар қиладиган, онгли фикрлайдиган, маънавияти юксак инсонлар йўли. Иккинчиси эса эгри йўл. Нафс балосига йўлиққан, ўзганинг ҳақидан ҳамда яратган эгамнинг жазосидан қўрқмайдиган эътиқоду диёнати суст  кимсалар йўли…

Шавкатжон ҳам давлат, халқ ва ишчилар ҳақига хиёнат қилмайдиган, соф-
дил ва адолатли раҳбар эди. Йиллар ўтиб, вужудининг тубида яшириниб ётган ортиқча ҳою ҳавас, нафс деган жирканч иллат бош кўтарди-ю шайтоннинг оғули васвасасига учди. Ҳаром луқма томоқ тешар, деган халқ нақлини унутиб, жиноятга қўл урди. Мисқоллаб йиққан обрўси, бир зумда сариқ чақага айланди…

Шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Ш.Одилов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) бошқарма ишчилари устидан умумий назоратни амалга ошириш, мавжуд техника воситалари, механизмлар, иш ҳақи фонди, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа товар моддий бойликларидан мақсадли, унумли ва тежамкорлик билан фойдаланиш, шунингдек, корхонадаги барча молиявий ҳисоб-китобларнинг ҳаққоний ва қонун талаблари асосида  юритилишига масъул бўлгани ҳолда мансабини суистеъмол қилиб, эгри, лаънатланган йўл-жиноятнинг манфур кўчасига кирди. У  жиноий шериклари бошқарманинг фаррошлар бригадри Н.Эргашев, бош ҳисобчиси М.Эрматова ва иш ҳақи ҳисобчиси Н.Неъматова билан олдиндан тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори  билан тасдиқланган “Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига зид равишда 2013 йил давомида 335 нафар ишчи ходимларга 53.045900 сўм, 2014 йил давомида эса 332 нафар ишчи ва ходимларга 26.347.300 сўм, 2015 йилда эса 328 нафар ходимларга 59.222.100, 2016 йилнинг биринчи чорагида эса 134 нафар ишчи ходимларга 10.766.700 сўм, яъни жами 149.382,0 сўм миқдорида моддий рағбатлантириш тўловларини тўлаб, давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишган.

Ш.Одилов бошлиқ уюшган гуруҳ жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2013-2015 йиллар ҳамда 2016 йилнинг 4 ойи давомида “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланган  26 нафар ишчи ходимларга ноқонуний мукофот пули тўлаб, давлат ғазнасига 6.521.300 сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Раҳбар халқ ва давлат ишончини суистеъмол қилиб, қўл остидагиларни нотўғри йўлга бошлаб, уларни  жиноят кўчасига етакласа, носоғлом муҳит илдиз отиб,  иллатлар урчиб бораверади. Шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида ҳам жиноий ишларнинг кўлами кенгайиб, улар турли кўринишларда давом этаверди. Давлат ва ўз бошқармаси манфаатларига катта миқдорда моддий зарар келтирган мансабдор шахс ва унинг ҳамтовоқлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-, 205-, 209-, 2101-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, қилмишларига яраша жазоландилар.

Нажмиддин ПОЛВОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти шаҳар бўлими инспектори.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube