БАЛЛИ,  ЧАРМ ҚЎЛҚОП  УСТАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги байрамига фарғоналик боксчилар муносиб туҳфа ҳозирлашди. Улар Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 11 та медаль жамғаришиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлдилар.

Шаҳар темир йўл шоҳбекатида вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, иқтидорли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мамлакат чемпионатида юқори ўринга эга бўлган спортчиларни кутиб олиш маросими катта тантанага айланиб кетди.

Тантанада вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев юртимизда Президентимиз ташаббуси билан ёш авлод камолоти йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Фарғонада ҳам Олимпиада ўйинлари совриндорлари, Ўзбекистон чемпионати ғолиблари етишиб чиқаётганлигини фахр билан тилга олди. Рес-
публика чемпионатида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар ва уларни тарбиялаётган устоз-мураббийларга пул мукофотлари, эсдалик совғаларини тақдим этди.

– Ўзбекистон чемпионати ҳар йили миллий терма жамоа сафига кучлиларни саралаш учун хизмат қилади, – дейди, вилоят бокс Федерацияси раиси ўринбосари Ахтам Раҳмонов. – Бу баҳслар муросасиз кўриниш ҳосил қилиши билан ҳеч бир халқаро мусобақалардан қолишмайди. Республикамизнинг энг кучли деб топилган чарм қўлқоп усталари мазкур учрашувда яна бир карра ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Олимпиада ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, жаҳон ва Осиё чемпионлари, миллий терма жамоамиз сафидан жой олган боксчилар иштирок этган бу мусобақада ёш спортчиларимиз Фарғона бокс мактаби кучли эканлигини ўз ютуқлари билан исботлаб беришди.

Ҳа, Фарғона вилояти терма жамоаси таркибидан жой олган вилоятимиз ёшлари нуфузли беллашувда яна бир карра жиддий синовдан ўтиб, барчанинг ҳавасини келтирувчи натижани қайд этишди. 32 нафар спортчилар 4 та олтин, 7 та бронза медалини қўлга киритиб, вилоятимизда бокс кун сайин тараққий этиб бораётганлигини амалда исботлай олдилар!

– Вилоят ҳокими бошчилигида тантанавор кутиб олинишимиз, бу каби тадбирлар руҳиятимизни кўтариш билан бирга, шижоатимизга янада шижоат қўшади, эртанги кунга бўлган ишончни орттириб, ҳамиша олға қадам ташлашга ундайди, – дейди бронза медали соҳиби Акмал Қосимов.

Ўзбекистон чемпионатида мутлоқ ғолибликни қўлга киритган ёшларимиз халқаро мусобақаларда ҳам Фарғона шаънини юксак шараф ила ҳимоя қилишларига ишонамиз.

Соҳибахон АБДУРАҲМОНОВА.

Бўлишинг!
Share On Facebook
Share On Twitter
Share On Google Plus
Share On Linkedin
Share On Youtube